3:06

Аёллар ишонадиган ёлғон – ташқи гўзаллик биринчи ўринда.

MP3

Ассалому алайкум қадрли аёллар. Мен Лола Худованд менга сизлар билан суҳбатлашиш имконини бергани учун шукрона айтаман. Бугун сизлар билан биз аёлларга таалуқли ва муҳим бўлган мавзу ҳақида суҳбатлашамиз. Анчадан буён ҳаётимизни издан чиқарадиган ва бизни қулликка солиб қўядиган ёлғонлар ҳақида суҳбатлашмоқдамиз. Бу мавзулар шайтоннинг ёлғонларига қул бўлиб қолмаслигимизга ёрдам бериши билан бирга, ўша қулликдан чиқиб кетиш йўлини ҳам кўрсатади. Бугун кўриб чиқмоқчи бўлган ёлғон, кўпчиликка яхши маълум. Бу – ташқи гўзаллик ички гўзалликдан муҳимроқ деган ёлғондир. Бугунги кунда жамиятимиздаги ҳар бир киши атрофидаги ёш қизалоқлар, ўсмир болакайлар онгига мана шу ёлғонни сингдиришга уринмоқдалар.

Бу ёлғон истасак-истамасак турли хил йўллар билан онгимизга кириб келмоқда. Қаердан дейсизми? Атрофимиздагиларнинг гап-сўзларидан, филмлар, рекламалар, қўшиқлар, китоблар ва ҳатто журналлардан. 99 фоиз аёллар ташқи қиёфа ички қиёфадан муҳимроқ деб ҳисоблашади. Агар қизалоқ, чиройли кийиниб, ўзига оро берган бўлса, дарҳол уни мақтаб қўямиз, чиройли кийинмаган ва сочлари тўзиб кетган қизалоққа эса эътибор ҳам қилмаймиз. Бу ҳаракатимиз билан ташқи гўзаллик ички гўзалликдан муҳим деган ёлғонга ишонишимизни кўрсатамиз. Нафақат кўрсатамиз, бу билан қизалоқларга ҳам уқтирган бўламиз. Нима учун Момо Ҳаво яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти мевасидан еди? Каломда ёзилишича бу мева кўзга ёқимли бўлган.

Агар бу мева хунук ва чириган бўлганида Момо Ҳаво шу мевадан ермиди? Асло йўқ. Муаммо меванинг чиройида эмасди. Худо шу дарахт ва мевани шундай чиройли қилиб яратди. Момо Ҳаво дарахтнинг ва меванинг чиройидан баҳра олиши мумкин эди. Бироқ у ташқи гўзалликка ҳаддан ташқари берилиб кетди. Ташқи гўзаллик муҳим деган фикр инсоният учун одатий бўлиб қолди. Қалб ва руҳ гўзаллигидан кўра ташқи гўзаллик муҳим деган ёлғон эркак ва аёлларни ўзларини хунук ҳис қилишларига, ўзларининг кўринишларидан уялишларига сабаб бўлди. Ташқи гўзалликка ҳаддан ташқари кўп эътибор қилиш ҳам баъзиларнинг ҳафсаласи пир бўлишига олиб келади. Биз чиройли ва бекаму-кўст деб ҳисоблаган баъзи Голливуд актриссалари ҳам ўзларини етарлича чиройли деб ўйламас эканлар.

Масалан, мен Мэг Райанни ёқтираман. Уни жуда ёқимтой ва чиройли қоматга эга деб биламан. Бироқ эшитишимча у ҳам ўзининг ташқи кўринишидан мамнун эмас экан. Балки ташқи гўзалликни ҳаддан ортиқ қадрлашнинг ёмон томони йўқ деб ўйларсиз?! Сизни ишонтириб айтаманки, бу ёлғонга ишониб яшасак, ҳаркатларимиз, яшаш тарзимиз ҳам шу ёлғонга кўра ўзгаради. Охир оқибат шу ёлғоннинг қули бўлиб қоламиз. Ўзини бошқалар билан таққослаш, аёл кишида ҳасад, рақиблик, баъзи нарсаларга нотўғри қарашларни келтириб чиқаради. Хўш аёл кишини бу қулликдан нима қутқаради? Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Ташқи гўзаллик алдамчи, бироқ Худодан қўрқадиган аёл мақтовга муносиб». Бу суҳбатимиз билан умуман ташқи қиёфага эътибор қилманг демоқчи эмасман, бу ҳам нотўғри бўларди. Бироқ ташқи қиёфага эътибор қилишни ҳаётингизнинг асосий мазмуни қилиб олманг. Муҳими қалбингизни гўзал қилишга интилинг, шунда унинг гўзаллиги юзингизга кўчади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top