Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Аёл қалбини, унинг муҳтожликларини, ўй-фикрларини фақат Худованд билади. Унинг қалбини ҳатто энг яқин инсони, севган кишиси ҳам тушуна олмайди. Аёл қалби истакларини фақат Худованд қондира олади. Мен тез-тез Худованд билан сокин вақтимда Довуд пайғамбарнинг Забур китобини ўқишни яхши кўраман. У ерда шундай ёзилган: «Эй Худо, Сен менинг Тангримсан, эрта саҳардан Сени излайман. Сенга ташнадир жон-дилим. Қуриб чарчаб сувсиз қолган тупроқдай, вужудим Сени қўмсаб қийналмоқда. Муқаддас маконингда Сенга интизор бўлиб, қудратинг ва жамолингни кўрай деб турибман» (Заб 62.: 2-3). Бир неча сатрлардан кейин, Довуд пайғамбар шундай дейди: «Илик ва чарвидан тўйгандек жоним тўяр. Лаб даҳаним эса Сени тараннум этар».
У чўл ва қурғоқчиликдан ҳалос бўлгани учун «жоним тўйди» деётгани йўқ, у Худованднинг муҳаббати ва ҳузуридан жони қаноатланганини айтмоқда. Довуд пайғамбар шундай дейди: «Сенинг иноятинг ҳаётдан ҳам афзалдир». Ўшанда Довуд пайғамбар ҳеч нарса, қалбидаги чанқоқликни Худовандчалик қондира олмаслигини билган. Ахир бизни УнингЎзи яратган-да! Бизнинг ичимиздаги бўшлиқни фақат У тўлдира олади. Бу бўшлиқ, чиндан севилишни, севишни, тушунишни, беғараз ҳамдардликни истайди. Баъзан биз бу бўшлиқни турмуш ўртоқларимиз, фарзандларимиз ва бизга яқин бўлган бошқа инсонлар билан тўлдиришни истаймиз. Бироқ эртами кечи улар бизнинг қалбимизни биз истаганчалик тўлдира олмаслигини тушуниб етамиз. Улар мукаммал эмас. Улар ҳам сиз билан биздек оддий одамлар.
Уларнинг ҳм ўз муҳтожликлари бор. Охирида яна ўша қалбимизда бўшлиқ билан қолаверамиз. Аммо фақат Худованд бера олиши мумкин бўлган нарсани бошқалардан кутишимиз ўринсиз. Инсониятнинг муҳаббати мукаммал эмас.Улар ўзларида етарли бўлмаган нарсани иккинчи кишига беролмайди. Довуд пайғамбар бу ҳақиқатни жуда яхши билган: «Мен Худовандга дедим, Сен менинг Раббимсан, Сендан бошқа мен учун ҳайр йўқ» (Заб 15.2). Биз Худовандни қанчалик ҳаётимизнинг Тангриси бўлишига йўл қўйсак, шунча кўп саволларимизга жавоб топамиз, қалбимиз интилганига эга бўламиз. Бизнинг муҳтожликларимиз ва ҳаётимиздаги қийинчиликлар, Худованд бизга ўзини кўрсатишига имкон беради.
Ўша қийинчилик, муҳтожлик даврида Унга ишонсак, ҳар бир қийинчилик ва муҳтожлик ҳолати бекор кетмайди. У бизга ўша қийинчилик ва муҳтожлик эвазига қадрли ва бир умрлик сабоқ беради. Худованд йўлида яшаш, уни билиш тажрибамиз ошади. Бу эса кейинчалик Худованд билан муносабат қилишимизга ёрдам беради. Бу ҳаётда тўлиқ ҳаёт кечиришимизнинг асосий ва ягона манбаи бу Худованддир. Бизда эса У билан муносабат қилиш имкони бор. Худованд ҳамма учун етарли ва доим яқиндир. Чунки у абадий. У ичимизга кира олади. У бизни ичимиздан шифолаб, ички муҳтожликларимизни қондира олади. Худовад муҳаббатидан бошқа ҳамма муҳаббат ташқи ва масофа сақлайдиган муҳаббатдир. Бироқ Худованд ичимизда яшайди. Биз истасак у бизга яқин бўлади.