3:00

Садоқат билан ибодат қиладиган юрак

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз сизлар билан ўтган сафар онанинг қалбида бир нечта нарсага нисбатан иштиёқ бўлиши керак деган эдик. Ўша иштиёқлардан бири бу «ибодат қилишга иштиёқдир». Яна Маталлар китобига қайтадиган бўлсак, 31 бобда онанинг ўз фарзандига қайғураётганини кўришимиз мумкин. Ҳар бир она ўз фарзанди ҳақида қайғуради. Унинг улағайиб, яхши инсон бўлиши, яхши таълим олиши, яхши жойларда ишлаб ўз оиласини таъминлаши ҳақида ўйлайди. Аммо буларнинг ўзи етарли эмас. Бу қайғуриш ва истакларни дунёвий деб аташ мумкин. Фақат фарзанднинг таълим олишига, ташқи одобига қараш унинг қалбини ҳам гўзал қилиб қўймайди. Худо кўнглидагидек аёллар фарзандларининг қалбини ҳам тарбиялайдилар. Уларнинг Худо билан муносабати, руҳий ҳаёти ҳақида ҳам қайғурадилар. Бунинг учун тинмай ибодат қиладилар. Маталлар китобидаги шоҳ Лемуэлнинг онаси фарзанди учун тинмай ибодат қилган, ўғлини доно ва Худога муносиб фарзанд қилиб ўстирган онадир. У ўзи севган Худони фарзанди ҳам бутун қалби билан севиши учун ҳаракат қилган. Шубҳасиз, шоҳ Лемуэл ҳам Худони севган инсон бўлиб етишди. Биз ҳам она сифатида фарзандларимиз Худони, биз қадрлаган Худони севишларини истаймиз. Бироқ буни амалга ошириш бизнинг қўлимиздан келмайди. Фарзандлар бизники бўлса ҳам уларнинг қалбини ўзгартириш Худонинг қўлида. Фарзандларимизни Худога яқин инсон бўлиб етишиши учун доимо ибодатда бўлиш керак ҳолос. Ибодат қилиш билан бирга она фарзандлари учун ўрнак бўлиши лозим. Она итоаткорлик билан Худонинг йўлида юрадиган бўлса, фарзандлар ҳам онадан ўрганадилар. Фарзандлар учун ибодат қилиш жуда муҳим бўлишига қарамай, ҳар куни ҳам ибодат қилишнинг иложи бўлмай қолади. Ёддан кўтарилиши, вақтнинг тиғизлиги (бошқа ишларни биринчи ўринга қўйиб бўлса ҳам), ва ҳокозолар. Аммо фарзандларнинг руҳий ҳаёти ҳақида жиддий ўйлаган она ҳеч қачон фарзандлар учун ибодатни иккинчи ўринга қўймайди. Иккинчидан эса инсон сифатида гуноҳ қилмай юролмайсиз. Ҳар куни у ёки бу гуноҳни қилиб қўясиз. Аммо фарзандларга намунали она бўлиш учун ҳам, уларнинг келажакда Худо кўнглидагидек инсонлар бўлиб етишиши учун ҳам она, ҳар куни гуноҳ билан курашиши керак. Бу нарсалар бизни Худога яқинлаштиради. Қандай қилиб ибодат қилишни одат қилиб олиш мумкин? Юқорида айтилганидек фарзанднинг келажагини ўйлаган она бу нарсага астойдил қунт қилади. Бироқ машхур ва таниқли имонлиларнинг ёшлик даврини, оналарининг хизматларини билсангиз, бу ҳам сизга катта туртки бўлиши мумкин. Масалан машхур воизхон Билли Гремнинг онаси доимо фарзандини ёнига олиб у учун ибодат қилган. Онаси ҳар гал Муқаддас Каломдаги 2 Тимўтий 2 боб 15 оятга асосланиб ибодат қилган. Унинг ибодатлари самарасини эса Билли Гремнинг ҳаётидан кўриш мумкин. Жеймс Добсонинг ота-онаси эса ҳафтада бир марта фарзандлари учун рўза тутиб ибодат қилишган. Ҳар сафар ибодат қилганингизда Худодан фарзандларингиз ҳаётини марҳаматлашини, унинг қалбини, руҳини тарбия қилишини сўраб илтижо қилинг. Муқаддас Каломдаги Шомуилнинг онаси Ҳанна каби фарзандингизни бутунлай Худонинг ихтиёрига топширинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top