Ассалому алайкум изланувчан опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз аввалги мавзуларнинг давоми бўлиши билан бирга сизнинг фарзанд тарбиясидаги фикрларингизга янги ўзгартиришлар киритишига аминман. Мен Лола муҳаббатни ифодалаш усуллари фарзандларнинг баркамол бўлиб улғайишларига ёрдам беришига ишонаман. Ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, унда фарзандларимизга бўлган меҳримизни ўзаро нигоҳ алмашинув усули орқали ифодалаш ҳақида гаплашгандик. Бугун эса иккинчи усул жисмоний мулоқот орқали ифодалаш ҳақида батафсил тўхталамиз. Жисмоний таъсир ўтказиш фарзандга бўлган меҳр-муҳаббатни ифодалашнинг ҳаммага аён бўлган усули саналади. Баъзилар бу усулни маъқуллайдилар, баъзилар эса тушунмаган ҳолда инкор этадилар. Жисмоний мулоқот, фарзандларга меҳр кўрсатишнинг энг муҳим тури ҳисобланади.
Аммо ота-оналарнинг кўпчилиги фарзандларига фақат лозим бўлгандагина, яъни кийинтириш, машинага чиқариш ва шу каби ҳолатлардагина қўл теккизадилар. Ота-оналарнинг жуда кам қисми ўз фарзандлари билан биз айтган усулда мулоқотда бўлади. Фарзандлар эса ота-онасининг қўл тафтига, бағрига ҳамиша интиқ ҳолда яшайди.
Фарзандини эркалаб ўпиб қўйиш, бағрига босиш уларга қандай таъсир қилишини билсак эди. Боламизни елкасидан оҳиста қучиб, сочларини сийпалаб қўйиш ёки сал қитиқлаб қўйиш орқали ҳам юксак натижаларга эришиш мумкин. Афсуски, ота-она ва фарзандлар ўртасида мулоқотнинг бу тури жуда кам қўлланилади. Расмий, ҳеч қандай силаб-сийпалашларсиз, эркалатишларсиз амалга ошадиган мулоқот ҳозирда авж олган. Ота-оналар ўз болаларига ташқи ёрдамсиз, ўзидан-ўзи ҳаракатланиши, бировга оғирлиги тегмайдиган механик қўғирчоқ сифатида ёндашадилар.
Болани силаб-сийпалаш, эркалатиш тагида илоҳий имкониятларнинг борлигини ҳамма ҳам пайқай олмайди. Тана тафти ва ўзаро нигоҳ алмашиш орқали фарзанди билан муомалада бўлаётган ота-оналарни кўрсангиз дилингиз яйраб кетади. Меҳрга тўла нигоҳлар, боласини силаб-сийпалашлар ҳар қандай бўшлиқни тўлдира оладиган, фарзандни бахтиёр қиладиган ягона усулдир.
Олимларнинг аниқлашича, бола билан жисмоний мулоқот унинг руҳиятида ҳамда умумий соғлиғида ижобий ўзгаришларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлар экан. Аслида болага таъсир этиш у туғилган лаҳзалардаёқ бошланади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳар куни 15 дақиқадан 3 маҳал массаж муолажасини олган чала туғилган чақалоқлар муолажа олмаган шундай туғилган чақалоқларга қараганда 47 фоизга вазни кўпроқ ошган.
Массаж олган чақалоқларнинг уйқуси яхши бўлган, ўзларини дадил тутганлар, ҳаракатчанлиги ортган. Саккиз ойдан кейин ҳам уларда ақлий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиш яхши кечган. Ҳар бир она ўз-ўзига шундай дейиши керак: «Менинг бугунги меҳрибонлигим фарзандимнинг эртага соғлом ва бақувват бўлишига, балким келажагини шакллантиришига ёрдам бериши турган гап».
Ўзаро нигоҳ алмашиш ва жисмоний мулоқот ота-она билан фарзанд ўртасидаги доимий муносабатга айланмоғи даркор. Фарзанд ўзаро нигоҳ алмашиш ва жисмоний мулоқотлар қуршовида камол топса у атрофидаги одамлардан ва ўз ҳаракатларидан мамнун ҳолда ҳаёт кечиради.