Ассалому алайкум. Ҳақиқатларни билиб олишда давом этамиз. Чунки бу ҳақиқатлар бизни душманимиз алдовларидан ҳалос этади.
8. Масиҳнинг қони ҳар қандай гуноҳдан ҳалос этади. Масиҳнинг қони ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги гуноҳларни ювади. Бу билан гуноҳ қилаверсам бўлади, деб ўйламанг. Аксинча, Масиҳнинг қони гуноҳларимизни ювишини англаган ҳолда, камтарлик билан Худонинг йўлида юришимиз керак. Забур китобини ёзган Довуд пайғамбар гуноҳнинг нақадар жиддийлигини англаган. У шундай деган эди: «Сен гуноҳларни ҳисобга олсанг, ким ҳам тура олар экан? Бироқ Сен кечиримлисан, шу сабаб эл Сендан қўрқсин». (Заб 129:3-4).
9. Ўтмишим менга оғриқ етказмаслиги керак. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Наҳотки билмасангизлар? Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар. Адашманглар, на зинокорлар, на бутпарастлар, на фоҳишабозлар, на баччабозлар, на баччалар, на ўғрилар, на таъмагирлар, на ичкиликбозлар, на ҳақорат қилувчилар, на талончилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар. Сизлар баъзиларингиз шундай эдингизлар. Ва лекин сизлар ювиндингиз, ва лекин муқаддас бўлдингиз, ва лекин Раббимиз Исо Масиҳнинг номи ва Худойимиз Руҳи билан оқландингиз.» (1 Кор 6:9-11). Бу оятда гуноҳ чиндан ҳам одамни Худодан узоқлаштириши Масиҳ эса энг умидсиз гуноҳкорни ҳам оқлаши мумкинлиги ҳақида аниқ ёзилган. Ўтмишда қандай одам бўлганингиз ва қандай гуноҳлар қилганингизнинг энди аҳамияти йўқ. Муҳими энди шундай гуноҳ қилмасликдир.
10. Худонинг Каломи мени бошқаради, ўргатади ва шифолайди. Кўпгина имонлилар бугунги кунда Худо Каломининг кучига бўлган ишончларини йўқотиб қўйганлар. Худонинг Каломи ҳаётни бутунлай ва бир умрга ўзгартириш кучига эга. Қачон Муқаддас Каломга мурожаат қилишади, қачонки бошқа ҳеч қандай иложлари қолмаганда. Ҳақиқатда эса Худонинг Каломи жонли. У бизнинг қийналган юракларимизни шифолайди, қалбимизга тинчлик олиб киради. Қандай қийин ҳолатда, ёки муҳтожлигимизнинг катта кичиклигига қарамай Худонинг Каломи бизнинг муҳтожликларимизни қондира олади.
11. Худонинг иродасини бажаришим учун Муқаддас Руҳ менга ёрдам беради. Худо бизга зиён етказадиган ишларни буюрмайди. Шунинг учун ҳам Унинг айтганларини қилишимиз керак.
* Биз бизни ҳафа қилганларни кечира оламиз.
* Ҳатто душманимизни ҳам сева оламиз.
* Унга ҳамма нарса учун шукр айта оламиз.
* Ҳар қандай ҳолатларда ҳам миннатдор бўла оламиз. Чунки шундай қилишимизга Муқаддас Руҳ ёрдам беради. Муаммо Худога қулоқ сола олмаслигимизда эмас. Муаммо шундаки, биз ўз яқинларимизни кечира олмаймиз, ҳамкасбимизни сева олмаймиз, қийинчиликлар пайтида Худога шукрона келтира олмаймиз. Ундан ташқари кечиришни, севишни истамаймиз. Худога миннатдор бўлишдан бош тортамиз. Итоаткорлик – Худонинг кучига таяниб қилган танловимиз. Муқаддас Руҳнинг кучи билан кечиришга ва атрофимиздагиларни севишга қарор қиламиз. Сиз бу ҳақиқатларга кўра ҳаётингизни ўзгартиришга тайёрмисиз?