Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Мен Лола бундан 6-7 йил олдин, фарзандга бўлган муҳаббатнинг қандай бўлиши ёки уни ифодалашнинг ҳам ўз усуллари борлиги ҳақида умуман билимга кўникмага эга эмасдим. Фарзандларим туғилиб, уларга ғамхўрлик қилиш билан бирга тарбияларига ҳам эътибор қилиш баробарида, китоблар ва ўзимдан ёши каттароқ аёлларнинг маслаҳатлари ёрдамида бола тарбияси ва унга муҳаббат кўрсатиш борасида анча-мунча нарсаларни ўрганиб олдим. Фарзандига яхши муносабатда бўлиш билан уни севиш ўртасида катта фарқ бор экан. Ундан ташқари фарзандга бўлган муҳаббатни ифодалашнинг имконияти тўрт таркибий қисмдан ташкил топган бўлади:
Ўзаро нигоҳ алмашинув.
Жисмоний ҳаракатлар.
Фарзандга эътибор қаратиш.
Интизомга ўргатиш.
Буларнинг ҳар бир фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Аксарият ота-оналар ўз меҳрини ифода этишнинг бир ёки икки усулини тан оладилар-да, қолганларига диққат қилмайдилар. Айниқса, ҳозирги кунда интизомга асосий диққат-эътибор қаратилган бўлиб, юқорида баён этилган бошқа таркибий қисмлар назардан четда қолиб кетмоқда. Мен ўта интизомли, аммо ўзини «севимли эмасман» деб ҳис қилувчи болаларни ҳаётимда кўп учратганман. Ота-оналар интизомга ўргатиш билан жазолашни бир нарса деб тушунадилар. Ҳаётда интизом ва жазолашни аралаш қўллаб қаттиқ янглишадилар. Баъзилардан болани тарбиялашда камар ёки бошқа жисмоний воситалардан фойдаланиш кераклигини кўп эшитганман, лекин шундай фикрдаги одамларда болани севиш хусусида ҳеч қандай тушунча, болаларга эътибор йўқ.
Боланинг ўзи ҳақида ижобий, тўғри фикрлаши, ота-она, ва бошқалар билан муносабатда бўлиши ҳамда болани руҳлантириш лозимлиги ҳақида улар ҳеч бир гап айтмайдилар. Қаттиқ интизом остида тарбия топган болаларнинг ҳаётини кузатаман. Бундай болалар кичик ёшдалигида ўзларини жуда яхши тутадилар, камгап, осойишта нигоҳ ташлайдилар. Уларда меҳр-оқибат кўриб ўсган болалардаги каби табиийлик, ҳаётга қизиқувчанлик, қувноқлик кўзга ташланмайди. Бунинг натижасида улар ўсмир ёшига бориб ўжар ва қайсар, бошқарилиши қийин бўлган болаларга айланадилар. Сабаби улар болалигида ота-оналари билан мустаҳкам руҳий алоқада бўлмаганлар.
Ўзаро нигоҳ алмашинув ҳақида биринчи марта фикр юритаётган бўлсангиз, бу усул бола билан бўлган мулоқотда унчалик аҳамиятга эга эмасдек туюлади. Бироқ бу нарса болани тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзимиз билмаган ҳолда ўзаро нигоҳ алмашинув орқали меҳримизни ифода этишнинг биринчи усулидан фойдаланамиз. Бола ота-онасининг кўзига «руҳий бўшлиғини» тўлдириш умидида қарайди. Агар бу мавзу сизни қизиқтириб қўйган бўлса бизнинг кейинги суҳбатларимизни тинглашда давом этинг. Энг муҳими сиз бизнинг www.najot.com сайтимиздан ўзингизни қизиқтирадиган энг яхши маълумотларни олишингиз мумкин.