Ассалому алайкум, қадрдонлар. Мен Лола, биз аёлларнинг ҳаётида бўлаётган, ўрганишимиз керак бўлган, ёки бўлмаса, биз учун қизиқарли бўлган мавзуларни сизлар билан бажонудил бўлишаман. Еру-осмонни яратган Худо ҳар бир аёлнинг қалбида ишлайди. У биз кутгандек эмас, Ўз йўли бўйича ишлайди. Бизнинг фикрларимиз билан Унинг йўллари орасида ер билан осмонча фарқ бор. Буни биламиз, тўғрими? Шундай бўлса ҳам ўз донолигимиз бўйича баъзи нарсаларни кутамиз. Фақат Худодан эмас, одамлардан, ишимиздан, оила аъзоларимиздан. Тасаввур қилинг, сиз янги ишга жойлашдингиз, ёки севган кишингиз билан турмуш қурдингиз бир икки кун ўтиб, сиз ҳақиқат билан тўқнашасиз, кутганларингиз аслида бошқа нарса эди-ю, ҳақиқат бошқа экан. Шундай пайтда қалбимизда оғриқ пайдо бўлади, ўзимизни ноқулай ҳис қиламиз. Буларнинг бари ҳаётда учрайдиган нарсалар. Лекин бундан тушкунликка тушиш ярамайди. Қандай янги ишга қўл урсангиз ҳам ундан олдин, Худога ибодат қилинг. Келинг яхшиси бир келин-куёв ҳақида айтиб бераман.
Икки ёш турмуш қуришди. Ота-оналар фарзандларимиз бемалол яшашсин, деб уларга икки хонали квартира олиб беришди. Тўйдан кейин икки ой ўтиб, келин-куёв ўз уйларига кўчиб ўтишди. Бир – икки ҳафта ичида ҳамма жойни саранжоб қилиб бўлишди. Келин ҳам куёв ҳам ишлайди. Бир куни куёв ишдан эртароқ келиб, хотинига сюрприз қилиш учун, ош дамлаб қўйди. Келин келиб, эрининг ош дамлаб қўйганини билди. Лекин куёв кутганидек, жуда хурсанд бўлиб кетмади. «Вой, ош қилдингизми, ўзим қилардим.»- деди ҳолос. Бу муносабатдан куёвнинг ҳафсаласи пир бўлди. Хотинидан жахли чиқди. Умримда қозонга яқинлашган одам эмасман. Бир марта уни хурсанд қилиш учун, ҳаракат қилсам-у, у ҳатто хурсанд ҳам бўлмаса, раҳмат ҳам айтмаса. Йигитнинг уйида эркак киши овқат қилмаган. Фақат онаси қилган. Отаси: «Овқат қилиш аёлларнинг иши» — деб кўп таъкидларди. Бироқ бугун у хотинини авайлагиси, уни хурсанд қилгиси келиб шу ишни қилганди. Унинг кутганлари чиппакка чиқди.
Келиннинг уйида эса одат бошқача бўлган. Ҳар сафар ош қилиш керак бўлса, отаси онаси ва қизларига дам бериб, ошни ўзи қиларди. Шу куни онасини ҳам қизларини ҳам қозонга яқинлаштирмасди. Шунинг учун ҳам оила бошининг ош қилиши, келин учун одатий ҳол. Куёв эса бошқа нарсани кутганди, хотинининг хурсанд бўлиб, уни бўсаларга кўмиб ташлашини, тинмай рахмат айтиб, уни мақташини кутганди. Аммо бунинг тескариси бўлди. Агар сизнинг ҳам кутганларингиз, ҳақиқат билан тўғри келмаса, умидсизликка тушманг. Худо донолик билан ишлашини биласиз. У ҳаётингизга нимани қўйган бўлса ҳаммаси сизнинг фойдангиз учун. Худо сизга ёқмаган ҳақиқатлар орқали ҳам ишлашга қодир. У шу воқеликлар орқали, сизни тарбиялайди, ўстиради, заифликларингизни ўз қудрати билан тўлдиради.
Кимнингдир сизга бошқача муносабатда бўлгани сиз учун кутилмаган воқелик бўлса, ўша одамдан хафа бўлиб ўтирманг. Бу Худонинг хоҳиши, у шу муносабат орқали балки сизга бирор нарса ўргатмоқчи бўлгандир. Яхшиси Худодан шу муносабатдан нимани ўрганишим керак деб сўранг. Биз аёллар муносабат қилишни ёқтирамиз. Агар бизга биз кутгандек жавоб қайтармаса, хафа бўламиз. Асло ундай қилманг. Доимо ёдингизда бўлсин, ҳар доим биз кутгандек ҳам бўлавермайди. Худо бошқача ишлайди.