Ассалому алайкум сабрли ва иродали опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз биз аёлларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлган оналик ҳақида бўлади. Мен Лола эса сизларга бу маълумотни беришдан мамнунман. Болалар эти жуда нозик бўлишини биласиз. Уларнинг эти тирналса осонгина инфекция тушиши мумкин. Кичкинтой катта бўлгани сари у ўйнайдиган ўйинлар сони ҳам ўз-ўзидан кўпайиб бораверади. Ўйнаётган вақтида йиқилиб тушиши, териси тирналиб жароҳат олиши мумкин. Баъзан катталар йиқилиб тушиб, йиғлаётган боласининг устини қоқа туриб: «Биз ҳам йиқилиб-йиқилиб катта бўлганмиз”, дея фарзандини юпатишади. Болаларнинг эти жуда нозик бўлиб, олган жароҳати жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун оналар айрим тавсияларни ёдда сақлашлари керак. Боланинг жароҳатланса оқар сувда жароҳатланган ерни ювиб ташлаш керак. Бу жуда оддий усул бўлиб, унда жароҳат атрофидаги чанг, тупроқ каби ортиқча кирлар ювилиб кетади. Совуқ сув оғриқни қолдириб, яллиғланиш жараёнини камайтиради. Ундан ташқари бундай пайтда перекис водороди ҳам ёрдам беради. 3 фоизли перекис кукуни билан шикасланган ерни яхшилаб ювиб ташланг. Перекис кукуни жароҳатга ёпишиб қолган ортиқча моддаларни ўзи билан кўчириб ювиб юборади. Мазкур муолажани бир неча бор такрорланг. Перекис жонни оғритмайди, бу жараёнда болангиз оғриқни мутлақо сезмайди. Зелёнка, йод, ним пушти марганцовка эритмаси, ароқ, спирт ёки одеколон. Буларнинг бирортаси билан жароҳат атрофини артиб ташланг, аммо жароҳатнинг ўзига суртманг. Чунки, жароҳатнинг ўзига суртилганда жонни оғритади ва самараси бўлмайди. Шикастланган терида оқсил тўқималари юзага чиқиб қолади ва юқоридаги ишқорлар терига суртилганда, тўқималар куйган шаклда ўлади. Таркибида кимёвий моддалар бўлган воситалар, мавжуд ярани янада чуқурлаштиради ва жароҳатнинг тезда битиб кетмаслигига ва унинг ўрнида чандиқ қолишига сабаб бўлиши мумкин. Боланинг эти жароҳатланганда фурацилин эритмаси ҳам ёрдам беради. Жароҳат эндигина қизариб, шишиб, яллиғланаётган вақтда ярим стакан қайнаган сувга фурацилин таблеткасини солинг, совутиб, шикастланган ерни ювиб ташланг.
Болангизни чивин чақса ва у боланинг терисини қичиштирса, доканинг кичик бўлагини фурацилин эритмасига ботириб, жароҳатланган соҳага қўйинг. Энди оддий марганцовка эритмасига қайтсак. Ним пушти рангли марганцовка эритмаси билан ҳам жароҳат олган ерни ювиб ташлаш мумкин, тўқ рангли марганцовка эритмаси терини куйдириб юбориши туфайли эҳтиётроқ бўлинг. Калий перманганат кристали терининг очиқ ерларида қолиб кетмаслигини ҳам назорат қилиб туринг. Терига тушган кристалл оғриқ бериши ва тўқималарни жиддий жароҳатлаши мумкин. Ҳар куни ошхонада ишлатиладиган сода эритмаси ҳам жароҳатланганда фойда бериши мумкин экан. Бир стакан сувга бир чойқошиқ истеъмол содасини солинг. Ундан чивин чаққанда яллиғланиш ва шишларни қайтариш учун терига суртишда фойдаланинг. Томоқ оғриғида, бурун оқишида намакоб сувнинг фойдаси катталигини биласиз. Бироқ тери жароҳатланганда ҳам намакоб сув фойда берар экан. Бир стакан сувга бир чой қошиқ туз солиб аралаштирилади ва терининг тирналган ерига қўйилади. Намакоб жароҳатли теридаги йирингларни кетказади.
Азиз оналар, фарзандларимиз соғлом ва кўркам вояга етишлари учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Агар бизнинг суҳбатларимизни тинглаб борсангиз бола ўстириш жараёнида учрайдиган муаммоларга ечим топасиз. Бу йўлдаги ҳаракатларингизга барака тилаб сизлар билан ҳайрлашаман.