4:16

Юракдан хафачиликни чиқариб ташланг

MP3

Ассалому алайкум қадрли ва мехрибон аёллар. Мавзумиз номига эътибор бердингизми? Юрагингиздан хафачиликни чиқариб ташланг дейиш, айтишгагина осон. Буни бажариш учун эса хар биримизга куч ва чексиз мухаббат керак бўлади. Биз хафагарчилик хақида аввал хам сухбатлашганмиз. Биз бегоналарни осонгина кечира оламиз, бироқ негадир ўз яқинларимизнинг бизга қилган нотўғри харакатларини кечира олмаймиз. Буни кечириш учун узоқ вақт кетади. Бу хақиқат оилага хам тўғри келади. Хар сафар эрингиз сизни хафа қилганида бу хафачиликни юрагингизга киргизманг. Агар унинг сизга қилган нотўғри ёки адолатсиз харакатини ўйлайверсангиз бу хафачилик юрагингизга ўрнашиб қолади. Кейин эса уни чиқариб ташлаш анча қийин кечади. Эрингиз сизни хафа қилганида унинг кечирим сўрашини кутиб ўтирманг. Шунчаки кечириб юборинг. Ундан хафа бўлиб юрсангиз бу муносабатларингизга хам таъсир қилади. Биз эса мумкин қадар эр-хотин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш хақида сухбатлашяпмиз ва кўпгина фойдали маслахатлар оляпмиз. Унинг сизни хафа қилишига нима сабаб бўлди? Балки ўзингиз билмаган холда бирор хато қилгандирсиз? Ёки унга ёқмайдиган бирор бир иш қилгандирсиз? Нима бўлган тақдирда хам, унинг сизни хафа қилганига, сиз томондан бирор бир хато ўтган ўтмаганини аниқланг. Кейин эса қилган хатойингиз учун ундан кечирим сўранг. Ўйлаб қаранг яқин вақт ичида уни неча марта хафа қилдингиз? Уни хафа қилган холатларингизни эслаб қоғозга ёзинг ва ўрни келганда шу хатоларингиз учун ундан кечирим сўранг. Кейин эса тўғри вақт топиб, ундан сиздаги қайси характер ёки одатлар унга ёқмаслигини сўранг. Албатта узоқ вақтдан буён шахсингизнинг бир қисми бўлган одатингиз ёки характерингизни тезда ўзгартишнинг иложи йўқ. Аммо астойдил харакат қилсангиз, аста-секин хаммаси ўзгаради. Буни эрингизга хам тушунтиринг. У хам сизга нисбатан сабр тоқатли бўлишига тўғри келади. Турмушда турли хил холатлар бўлади. Турмуш жанжал ва келишмовчиликларсиз бўлмайди. Худо иккита бутунлай бир-бирига ўхшамайдиган инсонни бирга қилади. Бу икки инсон эса хаёти давомида бир-бирига “ишқаланиши” давомида бир-бирига тўғри келиб боради. Бу “ишқаланишлар”ни биз келишмовчиликлар ёки жанжаллар деб аташимиз мумкин. Агар келишмовчиликларни ақл билан бошқарса ва улардан керакли хулоса чиқарилса, оиланинг мустахкамлиги таъминланади. Хар қандай холатда хам ўз айбини тан олишга тайёр бўлиш, рухан етукликни билдиради. Хар ким хам ўз айбини тан ола билмайди. Буни ўрганиш хам осон эмас. Агар билмасдан эримизни хафа қилиб қўйсак, ундан кечирим сўрашимиз керак. Айбимизни чин дилдан тан олиш ва кечирим сўраш биздаги хафачиликни йўқотибгина қолмасдан, биз хафа қилган одамнинг бизга бўлган хурматини хам оширади. Асосийси келишмовчиликдан кейинги салбий натижанинг олдини олган бўламиз. Қайси бири қийинроқ мағрурлик қилиб айбни тан олмасликми ёки чин дилдан айбига иқрор бўлишми? Албатта иккинчиси. Кучли одам ўз айбини тан ола олади. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “ Бироқ Худонинг инояти бунга қараганда янада сахийроқ, чунончи бошқа оятда шундай айтилган: Худо мағрурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир.” Эрингиз билан муносабатда хар қандай мағрурликни йиғиштириб қўйинг. Аёлнинг, айниқса хотиннинг мағрурлиги оилага зарар келтиради. Эр билан муносабатни яхшилашни истайдиганлар мумкин қадар ундан хафа бўлмасликка харакат қилишлари керак. Албатта эрнинг сабабсиз хафа қилишини оқлаб бўлмайди. Бироқ у сизни ранжитганда хафа бўлмай, буни ўзгартиришнинг бошқа йўлини топиш хам мумкин. БУндай пайтда сиз қулай, у эшитиши мумкин бўлган вақтни топиб, унга ўшанда қандай нотўғри иш қилганини, бу сизга ёмон таъсир қилганини секингина мухаббат билан тушунтиринг. Бу усул хафа бўлишдан кўра самаралироқ. Харакатларингиз бошида бесамар кетса хам тушкунликка тушманг. Асосийси қатъият билан харакат қилинг. Худованд эса харакатларингизни баракалайди. Айтганча, харакат қилаётганингизда Худодан куч ва ёрдам сўранг. У сизга албатта ёрдам беради. Мен хамдардингиз Лола сизга сабр-тоқат ва ғайрат тилаб хайрлашаман. Омон бўлинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top