Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳозир имконсиз нарсаннинг ўзи йўқ. Март ойида қулупнай, май ойида тарвуз, ёки декабрда гилос ёки шафтоли топиш муаммо бўлмай қолди. Лекин бевақт етилган бу маҳсулотларнинг таъми ўз вақтида пишганларникига асло ўхшамайди. Шунинг учун, ҳар ишнинг ўз вақтида бўлгани яхши. Баъзилар фарзандларининг ҳали мактабга бормасданоқ, юзгача санаши ва ҳижжалаб ўқиётганини айтиб мақтанса, бошқа ота оналар боғчадаги боласининг: «Шаҳбоз Назокатни севади» «Мен фалончини севаман» , «Катта бўлсам шунча ёшимда уйланаман» каби сўзларидан ҳавотирга тушишмоқда. Болаларнинг эрта улғайиши, бу яхшими ёки ёмон? Яқинда бир жойга меҳмонга бордик. У ерда 11 ёшли қизчанинг ҳаддан ташқари маҳмадона ва чақимчи экани бизга ёқмади.
Бундай қизчалар, оилада бир неча кишининг уришиб қолишига сабабчи бўлади. Бундай қизчаларни ёки болакайларни атрофимиздагилар «она хотин», «пакана чол» деб таърифлашади. Ундай болалар кимнингдир ғашига тегади, бировнинг кулгисини қистатади. Нега шундай бўлади? Бунинг давоси борми? Албатта бор. Аслида қўрқинчли ҳеч нарса содир бўлаётгани йўқ. Бола фалон ёшгача болалигини қилиши керак, пистон ёшдан катта бўлиши шарт деган чегара йўқ. Қолаверса атрофимизда кўраётганимиз каби ҳолатлар болаларнинг эрта улғайиб қолаётганини билдирмайди. Улар шунчаки катталарга ҳаддан ортиқ тақлид қилишмоқда ҳолос. Улар ақлий, психологик ривожланишда тенгдошларидан асло фарқ қилмайди.
Масалан бир она тўйга кетаяпти. Қизалоғи эса унинг ортидан эргашаяпти. Шунда она қизига шундай дейди: «Қизим катта бўлиб қолдинг. Энди мен келгунимча уйларни йиғиштириб, ҳамма нарсага кўз-қулоқ бўлиб тур. Биров нарсаларни олиб чиқиб кетмасин. Бола ўзини катта одамдек ҳис қилади, уйларни йиғиштиради, ҳатто ҳовлисидаги райҳондан бир неча барг узишга чиққан қўшни аёлни ҳам қувиб солади. Чунки онаси унга «Уйдан ҳеч нарса олиб чиқиб кетмасин» деб қўйган. Бола кичиклигидан жуда эътиборталаб бўлади. Катталар унга қанчалик кўп эътибор берсалар, шунчалик ҳотиржам ва бахтиёр. Аммо баъзида болага шу эътибор етишмай қолади. Шунда у ўзига диққатни тортиш учун катталарнинг гапини гапиради, қилиғини қилади ва суҳбатга аралашади.
Боладаги яна бир нарсани эътиборга олиш керак. бола – ойна. У катталарнинг феъли, хулқи, хатти-ҳаракатларидан нусха кўчиришни яхши кўради. Боладаги ғашга тегаётган, эриш туюлаётган нарса аслида катталарга ҳам ёқимсиз кўринадиган одатлардир. Нега бола айнан шу нарсаларни кўчираяпти? Чунки атрофидаги кимдадир ёки одат бўртиб кўринади. Бундай ёмон ҳислатни катталар баъзан ўз фойдаларига ишлатиш билан, бола характерини бутунлай бузиб қўйишади. Масалан боланинг чақимчилигидан, бирор жойга бориб, ўша одамларнинг гапларини эшитишга ва кейин чақиб беришга ўргатишади. Шундай қилса, мақтов эшитишини билган бола, «яшаш учун кураш» бошлайди. Болаларнинг келажакда қандай одам бўлиб етишиши биз катталарнинг қўлида эканлигини унутмайлик.