4:10

Фарзандларимизни Худога олиб келиш

MP3

Азиз аёллар. Биз сизлар билан бир неча марта художўй аёл бўлиш ҳақида ва Худо аёллардаги қайси сифатларни қадрлаши ҳақида жуда кўп бора гаплашганмиз. Биз аёллар ва эрларимиз Худога қанча яқин бўлсак, бизнинг фарзандларимиз ҳам Худони таниб билишлари ва шахсан Худо билан яқин бўлишлари керак. Бу учун эса асосий жавобгарлик биз оналарнинг қўлида. Албатта бу ишга оталар ҳам жавобгар, аммо кўпроқ вақтини болалар билан ўтказадиган биз аёллар бўламиз. Оталар эса кўпинча оила боқиш учун ишлар билан банд бўлади. Фарзандларимизга қараганимизда, Худованд уларни бизга нима учун берганини ҳам ўйлашимиз керак. Уларни бизга совға қилиб бериш билан баробарида уларга Худо ҳақида ўргатиш, уларни Худонинг йўлида гўзал инсонлар қилиб ўстириш жавобгарлигини ҳам берган. Улар ёшлигидан то улғайгунларига қадар биз уларга тўлиқ жавобгармиз. Уларга Худо ҳақида ўргатишимиз ва Худо билан шахсан муносабат ўрнатишни ҳаётда кўрсатишимиз керак. Муқаддас Каломда Исо Масиҳ болаларни марҳаматлагани ҳақида ўқиган ҳар бир она бундан таъсирланиши табиий. Буни ўқиганимизда ўша болалардан бирининг онаси мен бўлсам эди, деган ҳаёл кечиши ҳам мумкин. Агар шундай бўлганида У Ўзининг меҳрибон қўллари билан боламнинг бошини ва силаб қучоғига олгани ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган воқеа бўлган бўларди. ХАтто ўша пайтда ҳам оналарга жуда кўп тўсиқлар бўлган. Болаларини Исонинг олдига олиб келишга ҳаракат қилган оналарга Унинг атрофидагилар қаршилик қилишган. Исони тинч қўйишлари учун болаларни ҳам оналарни узоқроққа ҳайдашга ҳаракат қилишган, аммо Исо уларни кўргач, шогирдларини койиб, болаларни олдига олиб келиб, уларни марҳаматлаган. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Исо деди, Болаларни қўйинглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар. Зеро Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.” Ҳозир бизнинг ҳаётимизда ҳам болаларимизни Худога олиб боришимизга тўсқинлик қилаётганлар борми? Балки йўқ деб ўйларсиз. Аммо яхшилаб ўйлаб қарасангиз тўсқинликлар жуда кўп. Бу бизнинг ишимиз, ишимиздан ташқаридаги баъзи бир режаларимиз, атрофимиздаги одамлар (чунки баъзида уларга кўпроқ вақт ажратиб болаларимизга кўпроқ эътибор бериш кераклигини унутиб қўямиз). Ҳатто ўзимизнинг Худо билан етарлича муносабатда бўлолмаслигимиз ҳам болаларимизга У ҳақида ўргатишимиз, Унинг олдига олиб боришимиз учун тўсиқ бўлиши мумкин. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, агар болаларимизни Худонинг олдига олиб борсак, У фарзандларимизни қанчалик кўп марҳаматлар ва уларнинг бошини силаган бўларди. Аммо ҳозир ҳам биз буни чин дилдан истасак, буни қилиш учун вақт ҳам имконият ҳам топамиз. Биз болаларимиз билан ўтирганимизда улар билан бирга Худо ҳақида қўшиқлар куйлашимиз, улар билан бирга Муқаддас Калом ўқишимиз ва Худо ва одамзод ҳақида турли хил мавзуларда суҳбатлашишимиз мумкин. Қадимда Худованд Исроил халқига фарзандларга Худованд ҳақида ўтирганда ҳам, юрганида ҳам, ётганида ҳам ўргатишини буюрган. Бу бекорга эмас. Ҳар бир имонлининг фарзанди Худони билиши ва Унга келажакда хизмат қиладиган фарзанд бўлиши керак. Бунинг учун эса имонли ота-она жавобгар. Агар сиз оилада Худованд билан инсон ўртасидаги муносабат ҳақида кўпроқ суҳбатлар олиб борсангиз, бошқа оилалардаги каби бемаъни мавзуда гаплашишга ҳеч қандай ўрин қолмайди. Кўчада болаларимиз билан сайрга чиққанимизда ҳам атрофимиздаги табиат, унинг Яратувчиси ва Яратувчининг ҳислатлари ҳақида суҳбатлашиб сайрни ҳам мароқли ва мазмунли ўтказишимиз мумкин. Уларни ўринга ётқизишдан олдин, Улар билан бирга Худовандга ибодат қилинг. Кечаси ухлаганларида Худованд уларга яхши дам бериши, уларнинг жонини саломат сақлаши, кейинги кун учун куч бериши учун ибодат қилинг. Сизнинг бу ҳаракатларингиз орқали болангиз Худо билан яқинлашади. Аста-секин У билан ўзи мулоқот қила оладиган бўлади. Бу бизнинг маслаҳатларимиз ҳолос. Истасангиз уларга ўзгартиришлар киритишингиз мумкин. Бу сизнинг яратувчанлигингизга боғлиқ. Энг муҳими сиз ажойиб онасиз шуни эсингиздан чиқарманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top