Ассалому алайкум қадрдонлар. Мен Лола бугун ҳам биз учун азиз бўлган болажонларимизнинг келажакда бахтли, кенг имкониятли кишилар бўлиб етишишига ёрдам берадиган суҳбат тайёрладим. Айтишларича, боланинг онги нормал ўсиши учун у турли таассуротлар олиши керак экан. Бола ҳис-туйғуларининг ривожланиши фақатгина унинг онгига эмас, ҳиссий ҳолатига ҳам ижобий таъсир қилади. Шунинг учун ҳам болани эрта ёшидан мусиқа билан шуғулланиши унинг онги ва ҳиссиётига фойдали бўлади. Мусиқа билан шуғулланадиган болалар, ҳиссий томондан ўзларини бошқара оладиган, босиқ, ва ақлли болалар бўлишади. Мутахассисларнинг фикрича, Математика ёки аниқ фанлар билан шуғулланадиган болаларда миянинг чап ярим шари яхши ишлайди.
Гуманитар фанлар билан шуғулланадиган болаларда эса миянинг ўнг ярим шари яхши ривожланар экан. Бироқ мусиқа билан шуғулланадиган болаларда ҳар иккала ярим шар ҳам яхши ривожланади ва ишлайди. Бу факт.
Агар фарзандингизни мусиқа билан шуғулланишини истасангиз, сиз ҳам ўша мусиқа асбобини чала билишингиз керак. Нега, деган савол туғилади. Чунки кўпчилик оналар фарзандининг пианино чалишни ўрганишини истайди-ю, ўзлари ўрганишни истамайдилар. Бола туғилганидан бошлаб кимга тақлид қилади? Онасига. У онаси қилаётган ишларни қилиб кўришни истайди. Агар сиз пианино чалишни яхши билсангиз, болангиз ҳам бунга қизиқади.
Нега мусиқашунослар, композиторлар ва қўшиқчиларнинг фарзандлари бу қадар мусиқадан яхши мағлумотга эга, деб ўйлайсиз? Чунки улар ёшлигидан шундай муҳитда ўсган. Онасига тақлид қилган. Ëки бундай оилада ўсаётган болаларда мусиқага иқтидор кўпроқми? Асло ундай эмас. Нега болалар ўз она тилларини шунчалик яхши биладилар? Чунки уйда фақат шу тилда гаплашишади. Бола туғилганидан бошлаб шу тилни эшитади, шу тил муҳитида бўлади. Табиийки ўз – ўзидан шу тилни ўрганади. Шунинг ўзи ҳар қандай боланинг иқтидорли эканини кўрсатмайдими? Баъзи оилаларда икки тилда гаплашадилар. Бола эса табиийки икки тилни билиб улғаяди. Бу унинг учун қийинлик қиладими? Асло.
Шундай экан болани ёшлигидан мусиқага қизиқтиришни истасангиз, унга бирор нарса куйлаб беринг, турли мусиқалар эшитсин ва бирор бир мусиқий асбобни чалиб ўргансин. Бунда оналар энг яхши ўқитувчи бўладилар.
Японияда боланинг таълим олишига жуда эрта ёшдан эътибор қаратишади. Ëшлигидан бирор бир тилни ўргатишади, бирор бир мусиқага қизиқтиришади. Болалар эса буни бажонидил ўрганишади. Бизда эса болаларни аяш кучли. Болани қийнаб қўймайлик деймиз. Катта бўлса ўз йўлини топиб кетади, деймиз. Биз боланинг келажакда яхши билим олиши ва яхши ишларда ишлашига унчалик катта эътибор бермаймиз. Мухими яхши одам бўлсин деймиз. Бу ҳам бизнинг хатоимиз. Бола ўзи қизиқадиган нарсаларга кўпроқ имконият беринг. Қизиқмайдиганларини эса қизиқтиринг. Қизиқтириб, уни ўрганишга мажбур қилинг. Келажакда унинг имкониятлари кенгаяди. Дунёда ўз имкониятлари билан завқланиб яшайди.