3:13

Вақтларни тўғри тақсимлаш

MP3

Ассалому алайкум меҳнаткаш ва оқила опа-сингиллар. Назаримизда ишлар ҳеч қачон тугамайдигандай, улар худди бизни еб битириш учун пайдо бўлаётгандай. Агар шундай туюлаётган бўлса, вақтингизни тўғри режалаштирмагансиз. Кўп нарса қилишингиз керак, бироқ вақтингиз етмаяпти. Жуда кўп ишлар қилинмай қолиб кетяптими? Ҳам, уй ишлари ҳам давлат иши сизни толиқтириб қўйяптими? Демак сиз вақтингиз ва қиладиган ишларингизни бир кўриб чиқишингиз керак. Энг аввало қўлингизга қоғоз қалам олиб бугун ва яқин кунларда қилишингиз керак бўлган ишларни ёзиб чиқинг. Энг бошига энг зарурларини қуйироққа эса кейин ҳам қилса бўладиган ишларни ёзинг. Чунки бирор бир ишни қилиб бўлгач, энг асосий иш қолиб кетганини кўриб, асабларингиз портлаш даражасига келади.

Кейин эса, яқиндагина қилган ишингизни кейинроқ ҳам қилсам бўлади-ку, деб ўйлайсиз. Шундай бўлмаслиги учун ишларингизни вақтингизга қараб тақсимлаб чиқинг. Энг аввало шу бугун ёки эртагача қилиниши керак бўлган ишларни ёзинг. Кейин муҳимлигига қараб, уларни индинга ёки кейинги ҳафтага жойлаштиришингиз мумкин. Хуллас, бугун эртага, кейинги ҳафта ва шу бир ой ичида қилишингиз керак бўлган ишларингизнинг рўйхатини тузиб, уларни ўз кунларига жойлаштириб чиқинг. Бунда сизга ён дафтарча керак бўлади. Агар ишларингиз ва елкангизда жавобгарлик кўп бўлса, бу ишларни қилиш ёдингиздан кўтарилиб кетиши ҳам мумкин. Шундай бўлмаслиги учун кун давомида ёки охирида тез-тез ён дафтарчангизни текшириб туринг.

Қилинадиган ишларни бир ҳафта ёки бир неча кун ичида қилиб ташлашингиз шарт бўлмаса, ўзингизни ниҳоятда толиқтиришингизга ҳожат йўқ. Ишларни бўлиб олгач, оз-оздан кучингизни иқтисод қилиб бажаринг. Чунки сиз оилангиз учун ҳам кераксиз. Улар билан мулоқот қилишингиз, фарзандларингиз билан гаплашишингиз уларни тартибга чақириб, уй ишларига ҳам ёрдам беришингизга тўғри келади. Шундай экан, ҳаммасини тез ва баравар қилиб ташлашга шошилманг. Ишларингизни оқилона тақсимлай олсангиз кун давомида ишлаган бўлсангиз ҳам чарчамайсиз. Дам олиб ётиш олдидан турмуш ўртоғингиз билан гаплашиб, бир пиёла кофе ичишга ҳам вақтингиз қолади. Ишларингизни қилар экансиз, энг муҳими ўша қилаётган ишингизга диққатингизни қаратиш. Диққатингиз иккига бўлинмасин.

Кейинги қилинадиган иш ҳақида кейинроқ ўйлайсиз, аввал биринчисини бекаму кўст бажариб олинг. Кундалик қилинадиган ишлар ҳаммаси бажариб бўлингач, ҳафта охирида кейинги ҳафтада қилинадиган ишлар режасини тузиб чиқинг. Кейин эса ўша режага қараб иш кўринг. Кейин эътибор қилган бўлсангиз, куннинг қайсидир қисмида сиз жуда ҳам фаол ва ҳаракатчан бўласиз. Танангиз ва миянгиз ҳам чарчамаган бўлади. Қийин кўринган ишларни кунинг ўша қисмига қўйинг. Осонроқ ишларни эса тушдан кейинга мўлжалласангиз ҳам бўлади. Уй бекаси сифатида бажарадиган ишларингизни кечки овқатдан сўнг бажарсангиз ҳам бўлади. Кейин эса ўз-ўзингиз билан мусобақалашинг. Ҳеч қачон дангасалик қилманг. Бирор бир ишни бошласангиз соатга қараб ўзингиз тайин қилган вақтда тугатишга ҳаракат қилинг. Мана шунда жуда кўп ишларингизга улгурасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top