«Бу пойдевор устида кимдир олтиндан, кимдир кумуш ёки қимматли тошларда, кимдир эса ёғочу ҳашак ё похолдан бино қурмоқда, ҳар кимнинг иши эса ўзига яраша ошкор бўлиб қолади. Маҳшар куни уни фош қилади, олов уни очиқ-ойдин қилади қўяди. Шунда ҳар кимнинг иши қандай эканлигини олов синаб беради.» (1 Кор3:12-13)
Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳеч бир кимса йўқ-ки, олтин, кумуш ёки қимматбаҳо тошлрни ёқтирмаса. Айниқса биз аёллар бу қимматли метал ёки тошларга жуда ўчмиз. Бу тошлар қадим-қадим замонларда ҳам жуда қадрли бўлган. Қадимда ҳам бугун ҳам фақат ўзига тўқ, бой кишиларгина бу нарсаларни тақишган ёки уларга эга бўлишган. Бу тошлар ва олтин, кумуш ҳақида Муқаддас Каломда ҳам ёзилган.
«Уйга кириб чақалоқни ва Унинг онаси Марямни кўрдилаар-да, мук тушиб, чақалоққа таъзим қилдилар. Сўнг хазиналарини очиб, Унга олтин, хушбўй тутатқилар ва мумиё тортиқ қилдилар» (Мат 2:11). Олтин бебаҳолик, олийлик рамзи бўлгани учун, уни фақат подшоҳларга тортиқ қилганлар. Подшоҳларни ўша тортиққа муносиб деб билишган. Шунинг учун ҳам чақалоқ Исо Масиҳга бошқа совғалар билан бирга олтин ҳам тортиқ қилишган. Сулаймон пайғамбарнинг Шиба маликаси билан учрашувини эсланг. Шиба маликаси унга жуда кўп араваларда олтин олиб келган эди. Агар Сулаймон малика ўйлаганидек бўлиб чиқса, ҳамма олтинларни унга бермоқчи эди. Ва шундай бўлди ҳам. Малика шоҳ Сулаймоннинг донолигидан ҳайратга тушган эди.
Аслида келтирилган бу олтинлар Худоники эди, чунки Сулаймонга шундай бетакрор донолик Худодан берилган эди. Демак, олтинга фақат Худованд лойиқ. Аммо биласизки, Худовандга бизнинг олтин кумушларимиз эмас, қалбимиз керак. Кумуш эса – сотиб олиниш, айбни ювиш рамзи ҳисобланади. У соддалик ва камтарлик рамзи ҳамдир. Исо Масиҳ шогирдларидан бири, Яҳудо Уни бор-йўғи 30 кумуш танга эвазига хиёнат қилди. Хиёнатни кечириб бўлмаса ҳам, Яҳудо шунчалик паст кетган эди-ки, уни кумушга тенг кўрди. Аслида Исо Масиҳни ҳеч қандай олтин-у, кумушга тенглаштириб бўлмайди. У бебаҳо эди. Бироқ Яҳудо уни 30 кумуш тангага лойиқ кўрди. Қимматбаҳолик жиҳатдан учинчи ўринда турадиган бронза эса – қудрат ва ҳукм рамзини билдиради.
Қимматбаҳо тошлар эса Худованднинг муқаддаслари, Унинг қадрли мероси, Унинг фарзандлридир. Улар Муқаддас Руҳнинг инъомлари билан тўлган. Худованд Мусога Ўз маъбадини қуриш ҳақида кўрсатма берганида унинг ичини қимматбаҳо тошлар билан безашни буюрган. Демак, қимматбаҳо тошлар Худованд назарида бу биз – Унинг фарзандларимиз. Энди эса ўзингиз қандай тош эканлигингизни аниқлаб олинг. Нимасиз, ақиқми, ферузами, гавҳарми, олмосми? Қандай тош бўлишни истасангиз, ўша тош қийматига яраша бўлишга ҳаракат қилинг. Худованд оиласида, Унинг ҳузурида, бу дунёда Унинг фарзанди сифатида нур сочишдан тўхтаманг. Қадрингизни ҳеч қандай майда ишлар, гуноҳлар билан тушириб қўйманг. Доимо Худованд айтганларига амал қилиб, порлаб юраверинг.