Ассалому алайкум… Уй ўсимликлари кўпинча кичик гултувакларда ўстирилади. Бинобарин, тупроқдаги озиқ моддалар тез сарфланади. Шу сабабли ўсимликларни ўсув даврида ўғитлаб туришга тўғри келади. Шу мақсадда фойдаланиш учун тавсия этилган ўғит ва ўғит аралашмаларининг турлари жуда кўп. Булар орасида энг яхшиси мол гўнги эритмасидир. У қуйидагича тайёрланади. Бирор бир идишга 1-2 кг мол гўнги солинади ва устига 9-10 литр сув қуйилади. Идишнинг оғзи беркитилиб 10-12 кун бижғитилади. Ҳар куни ёки кунора аралаштириб туриш керак. Эритма тайёр бўлгач, ўсимликларга ўғит сифатида ишлатилади. Бу ўғит ўсимликлар ўса бошлаш олдидан ва ўсув даврида, яъни баҳор ва ёзда, ҳар икки ҳафтада бир марта берилади.
Ўғитлаш олдидан тупроқ яхши намиққан бўлиши керак. Ўсимликларни эрталаб ўғитлаш керак. Булутли кунларда бу ишни кундузи бажарса ҳам бўлади. Касал ёки тиним даврига ўтаётган ўсимликлар гўнг эритмаси билан ўғитланмайди. Агар ўсимликларни ҳар йили кўчириб ўтқазиб, тупроғини янгилаб турсангиз, ўсув даврида ўғитлаш шарт эмас. Кўпинча кўчириб ўтқазиш ноқулай ёки кўчириб ўтқазишга бардош беролмайдиган ўсимликларгина ўғитланади. Илдиз системасини ҳадеб безовта қилавермаслик учун бундай ўсимликларни баҳор ва ёз давомида уч-тўрт марта ўғитлаш кифоя қилади.
Уй ўсимликлари хонанинг умумий кўринишига уйғун келадиган қилиб жойлашиши, кичик ўсимликлар йирикроқларидан олдинда туриши ва орқадаги ўсимликларни ёруғликдан маҳрум этмаслиги, чипор ва ранг-баранг баргли ўсимликлар эса сояда қолиб кетмаслиги керак. Чунки сояда баргларнинг чиройлик ранги яхши кўринмайди. Уй ичида ўсимликларни тўғри жойлаштириш учун уларнинг иссиқлик ва ёруғликка бўлган талабини яхши билиш лозим. Бегония, арум, питтоспорум, колеус, драцена, илиқ температурали пальмалар, орлеандр, фуксия, агапантус, агава ва лавр каби ўсимликлар ҳавоси салқинроқ уйларда яхши ўсади. Бир томондангина ёритилган ўсимлик ёруғлик тушган томонга қараб чўзилади. Тувакчалар вақти-вақти билан айлантириб турилса, ўсимликнинг ҳамма қисмлари бир текис ривожланади.
Кактус, агава, алое, колеус, гибискус, каби ўсимликлар жанубга қараган дераза ёнида ҳам яхши ўсади. Шарқ ва ғарбга қараган деразалар атрофида уй ўсимликларининг деярли ҳамма турлари кўнгилдагидек ривожланади. Бу жойда ёруғлик етарли даражада бўлади ва офтоб ўсимликларни, жанубга қараган дераза ёнидагига нисбатан, унчалик қиздирмайди. Ўсимликлар сийракроқ жойлаштирилса бир-бирига халақит бермайди. Ўсимликларни икки эшик ёки дераза ўртасидаги девор ёнига, қоронғу бурчак ва хоналарга, иситадиган приборлар ёнига қўйиш ярамайди. Форточкага яқин турган ўсимликлар шамолдан зарарланади. Азизлар кейинги сафар сизларга уй ўсимликларининг касалликлари ҳақида маълумот бераман. Сизлар билан Лола суҳбатлашди. Ғойибона учрашувларга қадар соғ ва омон бўлинг.