Ассалому алайкум бизга қадрли бўлиб қолган опа-сингиллар. Хўш хаётингиз қандай кетаяпти? Шу кунларда ахволларингиз қандай? Уй-ичингиз, оила аъзоларингиз хаммаси тинчми? Биз хар сафар сизлар билан сухбатлашишдан чарчамаймиз. Мумкин қадар сизларнинг рухий хаётингизга асқотадиган мавзулар танлашга харакат қиламиз. Аммо шу борада сизнинг хам ёрдамингиз керак. Ахир биз биргаликда қадам ташлаймиз-ку! Аёл дардини аёл билади. Агар сизни қизиқтирадиган бирор бир мавзу бўлса, бу хақида бизга маълум қилинг. Бундан жуда хурсанд бўламиз. Энди эса бугунги мавзумизни бошлаймиз. Биз дунёга келмасимиздан олдин Худованд биз учун ишлар таёрлаб қўйган. Каломда ёзилишича, Худованд биз қиладиган, аниқроғи қилишимиз керак бўлган хайрли ишларни хали биз бунёд бўлмасимиздан олдин тайёрлаб қўйган. У бизга келажакда буюк ишларни топширади. Унгача эса кичик ишлар орқали тайёрлайди. Худованд бизни Ўзининг шохлигига даъват қилган кундан бошлаб, бизни Ўзига мос қилиб шакллантиришда ва катта ишлар учун тайёрлашда давом этаяпти. Шох Довуд эсингиздами? Уни Худованд шох қилиб тайёрлаганида, у хали ўсмир бола эди, аммо орада ўн беш йил Худованд уни тахт учун тайёрлади. У шунчаки шох эмас, Худованднинг халқини бошқарадиган шох бўлиши керак эди. Биз хам хаётда Худованд биз учун тайёрлаб қўйган ишларни бажаришимиз учун тайёр бўлишимиз керак. Биз хали бунинг қандай иш эканини билмаймиз, аммо Худодан сўрасак, балки бир оз англашимиз мумкин. Агар Худованд бизга берган кичик ишларни садоқат билан бажармасак, катта ишларни бизга беради деб ўйлайсизми? Менинг бир дугонам бор. Худо унга бир кичик иш берган, аммо бу ишни бажаришни у хали хам кейинга сураяпти. Лекин, у ўша кичик ишга садоқатли бўлиш кераклигини у яхши билади. У бу ишни албатта қиламан, — дейди. Худованд эса сабр-тоқат билан кутиб турибди. Хар биримиз учун Худо тайинлаган иш бор. Агар сиз Худога ишонсангиз ўз ишингизни топиш учун хеч қачон кеч бўлмайди. Ёшмисиз ёки қарими бунинг фарқи йўқ. Менга ишонинг Худонинг сизга белгилаб қўйган иши бор. Хозир хам сиз учун махсус иш тайёрлаб қўйибди. Агар Худонинг режасида сиз учун махсус рол борлигига ишонмасангиз, унда бошқалар учун шафоат қилишни бошланг. Чунки бошқалар учун ибодат қилиш бизнинг – вазифамиздир. Биродарларингизга ёрдам беришни бошланг. Агар биз бу ишни чин дилдан қиладиган бўлсак, Худованд бизни янги холатга кўтаради. “Бизни қутқарган ва муқаддас бир даъват билан чақирган” Худойимизга миннатдорчилик билдиришни унутмайлик. Бунга биз савоб ишларимиз туфайли эришмадик, аксинча, Худо Ўз хохиши билан азалий вақтларданоқ Исо Масих орқали бизга иноят қилишга қарор қилган эди. “Худонинг иноят қилгани бўйича Ундан хар хил инъомлар олганмиз”. “Лекин хар бир кишининг Худодан олган ўз қобилияти бор, бириники бу бўлса, бошқаники удир.” “Хуллас хар бир кишига Раббимиз қандай тақдир ато этган бўлса, Худо уни қандай холатда даъват этган бўлса, шундай турмуш кечирсин.” Мен хар биримизга Худованд «Ўзини таниб билишингиз учун сизга хикмату вахий рухини ато эт”иши учун ибодат қиламан. Худованд сизга кўнглингиз тилаганича берсин. Бутун армонларингизни рўёбга чиқарсин. Азиз опам-синглим Худованд сизнинг хаётингизда шундай бир ишни рўёбга чиқаришни ўйлаб қўйганки, бу фақат сиз учун яхшиликка хизмат қилади. Сиз хар куни Худовандга ибодат қилар экансиз, Унга сизни даъват этгани, хали туғилмасингиздан олдинёқ сиз учун ажойиб ишлар тайёрлаб қўйгани учун шукроналар айтинг. Ундан сиз учун тайёрлаган ишига лойиқ бўлиш учун ёрдам сўранг. Хаётингиз мақсадини англашингизга ва Унинг даъватини эшитишга ёрдам сўранг. Кундан кун Унинг каломида, иноятида ўсиб бориш учун донолик сўранг. Энг мухими сиз хаётга шунчаки яшаб кетиш учун келмаганлигингизни, сиз учун Худонинг ажойиб режаси ва У тайёрлаган иш борлигини унутманг. Балки орангизда баъзиларингиз ўзлари учун тайёрланган ишларни топиб олгандирлар. Агар сиз у хақида хали хеч нима билмасангиз, Худодан сўранг. У сизга албатта кўрсатади. Отамиз Худонинг инояти доимо сизлар билан бирга бўлсин! Омин!