Ассалому алайкум. Эрта тонгдан кўпчилигимиз шу сўзларни эшитамиз, ўзимиз ҳам шу сўзларни ишлатамиз. Тонгингиз ҳайрли бўлсин. Янги кун. Янги тонг у менга янги марҳамат, янги куч, қувват, янги имкониятларни англатади. Қаранг, Худо бизга янги кун орқали, ўтган хатоларимизни тузатиш имконини беради. Ҳаётимизга яна бир янги кунни қўшади, инъом этади. Тонг билан бирга марҳамат беради. У ҳақида ўйлаб кўриш имконини беради. Яхшилик қилишимиз учун, оиламиз, ўзимиз ҳақимизда қайғуришимиз учун янги куч беради. Қаранг бир тонг билан бирга бизга шунча нарса берилар экан. Эрта тонгданоқ Худо бизга шунча нарса тайёрлаб турган экан, ўрнимиздан турмай, дангасалик қилиб ётиш ярашмас. Тетиклашиш учун эса ўтган сафар айтолмай қолган сирларимни сизлар билан бўлишаман. Ҳа, бу сирлар чиндан ҳам сизни бардам ва тетик қилади. Буни ўзимда синаб кўрганман.
Сирларимнинг давомини эшитинг. Сиз иссиқ ўрнингизни тарк этиб бўлгач, миянгизни уйғотиш керак бўлади. Бунинг учун дераза олдига боринг, ёки кичик айвончангиз бўлса, у ерга чиқиб, тонгги салқин ва тоза ҳаводан ўпкангизни тўлдириб, чуқур-чуқур нафас олинг. Кислород миянгизнинг тезда уйғонишига ёрдам беради.
Миянгизнику амаллаб уйғотиб олдингиз энди, қўллар ва оёқларни уйғотиш керак. Бунинг учун, полга ётиб, қўл ва оёқларингизни кўтаринг. Кейин эса кўтарилган ҳолда яхшилаб силкитинг. Қон айланиши яхшиланиб қўл ва оёқларингиз ҳам янги ҳаракатлар учун тайёр бўлади.
Эрталабки нонуштадан олдин, диетологлар кунни С витамини билан бошлашни тавсия қилишади. Бу мия фаоллигини ошириб, кишининг яхши фикрлашига ёрдам берар экан. Шунинг учун баъзилар тонгда грейпфрут ейишни маъқул кўришади. Бироқ оч қоринга грейпфрут ейиш ошқозонга салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам оддийгина аскорбинканинг бир донасини қабул қилиш ёки наъматакли дамламадан ичиш етарли бўлади.
Ҳозирги айтадиган сири, дангаса кишилар учун ёқмаслиги аниқ. Аммо шу орқали сиз кучингизни бутун кунга етказа оласиз. Агар танангиз терлагунча машқ қилсангиз ва контраст душ қабул қилсангиз, кун охиригача, бардам, тетик ва яхши кайфият сизга ҳамрох бўлади. Бу маслаҳат айниқса, кун давомида кам ҳаракат қиладиган аёллар учун жуда мос келади.
Ҳа, айтгандай, яна бир нарса. Эрталабки нонуштадан 15-20 дақиқа олдин, бир стакан қайнатилган сув ичинг. Тонгги сув овқат ҳазм қилиш системасини фаоллаштиради, овқатнинг тезроқ ва яхшироқ ҳазм бўлишини таъминлайди. Шунда организмингиз тонгги нонуштани ҳазм қилиш учун кўп куч сарфламайди.
Нонуштага ҳар нарсани ейиш ҳам тўғри келмайди. Бутерброд, колбаса, ва оғир овқатлардан воз кечинг. Яхшиси, қайнатилган тухум, мевали салат, қатиқ истеъмол қилинг. Бу махсулотларнинг барида тонгда танангиз учун керак бўладиган ионлар, калий ва магний бор. Улар миямиздаги хабарларни асаб импулсларига етказишни тезлаштиради. Эрта тонгдан ишингизга ва одамлар билан муносабатга тезда киришиб кетай десангиз, нонуштангизга ҳам эътибор беринг. Муҳими вақтида ухланг, вақтида овқатланинг ва онгингизни ижобий фикрлар билан тўлдиринг. Ва биз учун соғ-саломат бўлинг.