2:52

Бола саломатлиги ва мактаб

MP3

Ассалому алайкум жонкуяр оналар. Болангиз мактаб ёшида бўлса, уларнинг ўқиши ва саломатлигининг жойида бўлиши сизни анча ҳотиржам қилади. Бола саломатлигини мактабдаги юкламалардан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Замонавий мактабдаги юкламалар жуда жиддий эканлиги ҳамда мактаб ўқувчиларининг саломатликлари унчалик яхши эмаслиги ўқитувчилар учун ҳам, ота-оналар учун ҳам сир эмас. Ахир тўққизинчи синфга қадар соғлом мактаб ўқувчиларининг сони камая боради. Хўш, ўз саломатликларини сақлаш, шу билан бирга мактаб дастури, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг барча талабларини бажаришга улгуришлари учун болаларга қандай ёрдам бериш керак? Биринчидан, бола аниқ кун тартибига риоя қилсин. У уй вазифасини ўз вақтида бажариши шарт. Яхшиси вазифаларнинг катта ва энг қийин қисмини кечқурунга қолдирган маъқул. Болани уй вазифасини ўзлаштиришда унга ёрдам беринг.

Вазифаларни бажариш тартибини қатиққўллик билан назорат қилиш шарт эмас. Болада эркин ҳаракат қилиш имкони бўлиши лозим, шунда у қачон ва нима қилишни ўзи мустақил равишда ҳал этади. Агар бола ўзини соғлом ҳис қилса, режалаштирилган барча вазифаларни бажариши керак. Акс ҳолда дангаса ва иш кунини режалаштира олмайдиган болага эга бўлишингиз мумкин. Иккинчидан, мактаб ўқувчисининг овқати мувозанатлаштирилган ҳамда витаминларга бой ва мия фаол тарзда истеъмол қиладиган моддаларни тўлдиришга қаратилган бўлиши керак. Гўшт, сут ва қатиқ маҳсулотлари албатта, мактаб ўқувчисининг менюсида бўлиши шарт. Табиийки, мева ва сабзавотлар ҳақида ҳам унутманг. Улар маҳаллий ёки ўз томорқангизда етиштирилган бўлса, янаям яхши. Газли ичимликлар, пирожнийлар ва бошқа синтетик ширинликлар иложи борича камроқ бўлсин.

Тўғри овқатланиш нафақат мия, балки ошқозон ва ривожланаётган бутун организм учун ҳам жуда фойдали. Ундан ташқари болага тоза ҳаво керак. Бола тоза ҳавони фақат сайрга чиққанида олиши мумкин. Болани тез-тез ва узоқроқ вақтга сайр қилишга қўйиб юборинг. Агар болангизнинг хавфсизлигидан қўрқсангиз, у билан бирга сайрга чиқинг ёки дам олиш кунлари табият қўйнига саёҳат уюштиринг. Кислород етишмаслиги мия фаолиятига ҳамда болалар саломатлигига салбий таъсир қилади. Миянинг кислород билан етарлича тўйиниши болага мактабдаги қийин вазифаларни уддалашга ёрдам беради. Агар кўчада истаганича югуришнинг иложи бўлмаса, болага уйда кўпроқ ҳаракатланишига имкон беринг. Хоналарни ҳар куни тез-тез шамоллатиб туринг. Ҳатто уй тартибсиз ҳолатга келса ҳам, шўхлик қилишига йўл қўйинг.

Уйни кейин йиғиштириш мумкин, бола эса йиғилиб қолган энергияни чиқариб ташлайди, шу жумладан салбийсини ҳам ва янги ижобий қувватга тўйинади.

Шунингдек, кундузги жисмоний фаоллик тунда яхши ухлашига ва умуман олганда ҳар қандай мактаб стресслари ва юкламаларига қарши мустаҳкам ва чидамли бўлишига ёрдам беради. Болангиз ўзлаштира олмаётган бўлса, уни койиманг, бу сиз учун бир огоҳлантирувчи белги. Демак, унга етарлича озуқа етишмаяпти ёки етарлича ҳаракат қилиб, тоза ҳаводан нафас олмаяпти. Болага она томонидан эътибор ёки вақт ажратилмаслиги ҳам унинг мактабда яхши ўзлаштира олмаётганига сабаб бўлади. Ишингиздан ташқари, болангиз ҳақида астойдил қайғурсангиз, унинг қалбига ва танасига керакли озуқаларни берсангиз, ҳаракатларингиз тез орада ижобий натижаларни беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top