Ассалому алайкум. Ëлғизлик. Бу юракни сиқадиган, ҳеч қачон ўтиб кетмайдигандай туюладиган ҳолат. Орамизда турли ҳолатдаги аёллар бор. Бевалар, ёлғиз оналар, турмуш ўртоқлари оғир ҳасталикка чалинганлар, ёки бўлмаса турмушга чиқмаганлар. Бундай ҳолатларни бармоқ билан санаб бўлмайди. Дунёда қанча кўп аёл бўлса, уларнинг ҳолатлари ҳам турлича. Ëлғизлик кишини руҳан эзади. Турмуш ўртоғидан ажрашган ёки бўлмаса, ундан айрилиб қолган аёл ўзини жуда ёлғиз ҳис қилади. Ахир Худо аёлни ҳам эркакни ҳам бирга бўлиш учун яратган. Улар турмуш қуришар экан, Худо уларни бир тан қилган эди.
Энди турмуш ўртоғидан ажралган аёл нима қилсин? Энг аввало ўзини қўлга олиши керак. Бу дунёга ҳеч ким устун бўлган эмас. Албатта қийин, бироқ ҳаёт давом этади. Кўнгилга сиғмаса ҳам кундалик ишлари, фарзандлари билан шуғулланиши, энди эрининг ўрнига ҳам пул топиши керак бўлади. Энди у аввалгидан ҳам кучлироқ ва эпчилроқ бўлишига тўғри келади. Яна айтаман, бу жуда оғир ҳолат, бироқ кимдир эрта кетади кимдир олдин. Шундай пайтда турмуш ўртоғининг яхши жойга борганини ўйлаши, бу эри учун яхши бўлганини ўйлаш керак. Ахир у жаннатда, у Худо билан. Бу унинг учун энг маъқу жой эмасми?
Европа ва чет мамлакатларда бир одат бор экан. Улар ўлганлар ортидан ҳадеб куюнавермас эканлар. Бундай пайтда кейинги жавобгарликлар ҳақида ўйлаб, ўзларини шуна тайёрлар эканлар. Бу жуда яхши одат. Ҳадеб куюнавериш саломатликка ҳам зиён. Энди бундан кейин ҳаётингиз қандай кечиши ҳақида ўйланг.
Ҳа, айтгандай, энг муҳим нарса ҳақида гапиришни унутаёзибман. Сиз ўзингизни қанчалик ёлғиз ҳис қилманг, Яратувчингиз Худо сиз билан бирга. У сизга керакли тасаллини ҳам далдани ҳам бера олади. Муҳими Уни унутиб қўйманг. Ундан хафа бўлманг. Бу унинг хоҳиши. Худонинг хоҳишига ким қарши чиқа олади. Қийин дамларда Худованд сизга керакли куч ва иродани, марҳамат ва севинчни ҳам бера олади. Бунинг учун унга ишонинг. Унинг сизга бўлган севгисига, Унинг қудратига, керак пайтда бера оладиган марҳаматига ва иноятига ишонинг. У сизни кўтаришга қодир.
Энг ёмон аҳволимизда Худо бизга биздан кўра яқинроқ бўлади. Шу пайтларда унга муҳтожлигимизни ҳис қиламиз. Авваллари Худони эсламаганимиз учун, Унга яқин бўлмаганимиз учун афсусланамиз. Аммо ҳозир ҳам кеч эмас. Ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз ҳам аслида ёлғиз эмассиз. Худо сизни ташлаб кетмайди. У доимо сизни қўллаб қувватлашга тайёр.
Ëлғизман деб ўйлаяпсизми? Атрофингизга қаранг. Худо сизга дўстлар, дугоналар, яқин кишиларни қўйган. Улар орқали Худо ғамхўрлик қилаяпти. У сизга қувончли дамларни ҳам беради. Сиз айни дамда нимага муҳтож бўлсангиз ўшани беради. Ҳозир тушуна олмасангиз ҳам вақт ўтиб, Худо ўшанда қандай ёрдам берганини кўрасиз.
Ëлғизлик турли хил бўлади. Агар кейинги суҳбатларимизни ҳам тинглаб борсангиз, бошқа ҳолатдаги аёлларнинг ёлғизлиги ҳақида билиб оласиз.