Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Мен Лола бугунги суҳбат мавзумизни катта қўрқув ва ҳаяжон билан бошлаш арафасидаман. Қўрқув ва ҳаяжон билан деганимга ҳайрон бўлманг. Суҳбатимизнинг давомини тингласангиз, сиз ҳам ҳозир мен ҳис қилаётган туйғулар сизга ҳам кўчишига аминман. Душманимиз шайтон бизга бирор гуноҳ қилишга туртки беради. Беради-ю, сўнг бу ишларга тўлиқ сен айбдор эмассан, деб уқтиради. Бу унинг навбатдаги ёлғонларидан биридир. Агар бутун инсон зотига эътибор қиладиган бўлсангиз, бирор нотўғри иш қилгач, бутун айбдорликни ўз зиммасига олмайди. «Ҳа, айбдор бўлишим мумкин, фақат қисман. Бу ишни қилишимга фалончи ҳам сабаб бўлди», дея бошқаларни ҳам айблайди. Хуллас ҳамма айбни бир-бирига ағдаради. Бўлиб ўтган ишда тўлиқ айбдор бўлган киши йўқ.
Келинг шу аснода яна ортга Адан боғига қайтайлик… Одам Ато билан Момо Ҳаво таъқиқланган дарахт мевасидан еб, гуноҳ қилгач, Худо уларни сўроқ қилди. Иккаласига қараб: «Нима қилдинглар?» деб савол бергани йўқ. Ëки бўлмаса Одам Атога қараб: «Момо Ҳаво нима иш қилиб қўйди?» деб сўрагани йўқ. Ëки Момо Ҳаводан: «Эринг нима иш қилди?» деб сўрамади. У ҳар биридан: «Сен нима қилдинг?» деб сўради. Худо Одам Атога аниқ қилиб: «Мен сенга ема деб буюрган дарахт мевасидан едингми?», деб савол берди. Момо Ҳавога ҳам худди шундай савол берди. Гуноҳ оқибатида улар бир-бирларини айблай бошладилар. Момо Ҳаво илонни айблади, Одам Ато эса хотинини айблади. Бир томондан олиб қараганда улар тўғри жавоб бердилар.
Ҳақиқатда Худо Одам Атога берган хотин Одамга мевадан берди, Одам эса еди. Илон ҳам ҳақиқатда Момо Ҳавони алдади. Нега улар бундай тарзда жавоб беришди. Шу йўл билан улар ўзларига қўйилган айбни кичрайтирмоқчи эди. Адан боғида бошланган «бир бирини айблаш ўйини» ҳозирга қадар давом этиб келмоқда. Бу ҳақида қуйидаги гувоҳликдан билиб оласиз:
«Мен ҳар доим ўзимнинг қилган қарорларим ва гуноҳларим учун бошқаларни, ҳолатларни ва Худони айблардим. Охир оқибат ўз ҳаётим учун жавоб бермайдиган бўлиб қолдим. Ўшандагина худди тузоққа тушиб қолгандек ўзимни кучсиз ҳис қилдим.» Яна бир аёл ўзи ҳақида шундай дейди: «Мен ўзимни жабрланувчи деб ишонганим учун тез-тез тушкунликка тушадиган бўлиб қолдим. Тушкунликка тушаверишим – менинг айбим эмасдек туюларди. Тушкунликка тушишим, жахл қилишимнинг натижаси эканини англагач, гуноҳим учун жавобгарликни ўз бўйнимга олдим. Шундан сўнггина тушкунликдан озод бўлдим.»
Жахл қилганимизда, тушкунликка тушамиз, қайғу чекамиз, асабийлашамиз. Кейин эса бизни шу ҳолатга солиб қўйганлари учун бошқаларни ва ҳолатларни айблаймиз. Кимдир бизни хафа қилди, деб ундан жахлимиз чиқади ва уни айблаймиз. Бироқ у бизни хафа қилганида хафа бўлиш-бўлмаслик бизнинг ихтиёримизда, бунинг учун хафа бўлмаслигимиз ҳам мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кимдир сизни хафа қилган бўлса, ҳафа бўлмасликка қарор қилинг. Қандай қарор қилиш сизнинг қўлингизда. Сиз қилган қарорларингиз ва гуноҳларингиз учун тўлиқ ўзингиз жавобгарсиз, бошқалар эмас. Буни унутманг.