4:45

Эрингизнинг сизга бўлган мухаббатини орттириш

MP3

Ассалому алайкум азиз ва мехрибон опалар, сингиллар. Сизлар билан сухбатлашиш имкони бор экан бундан хар доим хурсандман. Хар бир аёл севишни ва энг асосийси севилишни истайди. Кимгадир севимли инсон бўлиш жуда ёқимли. Бундай пайтда киши ўзини бахтиёр ва кам-кўстсиз хис қилади. Оила муқаддас. Бу сўзни кўп бора эшитганмиз. Чуқур назар ташлайдиган бўлсак, бу муқаддаслик тушунчаси ортида пок ва беғубор севги бор. Ўша мухаббат орқали оила муқаддас бўлади. Оилада эр-хотин бир бирини севса, айнан бир-биримиз учун яратилганмиз, деб хис қилса, бундай оила хар доим мустахкам бўлади. Бироқ севишиб турмуш қурганлар хам бир кун келиб, турмуш ўртоғига нисбатан совуқ бўлиб қолганларини хис қилишади. Оилада севги олови ўчмаслиги учун нима қилиш керак? Мухаббатга тўла мустахкам оила яратиш учун нима қилиш лозим? Шу саволга жавоб излашни Муқаддас Каломдан бошласак. Унда шундай сўзлар бор: «Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади”. Бир оиладаги эркакнинг хотинига бўлган хислари ва унга қараб туриб ўйлаганларига қараб чиқайлик. Темур эрталабки нонушта пайтида хотини Рухсорага қараб туриб: «Нега унга уйландим-а?! Унга қарасам хеч қандай севгини хис қилмайман”. Темурдаги бу “касаллик”ни бир икки дона дори билан тузатиб бўлмайди. У бу фикрга дарров келмаган. Калласида шундай фикр пайдо бўлгунга қадар у хотинининг турмуш қурганларидан буён анча ўзгарганига кўниколмай юрган. Ўтган саккиз йил ичида хотини анча ўзгарди. Кўпгина эрлар уйланаётганларида ва ундан кейин хам хотиним хозир қандай бўлса, кейин хам шундайлигича қолади, деб ўйлашади. Хотинларидан шундай бўлишни кутишади. Бироқ аёл киши оила қургач, кўп нарса ўзгаради. Оилада фарзанд дунёга келганидан кейин эса аёлдаги романтик хислар камаяди. Аввал мухаббати фақат эрига қаратилган бўлса, энди фарзандига мухаббат кўрсатади. Оилада эр фарзанддан кейин иккинчи даражали бўлиб қолади. Бу холатни кўпчилик нормал деб қабул қилиши табиий. Чунки шундай фикрлашга ўрганиб қолганмиз. Аммо эрингиз сизни доимо севиши учун унга кўпроқ мухаббат кўрсатишинигиз керак. Албатта фарзандга етарли мухаббат кўрсатиш керак, бироқ бу билан эрингизга бўлган мухаббатингиз камайиб қолмасин. Агар сизда эрингизга ёққан аввалги хислатлар йўқолганини ёки йўқолиб бораётганини сезиб қолсангиз, уни дархол тикланг. У сизни нима учун ёқтирганини ўйлаб кўринг. У сизга қарашни, сизнинг ортингиздан юришни бошлаган бўлса, демак унга ёқадиган бир нечта хислатингиз бўлган. Шунинг учун хам у сизга уйланди. Балки у сизнинг ташқи гўзаллигингизни ёки характерингизни ёқтириб уйлангандир. Агар сиз у ёқтирган хислатларни йўқотсангиз, унинг сизга бўлган мухаббати хам пасайиши мумкин. Ташқи гўзаллик вақт ўтиши билан хира тортади. Фақат ташқи гўзаллигига қараб севадиган эркаклар, нақадар нодон бўлади, дейишдан бошқа иложим йўқ. Бу фикрга сиз хам қўшилишингизга ишонаман. Аммо сизда унга ёқадиган бир нечта сифатлар бўлса, ўша сифатларни ривожлантиринг, сақлаб қолинг. Турмуш қургандан кейин эр-хотин суткалаб бирга бўлишади. Чиройли кийинмаган, пардоз қилинмаган, таралмаган хуллас хар хил холатлар бўлади. Бу холатлар эса эрни ёки хотинни зериктириши мумкин. Йиллар ўтиб сизнинг ўрнингизни бошқа биров эгалламаслиги учун нима қилиш керак? Сиздаги ички гўзалликни орттириш, ташқи ёқимтойлигингизни ошириш учун нима қилиш керак? Эрингиз юрагида мухаббат оловини ёқишнинг бир нечта йўллари бор. Аёлдаги романтик муносабатлар тўйдан кейин камаяди, бироқ йўқолиб кетмайди. У аввалгидек вақти-вақти билан романтик муносабатларни қўмсайди. Шундай холатда аёл бу муносабатни биринчи бўлиб эри бошлашини истайди. Бироқ у кутганидек бўлмаса, нима қилади? Шубхасиз хафа бўлади. Аччиқланади. Бу ачиқланиш унда эрига нисбатан совуқликни олиб келади. Энди айтинг-чи, муносабатлари совуқ аёл билан яшашни қайси эркак хохлайди. Романтик муносабатларни у бошлаб бермаса нима бўпти? Сиз ўзингиз бошлаб кўринг. Хар сафар хар хил усулларни қўлланг. Сиз харакатларингизга рад жавоби олсангиз хам хафа бўлманг. Шунчаки уни севишингизни ва ўз мухаббатингизни унга бошқача йўл билан изхор қилмоқчи эканингизни кўрсатинг. Муносабатларни яна хам романтикроқ қилишнинг минглаб усуллари бор. Бу усулларни билишни истасангиз, бизнинг кейинги сухбатимизни тингланг. Агар сизни аёллар мавзузи қизиқтирса, бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. Мен Лола эса Яратгандан қалбингизга сўнмас севги сўраб қоламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top