3:21

Болаларингизга ҳикоя айтиб беринг

MP3

Ассалому алайкум қадрдон оналар. Худо аёл зотини яратганида, уни фарзанд туғишга, тарбиялашга, ҳаётда бўладиган қийинчиликларни енгишга қодир қилиб яратди. Бу жуда ажойиб. Худога ҳамду-санолар бўлсин. Қийинчилик билан фарзандни дунёга келтирар экан, аёл унинг йиғиси, инжиқликлари, муаммоларига ҳам меҳр билан ёндашади. Бу меҳр Худонинг она ва болага берган инъомидир. Болани дунёга келтириш у қадар қийин эмас, бироқ ҳаёти давомида унга тўғри тарбия бериш мураккаб жараён. Ҳеч бир она бирданига бола тарбиялашни биладиган бўлиб қолмайди. Боласини яхши тарбия кўришини истаган она, изланади, ўрганади ва амал қилади. Болалар улғаяр экан, уларни китобга ошно қилиш, онанинг зиммасида. Фарзандим китоб ўқишни ёмон кўради- деган баҳона ўтмайди. Агар фарзандиниз китоб ўқишни ёмон кўрса, бу сизнинг хатоингиз. Демак болангизга ёшлигиданоқ китоб ўқиб бермагансиз, унда китобга бўлган муҳаббатни уйғотмагансиз. Мен бир ёзувчини биламан. Унинг ҳаёти ҳақида ўқиб, бу аёлнинг бардоши ва ҳаракатларига қойил қолдим. У университетнинг тиббий дизайнерлик бўлимида ўқиб, турмушга чиққач ҳам шу соҳа бўйича ишлаган. Бироқ ҳаётнинг биз кутмаган ва ўйламаган зарбалари ҳам бор. Турмуш ўртоғи уч уни уч фарзанди билан ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетди. Энди оила ва рўзғор ташвиши, болалар тарбияси бутунлай унинг зиммасига тушди. У ўзида куч топа олди. Ишини давом эттирди. Болалар тарбияси билан астойдил шуғулланди. У фарзандларига китоб ўқиб беришни ёқтирарди. Бироқ китоблар уни кўп ҳам қониқтирмасди. Шу сабаб билан у кутубхонага борди. Болалар кутубхонасидан ҳам у истагандай китоблар топилмади. Бир китобнинг суратлари ёқмаса, бошқа бир китоб бутунлай ёш болаларга мос келмаган тарзда ёзилган бўларди. Хуллас китоблар уни қониқтирмади. У болалари учун ўзи ҳикоялар ёзишга қарор қилди. Уйда, ишда бўш вақтларида болалари учун ўзи ҳикоя тўқир, тўқиган ҳикоясига ўзи расм чизарди. Шундай қилиб болалари учун бир-иккита расмли китобчалар яратди. Яратган китоблари нафақат болаларига балки қўшни болаларга ҳам ёқди. Ниҳоят 1977 йилдан бошлаб астойдил китоб чиқаришга бел боғлади. Унинг ҳикоялари қизиқарли, болаларбоп, бўлиб суратлар китобнинг янада бойишига хизмат қилганди. Бу машхур ёзувчи Дайана Стенли эди.

Биз ҳам ундан ўрнак олсак арзийди. Ҳозир китоблар, айниқса чиройли расмли китоблар қиммат. Ҳар бир она ҳам болаларига бундай китоблар олиб беролмайди. Бироқ бу болаларимизга китоб ўқиб бермаслигимизга баҳона бўлмаслиги керак. Китоб олиб беришга қурбимиз етмаса, ўзимиз ҳикоя тузишга ва уларга айтиб беришга қурбимиз етади-ку. Баъзи иқтидорли оналар ҳатто чиройли расм солишни ҳам биладилар. Биздан талаб қилинадиган нарса бор-йўғи болаларимизнинг характерларига қараб, кичик-кичик ҳикоячалар, эртаклар тўқиш ҳолос. Мен ҳам баъзан-баъзан болаларимнинг ҳар бирига атаб, кичкина ҳикоялар тузаман. Бу ҳикоялар уларнинг энг севимли ҳикояларидир.

Баъзида шунчаки қизиқарли, баъзида уларга нимадир ўргатадиган, баъзида саргузаштларга бой бўлган ҳикоя тузиш мумкин. Сиз шундай қилишга ҳаракат қилиб кўринг, бу болаларингизга жуда ёқади. Шу билан бирга сиз пулингизни тежаб қоласиз ва энг муҳими болаларингизнинг китобга бўлган меҳрини оширасиз. Китоб эса уларнинг келажакда яхши касб эгаси ва яхши инсон бўлишига ёрдам беришини биласиз. Сизга омад тилайман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top