Яхшидан яхши ёмондан ёмон ният чиқади. Аввало яхшилигингизнинг исботи учун ҳам энг гўзал ниятлар қилинг. биринчидан, оғзингиздан чиққан гапга фаришталар омин дейиши рост. Иккинчидан ҳар ниятдан юрак уйғонади, дил ўзига ёзиб олади, ақлга истак – буйруқ кетади, қарабизки, феъл атворингиз ўзгаради. Балки, ҳамма ниятига етаверса, фоний дунёнинг ўзидаёқ жаннат бўлардику, дерсиз. Тўғри агар худбин бўлса, бировнинг бахтсизлиги устига тахт қурмоқчи бўлса “Олтин балиқ” эртагидаги кампирдай “энди олтин балиғинг келиб хизматимни қилсин” дейдиган, беш бармоғини оғзига суққанлар бўлса, ундайлар ниятларига етмаслар. Улар тавбани қуюқ қилсинлар. Фаришталар пойлаб турар экан, оғзимиздан чиққанига омин, деб юбориши ҳеч гап эмас экан. Бир мисол: бир қиз ўртоқларига тинмай ҳазиллашарди: “шаҳарнинг тор ҳовлиларида ўлларинг сиқилиб, мен қишлоққа тушаман, кенг ҳовли, кўпчилик бўлиб яшаймиз, нон ёпиб, сигирларни соғиб, мазза қилиб юраман”, дерди. Шундай бўлди ҳам. У қишлоққа ўн болали баракотли оилага келин бўлди. Қўш сигир соғиб, қўш тандир қуриб, умри тўйлар билан ўтяпти.
Аммо ҳамма ниятлар ҳам яхши бўлмаганидай ёмон ниятлар ҳам амалга ошиб қолганини билмай қоларканмиз. Бир қариндошимиз бор, ёшлигида жуда кўҳлик, аммо феъли тезгина эди. У: “Мен ёш болани ёмон кўраман”, деган гапни кўп қайтарар ва гўдакларни ёнига йўлатмасди. У жуда яхши одамга тушди, бадавлат яшади, аммо…Аллоҳ унга фарзанд бермади. Ният-қалтис нарса. Уни кўнгилга тугишда бағоят эҳтиёт ва яна эҳтиёт бўлмоқ даркор. Муқаддас Каломда: «оғзингдан чиққан гапга сен эътибор бермасанг ҳам Худованд эътибор беради”, деб ёзилган. Шунинг учун гапирадиган гапларимизни ўйлаб гапиришимиз лозим. «Аввал ўйла сўнг сўйла” деган мақол ҳам бекорга айтилмаган. Болаларимизни ҳам доимо яхши гаплар билан суйиб эркалашимиз лозим. Болаларнинг олдида улар ҳақида қанча яхши ниятлар қилсангиз, уларнинг келажаги шунча ёрқин бўлади. ҳар доим болаларингиз ҳақида яхши ниятлар қилинг. ҳатто уни койиганингизда ҳам у ҳақида асло ёмон гап айтманг. Қўлингиздан келса, яхши гаплар айтиб койинг. Қўлингиздан келмаса, ёмон гап ишлатманг. Чунки сизда Худованд берган ҳукмронлик бор. Агар сиз унга нисбатан қандай сўз ёки гап ишлатсангиз, унинг феъл-атвори шунга кўра ривожланади. Асло уни ҳақорат қила кўрманг. «Сен ҳеч қачон одам бўлмайсан”, “доимо итнинг кейинги оёғи бўлиб юраверасан”, “сен лапашанг ва ландовурсан, шу кетишингда ҳеч нарсага эришмайсан”, каби сўзлар уларнинг келажагини боғлаб қўяди. Юқорида айтганимиздай бу сўзлар уларнинг юракларини ҳаракатга келтиради, қалбларига ёзилиб қолади. Шунга кўра ўзлари ҳақида фикр қиладилар. “Мен ҳеч ким эмас эканман”, “Мен ҳеч қачон яхши одам бўлолмайман”, “Ҳар доим ишларим орқага кетади”, деган фикрлар билан яшайди. Бу фикрлар уни бошқаради. Демак фарзандингизнинг келажакда қандай инсон бўлиши сизнинг гап-сўзларингизга ҳам боғлиқ экан. Буни асло унутманг.