Ассалому алайкум. Суҳбатодошингиз Лола яна ихтиёрингизда. Опажону-сингилжонлар бугун деярли ҳар бир хонадонда топиладиган кактус ҳақида тўлиқ маълумот бериш истагидаман. Кактуслар фақат игнабаргли ўсимлик бўлиб қолмасдан инсон учун бениҳоя фойдали ўсимликдир. Бу ўсимликнинг ёмон нурларни ўзига сингдириб олиш ҳислати борлигини билсангиз керак. Айнан шунинг учун ҳам офисларда ёки уйларда компьютер атрофига бир нечта кактуслар қўйилади. Ундан ташқари кактуслар ҳам чиройли гуллайди. Инжиқ ўсимликлар сирасига кирмайди. Кактус ўсимликларини безатиб турган нарса асосан уларнинг гул ва тиканакларидир. Сояланмаган очиқ жойда ўсадиган кактуслар тикан билан қалин қопланган ҳолда, сояда ўсадиган филлокактус, эпифиллюм каби турларида тикан ҳам тиканак ҳам бўлмайди.
Гулларининг шакли, катталиги, ранги ўсимликларнинг гуллаш даври ҳам жуда хилма-хил бўлади. Кактуслар резавор мева беради. Меваси турли катталикда, ранги ва шакли ҳам ҳар хил. Кактуснинг эпифиллюм ва филлокактус каби турлари қиш ва эрта баҳорда гуллайди. Илиқ уйларнинг деразаси олдида – ёруғ жойда кактуснинг ҳамма турларини ўстириш мумкин. Қишда уларни камроқ суғориш талаб қилинади, лекин тувакдаги тупроқ тагигача намиқиши шарт. Эпифиллюм, филлокактус, пейреския, рипсалис каби турлари тупроқнинг доим ўртача нам ҳолда бўлишини хоҳлайди. Улар икки қисм барг чириндили, олти қисм чимли тупроқ ва бир қисм қумдан тайёрланган аралашмада ўстирилади. Кактусларнинг бошқа турлари қумоқ ва чимли тупроқда яхши ривожланади, лекин унга ¼ қисм майдаланган қизил ғишт ва ёғоч кўмири парчаларини қўшиш керак.
Бу тупроқ аралашмасига 1/3 қисм сўндирилган оҳак қўшиш ҳам фойдалидир. Умуман олганда кактуслар тупроқ танламайди. Иссиқлик, ёруғлик, тоза ҳаво ва нам етарли даражада бўлганда оддий тупроқда ҳам бемалол ўса беради. Июнь ойидан бошлаб, сентябрнинг биринчи ярми тугагунча кактусларни ташқарига чиқариб қўйиш айниқса фойдали. Опунция, цереус, эхинокактус сингари йирик кактуслар қуёшнинг тик нурлари тушадиган жойга, мамиллярия, эхинокактус, эхинопсис каби майда ва шарсимон кактуслар соя тушадиган жойга қўйилади. Илдиз отган соғлом кактусларни баҳордан то кузгача мунтазам равишда суғориб туриш лозим. Баъзан уларга сув пуркалади.
Шунингдек кактуслар гўнг шалтоғи ёки 1 литр сувга 1 гр аммиакли селитра қўшиб тайёрланган эритма билан ўғитланади. Кузда камроқ суғориш лозим. Қишда кактусларни ёруғ, шамол яхши тегиб турадиган жойга қўйиш керак. Кактусларни истаган вақтда кўчириб ўтқазиш мумкин. Лекин бу ишни эрта баҳорда амалга оширган маъқул. Азизлар кейинги сафар кактусларни кўпайтириш ва пайвандлаш ҳақида маълумот бераман. Унгача соғ ва ОМОН бўлинг.