Бу борада ягона тўғри усул мавжуд бўлмаса керак. Ҳаммаси ҳар бир конкрет боланинг феъл-атворига боғлиқ. Баъзида болакай ривожланиш борасида тенгдошларидан ўзиб кетади ва ўзи аллақачон билиб олган нарсаларни яна ўқитувчидан эшитиш унинг учун қизиқарли бўлмай қолади. Бундай ҳолатда ота-она мактабни алмаштиришга ҳаракат қилиши ёки болани кучлироқ синфга ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, уйда боланинг қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги китобларни таклиф қилиш, турли мавзуларда суҳбатлар қуриш лозим. Акс ҳолда бола ривожланишга бўлган рағбатни йўқотади, чунки шундоқ ҳам билими бўйича синфдошларидан анча “юқори” туришини тушунади-да. Баъзида бошқача ҳолат ҳам юзага келиши мумкин – бола бироз дангасароқ, ўқишни қийинчилик билан эплайди, у боис унга бўлган қизиқиши суст.
Ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишлари ҳақида яхши хабардор бўлади. Шундан келиб чиқиб, боланинг қизиқишларини ўқув материалига боғлаган ҳолда ўйин шаклида ўқишга бўлган қизиқишни ривожлантириш мумкин. Масалан, болангиз расм чизишни яхши кўради. У ўзининг севимли машғулоти билан банд бўлган пайтида нимани чизаётганини ва нима учун чизаётганини шарҳлаши мумкин. Бундан ташқари, бутун бир фантастик ҳикояни, кейин эса бола томонидан ўйлаб топилган реал воқеаларни ўйлаб топиб, уларни янги билимлар билан бойитса бўлади. Шу тарзда, фикрлаш қобилияти, қўллар моторикаси, қунт ривожланади, шу билан бирга боланинг дунёқараши ҳам кенгаяди. Шунингдек, ўқитувчининг қулоқсиз ўқувчига билимларни “уқтирувчи” анъанавий монологидан кўра, билимларни кенгайтирадиган йўналишдаги биргаликдаги машғулотлар ҳам жуда фойдали. Хусусан, ниш уриб чиқаётган нўхат уруғларини кузатиш жараёни биология дарсини қизиқарлироқ ва кўргазмалироқ қилиши мумкин.
Яқин ўртада жойлашган истироҳат боғи бўйлаб сайр чоғида бола табиатдаги ўзгаришларни сезиши – баҳорда ҳар ҳафтада қайси гуллар пайдо бўлаётганини, кузги ўрмонда қайси меваларни топиш мумкинлигини билиб олиши, шубҳасиз. Фарзандингиз келажакда ким бўлмоқчи эканини сўраб билинг ва шундан келиб чиққан ҳолда, ўсмирга шу касб эгаси бўлиши учун қандай билимларга эга бўлиши зарурлигини гапириб беринг. Унинг қизиқишларини рағбатлантиринг – уни қизиқтирувчи масалалар бўйича қўшимча адабиётларни сотиб олинг ҳамда қизиқишлари доирасига кирадиган мавзуларда фарзандингиз билан иложи борича кўпроқ мулоқот қилинг. У қанча кўп билса, шунчалик қизиқарли ҳамсуҳбатга айланишини болага тушунтиринг. Турли-туман мавзулардаги суҳбатлардан вақтингизни аяманг, бу билан сиз боланинг фикрлаш, мантиқий қобилиятларини ривожлантирасиз, билимларга бўлган қизиқишини уйғотасиз.
Бола ақлий қобилиятини ривожлантириш, уни билим олишга бўлган иштиёқини ошириш учун ота она ўз фарзандига тез тез эртаклар, ҳикоялар ўқиб бериши керак. Ота ёки она чарчаган пайтида боласига албатта китоб ўқиб бериш ёқмайди, аммо шунга қарамай, улар бор кучларини тўплаб кундалик одатини канда қилма й, боласининг китобга қизиқишини шакллантириши лозим. Ана ўшанда фарзандингиздан сиз кутгандек, китобсевар шахс шаклланади. Болангизнинг қизиқишлари чегарасини кенгайтириш ҳам сизнинг қўлингизда. Уларга баъзан турли мавзудаги маълумотлардан ҳам ўқиб беринг. Энциклопедиядан фойдаланинг. Дилбандингизнинг қизиқишларига қараб маълумотларингиз доирасини кенгайтиринг. Бу унинг дунёқарашини кенгайтиради.