Ассалому алайкум қадрдонлар. Аёл кишиларда энг кўп учрайдиган соғлиқ муаммолари ҳақида сўрасангиз, аксарият аёллар бел оғриғидан шикоят қилишади. Чунки улар қиладиган ишларнинг жуда кўпчилиги белга оғирлик беради. Масалан, эгилиб уй-ҳовли супуриш, эгилиб кир ювиш, энгашиб пол артиш ва ҳокозолар. Аммо шифокор мутахассислар бел оғриғини камайтиришнинг бир йўлини айтишмоқда. Бу обруч ёрдамида қилинадиган машқ. Обруч ёрдамида қилинадиган машқлар асосан белга жойдали эканини ҳар бир аёл яхши билади. Бироқ ундан бошқа аъзоларни шуғуллантиришда ҳам фойдалансак бўлар экан. Масалан, қориннинг пастки қисми, бел ва елкалар учун қўлласак ҳам бўлади. Уларни қандай амалга оширишни тахминан билсангиз керак. шундай бўлса ҳам эслатиб ўтамиз.
Обруч билан биринчи машқни бажариш учун тик туринг, оёқларни елка кенглигида очинг, оёқ кафтлари бир бирига параллел турсин. Бунда бутун оғирлигингиз товонга тушиши керак. Обручни олиб қўлларни тепага кўтаринг. Қўллар оёқлар билан параллел бўлсин. Уларни туширмаган ҳолда тиззаларни 90 даража остида букинг. Шу ҳолатда гавдангизни олдинга эгинг ва белни олдинга букиб, курагингизни текислаб, қоринни тортинг. Бу машқни 8-10 марта такрорланг. Иккинчи машқ асосан елка ва қорин мушаклари учун. Худди юқоридаги ҳолатда, аммо қоринни тортиб туринг. Обручни худди бошингизга киймоқчи бўлаётган кўринишда кўтариб туринг. Муштларингизни елкага қараб букинг ва яна юқорига кўтаринг. Машқни 12-15 марта такрорланг.
Учинчи машғимизда асосан оёқ, думба ва қорин мушаклари ишлайди. Олдинги ҳолатга қайтинг ва обручни ўзингизга чўзиб, вертикал ҳолда тутиб туринг. Шу ҳолатда аввал бир, кейин эса иккинчи оёқни юқорига кўтариб тиззадан букинг. Тиззаларни қанча баланд кўтарсангиз, қорин мушаклари шу қадар кўп ишлайди. Қийналмасангиз, оёқни текис кўтаришга ҳаракат қилинг. Машқни ҳар бир оёқда 10-12 мартадан бажаринг. Тўртинчи машғимиз ҳам қорин ва думба мушаклари учун. Бунинг учун чалқанчасига ётинг ва оёқларингиз билан обручга теккан ҳолда тиззаларни навбатма-навбат букиб, уларни қорингга қараб тортинг. Машқни ҳар бир оёғингизда 6-10 мартадан бажаринг. Бу машқлар сизга қийинлик қилса, энг оддий усулни қорин ва бел соҳасида обручни айлантириш машқини қилинг.
Бу машқни ҳар куни такрорлаб турсангиз, бел мушакларингиз мустаҳкамланади. Ундан ташқари ҳар куни обруч айлантириш, аёл вазнини сезиларли даражада камайтиради. Биласизки, аёл ёши улғая боргани сари, унинг қорнида, бўксалари ва сонида ёғ йиғилиб, қоматини бузиб кўрсатади. Шу ортиқча ёғларни эритиш учун энг яхши восита бу обруч. Ҳар куни 5-10 минут давомида обруч билан қилинган машқлар аёлни ҳам соғлом ҳам гўзал қилади. Обруч айлантириш учун махсус вақт ҳам шарт эмас. Бунинг учун бироз кенгроқ жой бўлса бас. Аёллар бу машқларни телевизор кўриб ҳам бажаришлари мумкин. www.najot.com сайтимиз сизга қизиқарли, фойдали ва муҳим бўлган маълумотларни тақдим этади. Бу маълумотлардан беҳабар қолманг.