Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни меваларга бағишладик. Меваларни ёқтирмайдиган инсон бўлмаса керак. Биз аёллар эса уй бекаси сифатида мевалардан қандай фойдаланишни, уларни яқинларимизга энг яхши холатда тақдим этишни билишимиз лозим. Шунинг учун ҳам бугунги маслаҳатларимизни меваларга бағишладик.
Салатларга сабзавотлардан ташқари баъзи бир мевалар ҳам қўшилади. Масалан: олма, нок ва бошқалар. Агар салатингиз ичида мевалар қорайиб қолмаслигини истасангиз, уларни тўғраб бўлгач уларнинг устига лимон сувини сачратиб сепинг. Шунда салатингиз ҳам мазали бўлади, меваларингиз ҳам чиройини йўқотмайди.
Лимон инсон организми учун жуда керакли бўлган мева ҳисобланади. Айниқса қиш фаслида, оила аъзоларингизнинг бирортаси шамоллаб қолганида. Лимондан кўпроқ сув олишни истасангиз, уни кесиб сиқишдан олдин бироз қайнаган сувга солиб олинг. Шунда суви ҳам кўпроқ бўлади, ҳиди ҳам муаттар бўлади.
Лимонни олиб қўйганингизга тўрт-беш кун бўлиб қолди. Бироз сўлибди. Ҳеч қиси йўқ. Лимонингиз сўлиб қолган бўлса уни ишлатишдан олдин бироз вақт совуқ сувга солиб қўйинг. У яна аввалги ҳолига келади.
Олмаларингиз ҳам буришиб қолган бўлса, уларни бир неча минутга ёки соатга совуқ сувга солиб қўйинг.
Лимоннинг узоқ қариндоши бўлган грейпфрут ҳам организмимиз учун жуда фойдали. Мутаҳассисларнинг фикрича, лимон, апелсин ва грейпфрутлар тўладан келган одамлар учун фойдали экан. Чунки истеъмол қилинган лимон ёки грейпфрут инсон организмидан ортиқча ёғларни парчалаш ҳусусиятига эга. Аммо ҳаммамиз ҳам грейпфрутни қандай истеъмол қилишни билмаймиз. Уни истеъмол қилиш учун мевани иккига бўлиб, ўртасидаги ўзагини олиб ташлаш керак. Кейин эса устига бироз қанд упасидан сепиб қўйинг. Қанд упаси эригач, грейпфрутнинг юмшоқ қисмини қошиқ билан олиб ейиш мумкин. Шунда грейпфрут мазали бўлади ва унинг нордон таъми ҳам бироз йўқоади.
Ҳамма мевалар ҳам инсон танаси учун зарур. Биз меваларни овқатланишдан кейин ейишга одатланганмиз. Бироқ аксинча бўлгани яхши. Меваларни овқатланишдан олдин ейиш организм учун кўпроқ фойдали бўлади. Чунки бунда асосий овқат ейишингиздан олдин ошқозонингиз меваларни яхши хазм қилиб, сиздаги тўқлик ҳиссини ҳам пайдо қилади. Семиришга мойил аёллар эса мевадан сўнг овқатланишлари яхшироқ. Ҳамма меваларни ҳам овқатдан олдин истеъмол қилиб бўлмайди. Масалан шафтолини. Шафтолини оч қоринга ейиш ярамайди. Ундаги ишқор ошқозон муҳитини зарарлаши мумкин. Худди шу каби лимонни ҳам оч қоринга истеъмол қилиш мумкин эмас. Ҳаддан ортиқ лимон ейиш ҳам тиш эмалини заифлаштириб қўяди. Яхшиси лимонни бироз шакар ёки асал билан ейиш керак. Азизлар юқоридаги маслаҳатларимиз сизларга асқотади деган умиддаман.