Ассалому алайкум. Қадрдон опа-сингиллар биз аёл зоти табиатан ҳис-туйғуга мойил қилиб яратилганмиз, шунга қарамай, баъзида ўз табиатимизга қарши иш тутамиз. Агар бизни тинглаб борган бўлсангиз, ўтган сафарги суҳбатимизда раҳмат айтишни ёки миннатдорлик билдиришни кейинга қолдирмаслик ҳақида сўз юритган эдик. Бугун эса худди шу сўзнинг эгизаги, ҳаётда бири-иккинчисидан кейин келадиган «Мени кечиринг», — деган сўз.
Яқинда ўғлимнинг аччиқ қилиб гапирган гапи дилимга оғир ботди. Онага бундай гапириб бўлмаслигини унга тушунтирдим. Айбини тушуниб кечирим сўрар, деб ўйлагандим, аммо ундай бўлмади.
Шунда ўйлаб қолдим, мен ўзим неча марталаб онамни, ёки яқинларимни билмасдан ҳафа қилиб қўйганман? Кечирим сўраганманми? Ҳаёт оғир, ҳар доим ҳам биз кутган нарсалар бўлавермайди. Шундай пайтларда асабийлашамиз, фақат ўз муаммоларимиз билан овора бўламиз, диққатимиз фақат ўз муаммомизни ҳал қилишда бўлади. Аслида инсон зоти худбин бўлади. Шундай пайтларда бизга дуч келган одамни аччиқ гапларимиз билан хафа қилиб қўймаймиз деб кафолат бера оламизми? Йўқ, албатта. Яхшилаб ўйлаб кўринг, яқин орада кимнидир билмасдан хафа қилиб қўймадингизми? Агар хафа қилиб қўйган бўлсангиз, кечирим сўрашдан уялманг.
Қилган айбини тан олиш ва узр сўрай билиш оқилларнинг иши. Ҳаётимиздаги икки сўз «Раҳмат», ва «Кечир» деган сўзларни айтишнинг эрта-кечи бўлмайди. Миннатдормисиз раҳмат айтинг, хафа қилдингизми кечирим сўрашдан тортинманг. Бу билан ўз инсоний сифатларингизга жило берган бўласиз.
Кечирим сўраш раҳмат айтишдан ҳам қийинроқ. Чунки бунда ўз ғуруримизни бир четга суриб қўйиб, иш кўришимизга тўғри келади. Инсон эса ўз ғурурини топташни истамайди. Кечирим сўраш билан паст кетиб қолгандай сезади. Мана шу ҳислар кишини кечирим сўрамаслигига сабаб бўлади. Агар ўз яқинларингиз дилини оғритиб қўйган бўлсангиз-чи?!
Шунда ҳам ғурурингизни пеш қилиб тураверасизми? Сизни катта қилгунча минг машаққатлар чеккан, ҳам ишлаб ҳам сизга ғамхўрлик қилган ота-онангизга кечиринг деёлмайсизми? Ëшлар билиб-билмай адашадилар, хато қиладилар. Катталар эса ёшларнинг хатоларини кечириш бизнинг бурчимиз дея, кечирим сўрамасангиз ҳам сизни кечириб юбораверишади. Қандай олижаноблик-а! Бироқ улар кечирганлар деб айбингизни тан олмаслик, кечирим сўрамаслик яхши эмас.
Ота-онангизни хафа қилмаган бўлсангиз жуда яхши. Бошқа бировни ҳафа қилиб қўйган бўлсангиз-чи? Ўша одам қўшнингиз, дўстингиз, ҳамкасбингиз ёки шунчаки танишингиз бўлиши мумкин. Уларнинг дилига озор етказган бўлсангиз, тезда узр сўрашга қулай вақт топинг. Муносабатларни тикланг. Муносабатларни бузишдан осони йўқ. Уни тиклаш эса фақат маънан кучли одамнинг қўлидан келади.
Умид қиламизки, сиз кечирим сўрашни ортга сурмайсиз. Ҳаётда ҳар доим «раҳмат» ва «мени кечиринг», — деган сўзлар ҳамроҳингиз бўлсин.