Ассалому алайкум гўзал ва жозибали опа-сингиллар. Биз учун ташқи кўринишимиз ва қоматимиздаги кичик бир муаммо ҳам катта фожеадек туюлади. Кўкрак соҳасидаги камчиликлар эса биринчидан, аёл турмуш ўртоғининг олдида ўзини ноқулай ҳис қилишига, иккинчидан, аёллик бахтидан тўлиқ баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилади. Юқоридаги камчиликларнинг ҳаммаси аёлни руҳан эзиб қўяди. Қалбан севимли ва ҳамиша ардоқда эканини ҳис қилган аёл, пластик жарроҳликка эҳтиёж сезмайди. Бироқ барибир кўпгина аёллар замонавий тиббиёта мурожаат қилишни маъқул кўради. Баъзилар кўкракларини катталаштиришни ўйласалар, бошқа аёллар кичрайтириш ҳақида бош қотиришади. Аввало кўкракни каттартиришга тўхталсак.
Кўкракни катталаштириш амалиёти кўпинча туғиб, фарзандларини эмизган ва яна туғиш режаси бўлмаган аёлларга тавсия этилади. Аёл назарида кичрайган кўкрак нуқсон саналади. Ўзига нисбатан баҳоси пасаяди. Кўкрак шакли ва ҳажмини икки усулда: липофиллинг (аёл танасидаги ортиқча ёғ олиниб, ишлов бериб,кўкрак соҳасига қўйилди. Лекин маълум вақт ўтгач, уларнинг сўрилиб кетиш эҳтимоли бор) ва жарроҳлик йўли билан имплантант жойлаштириш усули ёрдамида катталаштириш мумкин. Ҳозирги кунда кўкракни катталаштириш учун фойдаланиладиган силиконли эндопротезлар кўп бора синовдан ўтказилган. Бу имплантант аёлнинг туғишига тўсқинлик қилмайди, лекин ҳомиладорлик ва эмизиш даврида аёлнинг кўкраги катталашиши инобатга олинса, кейинчалик жарроҳлик амалиётини қайта ўтказишга тўғри келади.
Кўкракнинг гавда тузилишига нисбатан катталиги аёл учун ҳам руҳан, ҳам жисмонан ноқулайликларни юзага келтириши мумкин. Биринчидан, кўкраги катта аёллар кўчада ёнидан ўтиб кетаётиб, шунчаки нигоҳ ташлаган бегона кимсадан уялади. Иккинчидан, кўкрак ости қисмида қизариш, яллиғланиш ҳолатлари кузатилади. Камдан кам ҳолларда тер ҳиди ажралиши ҳам кузатилади. Редукцион маммопластика туғишни тўхтатган аёлларда амалга оширилади. Бу амалиётда кўкракнинг анатомик тузилиши бутулай ўзгаради, тери ва кўкра безининг ортиқча тўқималари олиб ташланади. Кўкрагида туғма нуқсони борлар, кўкраклари катта ёки кичик бўлганига ҳам қаноат қилган бўлишарди. Чунки уларда бир тарафлама ёки икки тарафлама кўкракнинг ўсмаслиги, сўрғичнинг йўқлиги, кўкрак шакли ва ўлчамининг икки хиллиги мавжуд.
Буларни пластик жарроҳлик амалиёти ёрдамида коррекция қилиш мумкин. Баъзилар бу муаммода гормонал воситалар ёрдам беради, деб ўйлашади. Бу билан исталган натижага эришиб бўлмайди. Яна бир нарса, кўкрак бези саратони аниқланган аёлларнинг кўпчилигига касалланган кўкракни олдириб ташлаш тавсия этилади. Радикал мастектомиядан кейин кўкрак шаклини қайта тиклаш имкони бор. Аёлнинг ўз тўқималари, масалан, қорин қисмидан тери, ёғ ва мушакнинг бир қисми олиниб, улардан кўкрак шакли чиқарилади. Яна бир усул бор. Бунда елка ва курак соҳасидаги тўқималар олинади, кўкракка шакл бериш учун силиконли эндопротездан фойдаланилади. Сўрғич шакли терининг ўзидан чиқарилади. Мана шунақа. Аммо бунинг учун сиздан жасорат талаб қилинади.