3:36

Худо менинг муаммоларимни ҳал қилиши керак

MP3

Ассалому алайкум азиз аёллар. Лола яна ҳузурингизда. Агар кимдир бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб берса, қандай ажойиб. Муаммо яратишдан осони борми? Бироқ муаммоларни ҳал қилиш қийин. Баъзи муаммолар умуман ҳал бўлмаслиги ҳам мумкин. Агар ёдингизда бўлса, аввалги суҳбатларимиздан бирида ҳаётимиздаги ҳар бир гуноҳ, ёлғондан бошланиши ҳақида айтиб ўтган эдик. Худо ҳақида ҳамманинг тушунчаси бир-биридан фарқ қилади. Эҳтимол имонли бўлсак ҳам, нотўғри фикрларга ишониб яшаётган бўлишимиз мумкин. Кимдир мен энди Худонинг фарзандиман, У менинг ҳамма муаммоларимни ҳал қилади, деб ўйлар. Бу фикр мутлақо нотўғри. Худо бизнинг муаммоларимизни ҳал қилишга мажбур эмас.

Биз ўзимиз қонунсизлигимиз, қайсарлигимиз ва гуноҳларимиз туфайли шу муаммоларни бошимизга орттириб олганмиз. Энди эса гуноҳларимиз ва ўзбошимчаликларимизнинг мевасини ҳам ейишимизга тўғри келади. Худо менинг муаммоларимни ҳал қилиши керак, деган фикр, икки томонлама ёлғонга олиб келади. Биринчидан бундай фикр қиладиганлар Худони худди шамчироқ ичида яшайдиган Жинга ўхшатиб қўйишади. Уларнинг тасаввурига кўра Худо улар учун шамчироқ ишқланганда амримизга мунтазир бўлиб, буюрганимизни бажо келтирадиган Жин. Бу ёлғон Худодан ҳафсаламиз пир бўлишига сабаб бўлади. Агар муаммоларимиз ҳал бўлмаса, Худо бизга ёрдамга келмади, деб Худодан ҳафа бўламиз. Иккинчидан эса бу ёлғон ҳаётдаги мақсадимизга ҳам нотўғри қарашимизга сабаб бўлади.

Бу ёлғонга ишониб яшасак, ҳаётда ҳеч қандай муаммомиз бўлмаслиги керак, ҳар қандай оғир ва ёқимсиз нарсадан ҳалос бўлиш керак деган фикр билан яшаймиз. Атрофимиздагилар ҳам худди биз каби фикрлайдилар. Муаммолар билан яшамаслик керак. Ҳар бир муаммо ҳал этилиши лозим, деган фикр билан ҳаракат қиладилар. Масалан, бош оғрийдими, оғриқни қолдирадиган дори ичамиз. Бошлиғимиз ёқмайдими? Иш жойимизни алмаштирамз. Жамоатда чўпоннинг ваъзи ёқмайдими? Бошқа жамоатга борамиз. Янги машина олишни истаймиз, бироқ олишга қурбимиз етмайдими? Банкдан кредит оламиз. Кўпчилик учун масиҳийликни муаммоларни ҳал қилишнинг чораси деб ҳисоблайди. Муаммоларинг борми? Шунчаки ибодат қил ва Худога ишон. Шунда банкда пулинг кўп бўлади, дўстинг ракдан ҳалос бўлади, бошқа ёлғиз бўлмайсан, ҳар доим гуноҳни енгасан, эски одатларинг билан курашишга ҳожат қолмайди, сен соғлом ва бахтли бўласан.

Бу мутлақо нотўғри. Шайтон худди шу ёлғонга ишонишимизни истайди ва бизни шунга ишонтиришга уринади. Нима учун кўпчилик масиҳий аёллар ғазаб ва қайғуда яшашади? Нега уларнинг ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлган? Чунки улар Исо Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилсам, жамоатга қатнасам, менда ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деб ўйлашган. Худога итоаткорлик билан яшасам – ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмайман деган фикрга боришган. Масиҳни қабул қилганлар ҳамма муаммоларидан ҳалос бўладилар, деган фикр мутлақо нотўғри. Ҳаёт қийин. Биз гуноҳкор дунёда яшаяпмиз. Ҳатто нажот топганлар ҳам танада яшаб, гуноҳларга дуч келадилар. Худованд янги ер ва янги осмонни яратмагунча гуноҳнинг барбод қилувчи ишларидан озод бўлолмаймиз. Ўша кунгача биз кўп кўз ёш тўкамиз, қийинчиликларни, муаммоларни бошимиздан кечирамиз. Бироқ бир нарса ёдингизда бўлсин, ҳар доим Худованд сиз билан бирга бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top