4:08

Оилaда Хотиннинг роли

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Муқаддас Руҳга тўла оиланинг белгиси, бахт, яхши тарбияланган болалар ёки мол-дунё эмас. Муқаддас Руҳга тўла оиланинг белгиси бу Худонинг Каломига итоатли бўлишдир. Худонинг Каломига бўйсуниш оиланинг Муқаддас Руҳ билан бошқарилишини ва бахтли бўлишини таъминлайди. Раббимиз шундай деган эди: « Худо Каломини тинглаб уни бажо келтирганлар бахтлидир.” Бахтли бўлиш учун икки нарса талаб этилади. Худо Каломини тинглаш ва бажо келтириш. Раббимизнинг айтганларига кўра шундай формула ясасак бўлади: Худо каломини бажо келтириш + Уни бажо келтириш = Бахт. Дунёда бутун инсоният абадий бахтни қидиради. Бахтга унинг орқасидан қувиш билан эришиб бўлмайди. Агар сиз Худо Каломига бўйсунсангиз сиз қидирган бахт ўз-ўзидан келади. Бу нарса айниқса оила учун мухимдир. Муқаддас Руҳ билан бошқариладиган оила қандай бўлади? Биринчидан Муқаддас Руҳ билан тўлган оиладагиларнинг юрагида Худога шукроналик тўлиб тошади. Иккинчидан эса ҳар қандай холатда ҳам Худодан миннатдор бўладилар. Учинчидан оиладагиларнинг ҳаммаси Худога итоаткор бўладилар. Бу белгилар оилада эрнинг ҳам хотиннинг ҳам вазифасида катта аҳамиятга эгадир. Худо оилада эр билан хотиннинг вазифасини белгилаб берган. Ҳар иккисининг ўз вазифасини муваффақиятли бажариши учун улардан ҳамкорлик талаб этилади. Шунинг учун ҳам Худованд Ўз Каломида «Масиҳни ҳурматлаб бир-бирингизга бўйсунинглар.” – деб айтган. Хақиқатда бир бирига бўйсунадиган эр-хотинлар турмушда ўз вазифаларини бажаришга қийналмайдилар ва бир-бирларини ўз вазифаларини бажармаётганликда айбламайдилар. Оилада аёлнинг вазифаси ундан универсал бўлишни талаб этади. Ундан фақат она, ёрдамчи, севимли ёр, ва тиришқоқ бўлишдан хам кўпроғи талаб этилади. Бу билан аёл тенг ҳуқуққа эга эмас, деган фикрдан йироқмиз. У оиланинг боши ёки президенти бўлган эрга тобе ва оиланинг вице президентидир. Худо аёлга шундай вазифани бергани учун эрига итоаткор бўлмай туриб, Муқаддас Руҳга тўлолмайди. Шу ўринда мен ўз хаётимдан мисол келтирай. Ҳар бир масалада менинг ўз фикрим ва қарашларим бор. Тез – тез эримнинг қарашларига қарши фикрлар билдириб, ўзимникини маъқуллардим. Худди шу одатим сабаб, тез-тез жанжаллашиб қолардик. Жанжаллашмаган тақдиримизда ҳам, унинг қилган қарорларидан кўнглим тўлмай, қаттиқ жахлим чиқарди. Ичимдаги «мен” исён қиларди. Бу исёндан фақатгина ўзим қийналардим. Шундай келишмовчиликлар орқали Худованд менга оила боши бўлган эримга итоат қилишни ўргатди. Мен аста-секин итоатли бўлиш ҳақида ўргана бордим. ҳар сафар янги ўрганганларимнинг ҳаммаси бориб, итоатли бўлишга тақаларди. Бошида унинг фикрларини хеч қандай қаршиликсиз қабул қилишга қийналдим. Бироқ вақт ўтиб, бу нарса мен учун қийин бўлмай қолди. Итоатли бўлиш менга одат бўлиб қолгач эса Муқаддас Руҳга тўлиш хоҳиши пайдо бўлди. Кейин эса Муқаддас Руҳга тўлдир, дея Худога илтижо қила бошладим. Энди биламанки, Худо мени Муқаддас Руҳга тўлдириш учун аввало мендаги хатоларни тўғриламоқчи бўлган экан. Худога шукур. Ҳақиқатда Муқаддас Руҳга тўлган аёл мухаббат билан ва бажонудил эрига бўйсунадиган бўлади. Атрофингизда сизни замонавий аёл бўлишга ундаётганларнинг фикрларига эҳтиёт бўлинг. Ҳар кимнинг ҳам фикрларини тўғри деб қабул қилаверманг. Сиз оилангизга ва эрингизга қарши чиқсангиз, Худовандга қарши исён қилгандай бўласиз. Муқаддас Калом аёлларни эрига ҳурмат, иззат ва итоат билан муносабатда бўлишга ундайди. Итоаткор бўлиш бу – аёлнинг ҳуқуқлари поймол этилган дегани эмас. Бу эрга қул бўлиш дегани ҳам эмас. Аксинча аёл Худонинг Каломига бўйсунаётгани учун итоаткорлик унга кўпроқ эркинлик беради. Дунёвий қонунларга амал қилиб қўйсангиз, ўзингизни қанчалик эркин хис қиласиз, тўғрими. Ҳудди шундай Худонинг қонунларига бўйсунадиган аёл ҳам ўзини мутлақо эркин ҳис қилади. Азизлар, аёлнинг оиладаги вазифаси фақат итоаткор бўлиш билан чекланмайди. Кейинги суҳбатларимизни кутинг. Унда Худо бизга яна қандай вазифаларни бергани хақида суҳбатлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top