Ассалому алайкум. Аёл оилани ҳам ишни ҳам бемалол эплай олади деймиз. Бу кўпчилик аёллар учун ҳақиқат. Агар уни ҳам буни ҳам эплай олишига кўзи етмаса, ажойиб уй бекаси бўлишни маъқул кўради. Ишли аёлларнинг иши доимо силлиқ кетавермаслигини ишлайдиган аёллар яхши билишади. Айниқса биз аёллар бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни қилишга улгураман, дея ўз қобилиятига кўпроқ ишониб, бир вақтнинг ўзида икки ишнинг бошини тутмоқчи бўлишади. Масалан, аёл киши қайсидир бир компанияда котиба ёки ҳисобчи. Ундан ташқари уйда таржима ишлари билан шуғулланиши мумкин. Тил билмаганлари, тикувчилик билан шуғулланиши мумкин. Ëки бошқалар яна бир косметика компаниясига аъзо бўлиб олиб, ишдан ташқари, шу косметик воситаларни сотиш билан машғул бўлади.
Хўш, бу ҳолатга қандай қарайсиз? Ҳаммасига улгура олса яхши-ку! Ортиқча даромад кимга ҳам ёқмайди, дерсиз?! Албатта, ортиқча даромад ҳеч кимга оғирлик қилмайди. Аммо инсон икки отни баробар миниб юра оладими? Бир кун бўлмаса бир кун бу ишларнинг натижаси чиқиб қолади-ку? Боринг-ки, аёл икки ишни ҳам эплай олади. Бироқ бундай ҳолатларда чегарадан чиқиб кетмасликни ёдда тутмоқ лозим. Ишида тўланадиган иш ҳақи етарлича эмаслигидан фойдаланиб, кўпроқ таржима ёки кўпроқ буюртма олиб қўйса, асосий вақтини, диққатини мана шу қўшимча даромадли ишига сарфлайди. Асосий иш қолиб кетгач, ишида муаммолар чиқмайди деб ким кафолат бера олади. Ундан ташқари фикри, вақти ва диққати бўлинганини бошлиқ қилаётган ишларидан ҳам билиб олади.
Бундай бўлмаслиги учун бир нечта қоидаларга амал қилмоқ лозим. Биринчидан ишдан ташқари бошқа иш билан шуғулланишингизни нафақат бошлиғингиз балки ҳамкасбларингиз ҳам билмаслиги керак. Иккинчидан эса асосий иш сиз учун доимо биринчи ўринда қолсин. Асосий ишга кўпроқ вақт ажратиб, қолган вақтингизни қўшимча ишингизга сарфланг.
Учинчидан қўшимча даромадли ишга ҳаддан зиёд берилиб кетманг. Бу нарса асосий ишингизга таъсир қилмай қўймайди. Икки ишингизга ҳам бирдек эътиборли бўла олмайсиз. Шунинг учун иккаласини ҳам бекаму кўст бажаришингиз маҳол.
Ҳа, яна сиз турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизни ҳам унутмаслигингиз керак. Уларга ҳам вақт ажратишингиз лозим. Қолаверса ишлашингиз оиладаги кундалик юмушлар ва аёллик вазифангизга таъсир қилмаслиги лозим. Сиз ишлаётганингиз ва вақтингиз етмаганлиги туфайли турмуш ўртоғингиз бир ёки икки марта сизнинг ўрнингизга овқат қилиши ёки бошқа ишларни бажариши мумкин. Аммо бундан ортиғига у ҳам рози бўлмайди. Охир – оқибат «эплай олмасанг, ишингни йиғиштир», деб қолиши мумкин.
Балки вақт ўтиб, ишда туғилган муаммолар ўз жойига тушар, лекин икки ишда доимий ишлаш, уй юмушларини бажариш, аёллик ва оналик вазифаларини бажариш, ишда бошлиқларнинг даккиларини эшитиш, сизни ҳаддан ташқари толиқтиради. Тез-тез стрессга тушадиган бўлиб қоласиз. Шунинг учун ўзингизга биргина ва маъқул келадиган ишни танланг ва оилангиз билан бахтли ҳаёт кечиринг.