«Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас.» 1Коринфликлар 13:4
Ассалому алайкум, қадрдонлар. Мен Лола сизлар билан бугунги суҳбатимни муҳаббатдан бошладим. Бироқ бу суҳбат сиз кутганингиздан бошқача. Бир сафар тоғли ҳудудга дам олишга бордим. У ер жуда чиройли эди. Унинг чиройига маҳлиё бўлиб, ўша ерлик бир одам билан сайрга чиқишга қарор қилдим. Бироқ қилган қарорим қанчалик ахмоқона бўлганини кейинроқ билдим. Бу ерлар чиройли бўлиши билан бирга хавфдан ҳоли эмасди. Тоғ йўллари бир кун олдин ёққан ёмғирдан ўта сирпанчиқ бўлиб қолган, оёқни салгина хато боссанг, сирпаниб пастга думалашинг аниқ эди. Бир амаллаб ерлик йўлбошловчи билан тоғнинг нариги томонига ўтиб олдим. Шунчалик чарчаганимдан ортга қайтишга қарор қилдим. Бироқ энди келган йўлимиздан қайтмоқчи эмас эдим.
Йўлбошловчи эса бошқа йўл билан ортга қайтишимиз мумкинлигини айтди. Бу йўл бир оз хавфсиз аммо узоқроқ эди. Узоқроқ бўлса ҳам иккинчи йўл билан ортга қайтишни танладим. Дам олиб бўлгач, йўлга тушдик. Йўлимизда каттагина жилға чиқди. Бу жилғадан ўтиш ҳам осон эмасди. Ҳар жой-ҳар ҳар-жойдан чиқиб турган каттагина ҳарсанглардан сакраб ўтишимизга тўғри келди. Сув жуда совуқ, мабодо тушиб кетсам, музлашим аниқ эди. Аввал йўл бошловчи кетидан мен ҳарсанглардан сакраб ўта бошладим. Жилғанинг қоқ ўртасига келганимизда тўхтаб қолдим. Чунки мен оёқ босиб турган ҳарсанг билан кейинги ҳарсанг ораси анча узоқ эди. Йўл бошловчи сувдан бошқа бир тошни олиб икки ҳарсанг ўртасига ташлади. Шунда ҳам ўша ҳарсангга оёқ ташлашга қўрқардим.
Йўлбошловчи менга қўлини чўзиб, кейинги ҳарсангга оёқ ташлашга ундар, ичимдаги қўрқув эса бунга йўл бермасди. Йўл бошловчи менга: «Қўрқманг, йиқилмайсиз. Мен қўлингиздан ушлаб тураман. Шу пайтгача ҳеч бир кишининг йиқилишига йўл қўймаганман. Сизни эсон-омон нариги томонга олиб ўтаман» — деди. У айтганидек, эсон-омон нариги қирғоққа ўтиб олдик. Яшаб турган жойимга ҳам етиб келдим. Кун ботгач, ўтган куним ҳақида ўйладим. Мени эсон-омон ортга қайтишимга ёрдам бергани учун Худойимга шукрона билдирдим. Ўша заҳоти Худонинг бизга бўлган муҳаббатини ҳис қилдим. Худонинг табиатини яхшироқ тушунгандай бўлдим. Йўл бошловчи менга ишонч деган нарсани яна бир бор яхшироқ тушунишимга сабаб бўлди.
Ўшанда мен бор йўғи, кейинги тошга оёқ босишим ва йўлбошловчининг қўлидан тутишим керак эди. Ҳаётимизда ҳам шундай бўлади. Қийин дамларда Худованд бир қадам олдинга босиб, Унинг қўлидан тутишимизни истайди. Қийин дамларда Худованд биз томонга қўл чўзиб туради. Биз эса бор йўғи Унинг қўлидан тутишимиз керак ҳолос. Шундай қилсак, у бизни қийин ҳолатимиздан олиб чиқиб кетади. Худо шундай қилишга мажбурми? Асло йўқ. Аммо У бизни беҳад севади. У хатоларимиз учун кек сақлаб ўтирмайди. У кўнгилчан. Худонинг бутун борлиғи шундай муҳаббат билан тўла. Бизга ҳам шу муҳаббатидан бера олади. Қанча берса ҳам ўзидаги муҳаббат тугаб қолмайди. Роберт Шулер муҳаббат ҳақида шундай деган эди: «Уруғнинг униб чиқиши қанчалик табиий бўлса, муҳаббатнинг ўзини қурбон қилиши ҳам шунчалик табиийдир.»