3:39

Aёлни ҳасад қаритади 2

MP3

Ассалому алайкум азиз аёллар. Ишдан қайтар экансиз, кўчада бекорчиликдан кимларнидир ғийбат қилиб ёки ҳасадга тўла суҳбатлашиб ўтирганларини кўрасиз. Ҳозирда кўча-кўйда ғийбат тўқиб ўтирганлар фақат аёллар эмас, таассуфки, эркакларимиз ҳам бу борада аёллар билан бемалол беллаша олишга ва ҳаттоки, уларни ортда қолдиришга ҳам шайдирлар. Ҳaсaдгўйлaр ўлaди-ю, ҳaсaд ҳeч қaчoн ўлмaйди, деган эди файласуфлардан бири. Ҳақиқатдан ҳам, одамларга ҳасад қилиб, ҳам ўзини ҳам бошқаларни қийнаб юрганлар вафот этгани билан, барибир ҳасад ўлмайди. Энг ачинарлиси, у ҳамма қалбда ҳам бўлар экан. Фақат иродалилар, ўзини ҳурмат қилган, ҳалоллик ва самимиятга ошуфта қалб соҳиблари ичидаги ҳасадни ҳавас ёрдамида ўлдиришга эришишар экан.

Ҳасадни юрагига киришига имкон берган аёл унинг ҳаддан ташқари фаол ишлашидан қийналади. Чунки ҳасад ўз эгасининг соғлиғига, ҳуснига ва ҳурматига соя солади. Бадбинлик, манманлик, кекчи, жиззакиликка мойил кишиларда эса ҳасад кучли ривожланиши ҳақида мутахассислар эътироф этишяпти. Демак, ҳасад отлиқ бедаво «дард»га йўлиқмаслигимиз учун аввало, кўнгилни кенг тутишимиз, феълимиздаги аразчилик, жиззакилик, урушқоқлик каби ҳам соғлигимизга, ҳам турмушимизга соя ташлайдиган хусусиятлардан чекинишимиз ва албатта, бирор муваффақият ё омадга эришганларни кўрганимизда, эшитганимизда, «Худованд зиёда қилсин, буюрсин, илоҳим менга ҳам шундай бахт насиб этсин» деган ниятни астойдил кўнгиллашимиз даркор экан.
Албатта аёл ўзини ўзгартира олмайди, бироқ аёлни яратган Худованд унинг самимий илтижоларига жавоб беради.

Аёлни ҳасад қаритади. Нега унда бору менда йўқ, унинг эри унақаю, меники бунақа, нега у бой яшайди, мен ўртамиёна, нега у кийган кийимни мен кийолмайман, деган иддаолар аёл ҳуснининг тез қайтишига, чеҳрасига қарилик булути муддатидан анча аввал соя ташлашига сабаб бўлади. Шундай ҳасадли сўзлар билан эса, атрофингиздагиларга ёқимли суҳбатдош бўла олмайсиз.

Ҳасад кўнгилларни хам, руҳларни ҳам озорлантириш баробарида, жисмга ҳам зарба беради. Алал-оқибат, инсон ўзи учун қимматли бўлган умрига, ҳаётига, соғлиғига ўзи зомин бўлади. Ҳавас эса, аксинча дилларни яшнатади, орзуларга қанот беради. Кишини юксакликка чорлайди, инсон ҳавас шарофати билан ўзи ҳавас қилган кишисидан-да ортиқ муваффақиятларга эришади. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат.

Аёл қалбидаги “яшил кўзли маҳлуқ” унинг соғлиғига анча салбий таъсир қилади. Ҳасад ортидан пассив стресс, унинг ортидан эса актив стресс пайдо бўлади. Стресслар эса ўз навбатида бир биридан ўтадиган касалликлар пайдо бўлади. — Одамни ҳасад қаритади. Стресс, руҳий ҳаяжон ва депрессиянинг ҳам асосий сабабларидан бири — ҳасад. Ҳасад эгаллаган юракда яхшиликка ишонч, муҳаббат, самимият, ҳавасга жой қолмайди. Инсонни умид тарк этади. Умиди йўқ киши эса тушкунликка тушиб қолади. Қўпол қилиб айтганда умидсиз киши билан ўликнинг фарқи биргина — ноумид одамнинг юраги тепиб турганида. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, юрак кишининг тириклигини таъминлаб турувчи аъзоси бўлсаю, у мутассил ҳасад ва кўролмасликдан зўриқиб турса қандай кўпга чидаши мумкин?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top