3:32

Руҳий муаммо

MP3

Ассалому алайкум қадрдон дугоналар. Бугун тонгда Худованд билан бирга сокин вақт ўтказаётиб, Муқаддас Руҳ юрагимга гапирганини аниқ ҳис қилдим ва англадим. Чиндан англадим. Бу сабоқни кўришимга, тушунишимга ёрдам бергани учун Худодан миннатдорман. Бу қандай сабоқ экан дейсизми? Келинг, бу ўрганган сабоғимни сиз билан ҳам бўлишаман. Худовандимиз, Самовий Отамиз шундай ажойибки, У чиндан ҳам бизни жуда яхши билади. Биласизми, “Худованд мени ўзимдан кўра яхшироқ билади”, деган билимга эга бўлиш бошқа, бу ҳақиқатни чиндан бошингиздан кечириб англаш бошқа нарса экан. Худо сизни ўзингиздан ҳам яхшироқ билишини англаб етганингизда, Худонинг бу қадар донолигидан, меҳрибон ва ажойиб оталигидан хурсанд бўласиз. Бизнинг ичимиздаги гуноҳ шундай нарса эканки, у ўзимизнинг нақадар солиҳ эканимизга ва бошқаларнинг нақадар гуноҳкор эканига диққатимизни қаратар экан.

Бу инсондаги ўз-ўзидан мамнунлик гуноҳи экан. Ваҳий Китобида бу ҳақида шундай ёзилган: “Лаодикиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз:

Содиқ ва ҳақ Шоҳид, Худо яратган борлиқнинг Асосчиси, Омин деб ном олган Зот шундай демоқда: Сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. Эҳ, қани эди ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг! Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун Мен сени қусиб юбораман. Сен: “Бойман, ўзимга тўқман, ҳеч нарсадан кам–кўстим йўқ”, — дейсан. Аслида эса аянчли, ачинарли аҳволда эканингни, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканингни билмайсан! Сенга маслаҳат бераман: бойишинг учун Мендан оловда тобланган олтинни сотиб ол. Шармандали яланғочлигингни ёпиш учун эгнингга оқ кийим, кўришинг учун кўзларингга суртадиган малҳамни Мендан сотиб ол. Мен кимни севсам, айбини кўрсатаман, тарбиялайман. Шундай экан, шижоатли бўл, гуноҳларинг учун тавба қил.”

Бу парчада ёзилган қаттиқ сўзлар, Худовандимизнинг койиши бизга ҳам тегишли. Кўпинча биз “Мен ҳаммадан яхшироқ фикрлайман, вазиятга тўғрироқ баҳо бераман ва мен бошқалардан ақллироқман”, деб ўйлаймиз. Шундай деб ўйлаганимизда ўзимизнинг ақлимизга ва дунёқарашимизга ҳаддан ташқари кўп ишонаётган бўламиз. Нега шундай? Чунки Худонинг Муқаддас Каломда айтган “руҳий кўрлик” масаласига жиддий қарамаймиз. Гуноҳ ёлғончи ва бузғунчи, шунинг учун у менинг ичимда ўтириб олиб, мени алдаб баъзи жойларимда руҳий кўрликнинг ямоқларини тикиб чиқади. Мен ўзимни яхши биламан, деб ўйлайман, аммо аслида ўзимни тўлиқлигича яхши билмайман. Биз ҳам юқоридаги жамоатдагилар каби, яхшиман, ўзимга тўқман, деб ўйлаймиз, аммо руҳан нақадар камбағал ва ачинарли аҳволда эканимизни кўрмаймиз. Гуноҳ кўр қилиб қўяди ва биз ўзимизни ўйлаганимиздан ҳам яхшироқ, деб ўйлаймиз.

Аммо аслида Худонинг назарида ундай эмасмиз. Муаммо шундаки, биз ўзимизни “ўта солиҳ” ва “яхши аёл”, деб ўйлаганимизда, ўзимизнинг руҳий камчиликларимиз ва гуноҳларимизни кўришни ўрнига бошқаларнинг гуноҳларини кўришни бошлаймиз ва бундан янада “қанчалик яхши ва тақводор аёл эканимиздан”, фаҳрланиб лаззатланамиз. Бу ёлғончи ҳиссиёт. Бу гуноҳнинг иши. Биз шундай пайтда руҳан кўр бўлиб, ўзимизнинг камчиликларимизга диққатимизни қаратиш ўрнига бошқаларнинг хатоларига, камчиликларига ва гуноҳларига қараймиз. Кейин эса уларни ҳукм қилишни бошлаймиз, вақти келганида ғийбат эмасдек кўринган маълумотларни айтиб қўямиз. Кўриб турибсизки, биргина ҳаддан ташқари ўз-ўзидан қониқиш гуноҳи бошқа гуноҳларни етаклаб келади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top