Ассалому алайкум. Мустақил, доимо банд бўлишни истайдиган аёллар ҳаётида карьера жуда муҳим роль ўйнайди. Улар ҳаётларини ишсиз тасаввур этолмайдилар. Бироқ бугунги кунда яхши иш топиш осон эмас. Кадрлар кўп, иш эса кам. Албатта бирор бир иш топиш мумкиндир, аммо аёлнинг ўзига ёқадиган, маоши ҳам кўнгилдагидек ишни топиш қийин. Шундай иш топилди ҳам дейлик, лекин бу ишда ўзини кўрсатиш, бошқа кадрлардан устун бўлса устунки, кам эмаслигини кўрсатиш керак бўлади. Бунинг учун аёл тинмай ўз устида ишлаши, фикрларини, ғояларини бойитиб бориши, билим даражаси ва дунёқарашини кенгайтириши керак. Ишга киргач, кўпчилик ўз ташаббуслари, қизиқарли фикрлари билан бошлиқни ҳам бошқаларни ҳам ўзига қизиқтириб қўяди.
Кейин эса у ҳам одатдаги ишчилардан бирига айланади. Унинг фикрлари, ғоялари аста секин сўна боради. Замонавий иш тез-тез янгиликлар қилиб туришни, ўз устида ишлашни талаб этади. Чунки рақобатчилар кўп. Агар ишингизга совуққонлик билан қарасангиз, бошлиқ буни бир марта кечирар борингки икки марта кечирар, учинчисида эса ишдан кетишингиз кераклигини юзингизга айтади.
Ҳар бир ишхонанинг ўз «каламуш»лари бўлади. Яъни доимо бошлиққа ялтоқланадиган, унга хушомад қиладиган, шу билан бирга ходимларнинг ишлари ҳақида маълумот бериб турадиган кишилари бўлади. Бундайлар ҳар бир янги келган ишчини зимдан, обдон кузатадилар. Бу ишчидан иложи борича хатолар топишга ҳаракат қиладилар.
Агар янги ишга келган заҳотингиз бошқа ходимлар сизга мана шундай каламушлардан бири ҳақида айтиб, ўзингизни ундан узоқроқ тутишни масалаҳат берсалар, уларнинг маслаҳатига асло қулоқ солманг. Ҳамма билан яхши муносабатда бўлинг. Ҳатто ўшандай каламушлар билан ҳам. Ўзингизни улар ҳақида ҳеч нарса эшитмагандай тутинг. Аммо ялтоқланманг. Самимий ва хушмуомалада бўлинг. Ҳеч кимни ажратманг. Ҳамма билан бир хил муомалада бўлинг. Ҳамма ходимларга хушмуомалада бўлиш орқали, ишхонанинг ва ишингизнинг паст-баландини, бошлиқнинг ҳамда хамкасбларингизнинг характерларини билиб оласиз. Бу эса сизга улар билан келишиб ишлашингизга ёрдам беради.
Ҳамкасблар биринчи кунданоқ, сизга бўлган эътиборларини кучайтирадилар. Улар ҳам «каламушлар» каби сизни зимдан кузатадилар. Ахир энди улар ҳамкасбгина эмас, сизга рақобатчи ҳам. Ëдингизда бўлсин, ҳамкасбларнинг нафрати жуда қўрқинчли куч. Шунинг учун ҳам доимо эҳтиёт бўлинг. Улардан кўра яхшироқ ишлашингиз уларга ёқмайди. Бошлиқ улардан ҳам шундай ишлашни талаб қилади. Жонларини койитмай ишлашга ўрганиб қолган ходимлар сизнинг бу ишингиз учун ёмон кўриб қолишлари мумкин. Сизнинг кичкинагина хатоингиз ҳам сизга салбий таъсир кўрсатади.
Ҳамкасблар билан хушмуомала, самимий бўлинг, аммо зинҳор сирингизни уларга оча кўрманг. Ишда нималар қилаётганингизни улар билиши шарт эмас. Гапираётган гапларингизни ўйлаб гапиринг. Асло ўзингизга қарши ишлатиладиган сўзлардан сўзламанг. Маслаҳатларимиз сизларга асқотади деган умиддамиз.