2:50

Ëмон қайнона қаердан пайдо бўлади?

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Қизи вояга етаётганини кўрган оналарнинг кўнглида ажиб кечинмалар туғилиши билан бирга бироз хавотирланиш ҳисси ҳам уйғона бошлайди. «Қизим қандай жойга тушар экан? Қайнонаси қандай аёл экан? Қайнотаси-чи? Эри билан бахтли-тахтли бўлиб кетармикан? Сарпо-суруғидан камчилик ахтаришмасмикан? Кўзларида ёш кўрмайин-да ишқилиб» деган саволлар гирдобида қолишлари аниқ. Бугун қуда бўлишга чоғланаётган ота-оналар аксарият келиннинг сарпо-суруғи бошқаларникдан қолишмаслигига, куёв тараф тўйни дабдабали қилишига эътибор қаратишмоқда. Бу нарса ёш келин-куёвларни бахтли қила олмаслигини билишса-да «сендан мен камми» қабилида иш кўришмоқда. Бунинг ўрнига йиғит қизни рўзғорга тайёрлаш маъқул эмасми?

Яқинда келин олган бир қўшним билан кўчада учрашиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўраб, келини ҳақида ҳам сўрадим. У шундай гапириб кетдики, дардидан тутун чиқади. Айтишича, келини бўш қолди дегунча, онаси, опалари билан телефонда соатлаб гаплашгани-гаплашган экан. Бир неча марта тушунтиргани ҳам койигани ҳам таъсир қилмабди. Яқинда телефонда катта қизини ёмонлаётганини эшитиб қолибди. Шундан бери, келинининг қўлида телефон кўрса, «бизни ёмонлаяпти» деган ўй қонини қайнатар экан. Агар вазият шу ҳолатда давом этаверса келинини онасиникига жўнатиб юборишини айтди. Хўш, бу вазиятда ким айбдор? Келажакда келин, бир оиланинг бекаси бўладиган қизларнинг тарбиясига ҳали турмушга бермасдан олдин эътибор қаратиш керак.

Қизингизни бошқалар билан муомаласини кузатинг. Уларнинг опа-сингиллари, атрофдаги дўстлари билан гаплашиш оҳангларига эътибор қаратинг. Яхшилаб кузатинг. Қизингиз нимани маъқул кўради: дугонаси билан дарс қилишними ёки у дарс қилиш баҳонасида соатлаб гаплашиб ўтиришними? Қизингиз ўсиб келаётган бўлса, уни ҳозирданоқ, тўғри муомала қилишга, уй ишларини саранжомлашга, вақтни бекор ўтказмасликка ва хушмуомалаликка ўргатинг. Қиз бола тарбияси, одоби билан борган жойида сизга ёки яхши ёки ёмон гап олиб келади. Шунинг учун бунга тезда киришиш даркор. Оилада опа-сингиллари ёки ака-укалари билан тортишиб қолишдими? Дарҳол уни ёнингизга чақириб, қандай йўл тутиш кераклигини, сабрлироқ ва кенг феълли бўлишни уқтиринг. Шундай вазиятлардан қандай қилиб ҳеч кимга озор етказмай чиқиб кетишни ўргатинг.

Қиз бола дегани босиқроқ, қаноатлироқ ва чидамлироқ бўлиши кераклигини уқтиринг. Хуллас, келажакда бахтли бўлиши учун, ҳозир сизнинг ўгитларингизга қулоқ тутиши кераклигини айтинг. Ҳар сафар унинг ноўрин ҳаракат қилаётганини кўрсангиз, унга маслаҳат беришдан эринманг. Ўша ондаёқ у билан гаплашинг. Сизнинг ўгитларингиз ва кўрсатаётган намунангиз ҳеч қачон изсиз кетмайди. Агар қизлар ўз уйида тўғри ва чиройли тарбия топишса, келажакда ҳеч қачон ёмон қайнонага дуч келмайди. Чунки, ёмон қайнонани ҳам ҳар қандай ширин сўз, чаққон ва эпли келин ўз тарафига оғдириб олади. Қизларни турмушга тайёрлаш, уларни ҳар томонлама чинакам аёл бўлишга ўргатиш ҳақидаги маълумотларни фақат бизнинг www.najot.com сайтимиздан топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top