Ассалому алайкум. Биз аёллар табиатан ҳис-туйғуларга боймиз. Қийин дамларда кўп ҳолларда ақлимиз билан эмас ҳис туйғуларимиз билан иш қиламиз. Қиламиз-у, кейин ўзимиз афсус чекамиз. Қаранг-ки, душманимиз шайтон бизнинг нозик тарафимиз бўлган ҳис-туйғуларимиз ҳақида ҳам ёлғон гапирар экан. Кейин эса атрофимиздагиларни ва бизни шу ёлғонга ишонтиришга эришади. Бошқариб бўлмас ҳис-туйғуларимиз билан курашаётган пайтимизда, бу нарсага гуноҳли деб қараймиз. Сўнг эса ҳис-туйғуларимизни босишга, сўндиришга ҳаракат қиламиз. Биз ҳам Худо суратида яратилганимизни ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Шундай экан ҳар қандай ҳис туйғу – шодликни, ҳафачиликни, аламни ҳам хис қиламиз. Ҳис-туйғулар бизга Худо томонидан берилган инъом. Бу нарсага муаммо деб қараш нотўғри. Бироқ Худованднинг ҳис-туйғуларидан фарқли равишда бизнинг ҳис-туйғуларимиз бузилган. Худонинг иноятини қабул қилганимиздан кейин, Муқаддас Руҳ бизнинг ҳис-туйғуларимизни поклашига имкон беришимиз лозим. Шундагина уларни тўғри акс эттира оламиз. Биз аёллар «Ниманидир ҳис қилсам ўша тўғри бўлиб чиқади», деб ишонамиз. Бу ҳам шайтоннинг ёлғонларидан бири. Душманимиз шайтон ўзимизни севимли эмасдек ҳис қилишимизни истайди. Ўзимизни севимли эмасдек ҳис қилсак, демак ҳақиқатда ҳеч ким бизни севмайди деб ҳисоблаймиз. Агар бирор бир муаммони ҳал қила олмаслигимизни ҳис қилсак, демак албатта уни ҳал қила олмаймиз, деб ўйлаймиз. Бироқ ҳақиқат шуки, бизнинг ҳис туйғуларимиз ҳақиқатдан анча йироқ. Кўп ҳолларда ҳис-туйғу кишига панд беради. Кайфиятимиз ҳолатимиз, атрофимизда бўлаётган ҳодисалар, об-ҳаво ва бошқа нарсаларга қараб ўзгариб туради. Ишхонамизда маошимизни оширса, хурсанд бўламиз, яқинларимиздан бири оламдан ўтса қайғу чекамиз. Оддий иш кунимиз ёмон ўтса ҳафа бўламиз, ҳис-туйғуларимиз ҳам шунга кўра ўзгаради. Агар фақат ҳис-туйғуларга эътибор қаратиб яшасак, бир куни инфаркт бўлишимиз аниқ. Ҳар бир аёл нимани ҳис қилишидан қатъий назар Худо марҳаматли эканини билиши керак. Ҳис қиламизми йўқми, Худо бизни севади. Ҳис қиламанми йўқми, Исо Масиҳнинг қони мени озод қилган. Ҳис-қиламанми йўқми, Худо мени ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Ўзимни ёлғиз ҳис қилганимда ҳам қилмаганимда ҳам У доимо мен билан бирга. Ҳақиқатга кўра яшашни истасак, ҳис-туйғуларимиз алдамчи эканини англашимиз лозим. Ҳис туйғуларга ишониб яшаш сизни йўлдан адаштиради, кўплаб номаъқулчиликлар қилишингизга, ўйламай гапириб юборишингизга ва дилхираликларга сабаб бўлади. Филлипликларга мактубида ҳаворий Павлус руҳий мувозанат ва ҳис-туйғулар барқарорлиги рецептини айтиб ўтган: «Раббингиз билан алоқада бўлиб, доимо хурсанд бўлинглар…Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар.» (Фил 4:4а 6-7) Хўш Каломда айтилганидек қилсак натижаси қандай бўлади? Давомини эшитинг: «Шунда инсон ҳаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-ҳаёлингизни хотиржам қилади». Сиз ҳам ҳис-туйғуга берилган пайтларингизда мана шу оятларни ёдга олиб, амалда бажаринг. Ëрдам беришига шубҳам йўқ. Азизлар аёллар ҳаётида учрайдиган, болалар, турмуш ўртоқлар билан муносабат ҳақидаги мавзулар сизни қизиқтирса бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. Бундан албатта мамнун бўласиз.