Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугун мен Лола сизларга яна баъзи бир нарсалар ҳақида айтиб ўтишни лозим деб топдим. Чунки бу ишлар бизнинг уй-рўзғор ишларимизда асқотади. Биз аёллар ўз яқинларимизга мазали таомлар пишириб беришни ва улардан мақтовлар эшитишни ёқтирамиз. Шунинг учун ҳам қуйидаги эслатмаларни диққат билан тинглашни маслаҳат бераман. Демак бошладик.
Кўпинча гўшт ёки сабзавотларни музлатиб қўямиз. Кейин эса музини эритиб ишлатишга одатланганмиз. Аммо сизга бир нарсани айтиб қўйяй. Музлатилган сабзавотларни музини эритиб ўтирмай, шундайлигича қайнаётган сув ичига солинг, шунда витаминлари тўлиқлигича сақланиб қолади.
Сабзавотлар туз солинган сувда қайнатилса улардаги витаминларнинг 70 фоизи йўқолади. Шунинг учун аввал сабзавотларни пишириб олиб, сўнг туз солинг.
Сабзавотларни кесаётганингизда сифатли пичоқдан фойдаланаётганингизга эътибор қилинг. Чунки сифатсиз пичоқлар ёрдамида сабзавотларни кесиш билан улардаги С витамини йўқолади.
Қуритилган сабзавотларни яхшилаб ювиб, ивитиб қўйинг. Кейин эса ўша ивитилган сувда қайнатинг.
Сабзавотларни қанчалик йирик тўғрасангиз улардаги витамин ва минераллар шунча яхши сақланиб қолади.
Агар бирор бир тузламалар қилган бўлсангиз, тузламаларни қўлингиз билан эмас, тоза қошиқ ёки санчқидан фойдаланинг. Шунда улар ўз таъмини йўқотмайди ва узоқ вақт яхши сақланади.
Қайнатилган сабзавотларни ўзи қайнаган сувда узоқ қолдирманг. Шундай қилсангиз улар бемаза бўлиб, ўзига қайнаган сувни тортиб олади. Сабзавотлар қайнаб пишгач, уларни дарҳол сузиб олинг.
Сабзавотларни қаттиқ қайнатиб юборманг.
Қайнатиб пиширилган сабзавотларни пўстини ҳали иссиқлигида атрсангиз осонроқ бўлади.
Агар карам тузламоқчи бўлсангиз уларни иккига бўлиб, баргларининг орасига маккажўхори донларидан солиб қўйиб, тузланг. Шунда тузланган карамингиз мулойим ва яхши тайёр бўлади.
Жануб томонларда қиш унчалик қаттиқ келмайди. Шунинг учун ҳам тузланган карамларни ўраларда сақлаш мумкин.
Тузланган карамга олма ёки мандарин ва апелсин бўлакларидан ҳам солиш мумкин.
Карамдан бирор нарса тайёрлашдан олдин уни шўр сувда бироз муддатга қўйиб қўйинг. Шунда карам орасига кириб қолган ҳашоратлар сув юзига чиқади.
Агар пиширилган гулкарамдан салат тайёрламоқчи бўлсангиз, уни совуқ сувга солиб қаттиқ қайнатинг ва пишаётганида озгина лимон сувини сиқиб юборинг. Шунда у сарғайиб қолмайди.