Хонадонингизга ҳотиржамлик тилайман, азизлар. Фарзандлар улғайгани сари улардаи муҳаббатни қабул қилиб олиш усуллари ўзгаради. Аввалги суҳбатларимизда айтганимиздек ўғил болалар катта бўла бошлагани сари, силаб-сийпалашлар, ўпиб қучишларни унча хуш кўрмай қоладилар. Бироқ уларга бошқача, оталари билан курашга тушиш, енгилгина елкасига уриб қўйишлар каби ҳаракатлар ёқади. Бироқ баъзи ҳолатлар бўладики, ўғил болалар ҳам қучиш ва ўпишларни яхши қабул қилишади. Айниқса, улар руҳан эзилганда, чарчаганида, ўзларида бирор ҳасталикнинг аломатларини сезганларида юқоридаги мулоқот шаклларини қўллаш яхши натижа беради.
Бундай қувончли онларни фарзанд ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Ўғил болаларга нисбатан жисмоний таъсир ўтказиш ҳақидаги яна бир фикр устида тўхталиб ўтмоқчиман. Уларга гўдаклик пайтларида меҳр билдириш осонроқ кечади. Улғайган сари эса бу доира торайиб боради. Бунинг сабаби нимада? Жамоатчиликда ўғил болаларни ҳаддан ташқари эркалатиб юбориш уларда қиз болага монанд сифатларни келтириб чиқаради деган хато фикр бор. Бундан ташқари, ўғил болалар улғайгани сари уларнинг хатти – ҳаракатлари ёқимсизлашиб боради, уларни ўпиш, қучоқлаш учун ўрин қолмайди. Мисол учун 7-9 ёшли ўғил болалар ўз истараси, хулқ-атвори билан ғашимизга тега бошлайди, бизга ёқмай қолади, бироқ биз шунга қарамасдан боладаги меҳрга ташналикни қондиришимиз, ота-она сифатида унинг эҳтиёжлариини ҳисобга олиб боришимиз ва ўзимизнинг самимий меҳр-муҳаббатимизни унга бағишлашимиз шарт бўлади.
Энди қизлар ва уларнинг жисмоний мулоқот эҳтиёжлари ҳақида фикр юритсак. 7-8 ёшга киргунга қадар қизлар ўғил болаларчалик ҳиссий эҳтиёжлари қондирилмаганлигини очиқ билдирмайдилар. Қизлар ҳиссий тарбияга мойил бўлганликлари сабабли уларга бу борада озор етказиш осон эмас. Умуман, азоб чекаётган ўғил болаларни билиб олиш осон. Буни улар ўз хулқ-атвори орқали аён қилади, лекин қизлар 12 ёшга тўлгунга қадар бу нарсани сездирмайдилар. Адашманг, қиз болалар ҳам ҳиссий эҳтиёжлари қондирилмаганлигидан азоб чекади. Бу у ўсиб борган сари, яъни ўсмирлик ёшида аён бўлади. Ўсмирликка ўтиш пайтида қизларда меҳрга ташналик ҳисси кучайиб кетади.
Ўпиб эркалаш, бағрига босиш ўғил болалар учун гўдаклик пайтида катта аҳамият касб этган бўлса, қиз болалар бунга ўсмирлик ёшига етганда эҳтиёж сезадилар. Чамаси улар 11 ёшга етганда бундай эҳтиёж ўзининг авж палласига етган бўлади. Нима учун қизалоқлар ўсмир ёшига ўтиш палласида шунчалар меҳрга зор бўлишади. Жавоби оддий: ўсмир ёшига ўтиш учун. Ҳар бир қизча бу даврда ўз тайёргарлиги билан етиб келади: қайсидир бири меҳрга қониб, яна бири меҳрга зор бўлиб… Бундай паллада иккита муҳим нарсани англаб етиш зарур бўлади. Биринчиси ўзини англай билиш, иккинчиси аёл зотига мансублигини ҳис қилиш. Қизларнинг меҳрга қонишида оталарнинг ўрни беқиёс. Бу даврда ҳар бир ота қизи билан қандай муносабатда бўлишни билиб олиши керак. Азиз аёллар фарзанд тарбияси, соғлиқ, ва бошқа маълумотлар учун бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. У ердан ўзингизни қизиқтирган ва сиз учун янги бўлган маълумотларни топишингизга ишончим комил.