Ассалому алайкум оқила меҳрибонлар. Тилимизда, кўнгли очиқ, хушфеъл, қалби тоза, дили пок, самимий, деган жумлалар бор. Мана шу тавсифлар биргина «ҳавас» деган сўз тасвирида келса ҳам, муболаға бўлмаса керак, фикримча. Айнан юқорида келтирилган сўзларга қарама-қарши равишда, ичи қора, ғайир, диёнатсиз, ғаламис каби сўзлар келтирилиб, улар «ҳасад»га маънодош бўлиши мумкин. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, ҳасадгўйларнинг кўнгли қора бўлади, одамларнинг ғалабасини, муваффақиятини кўролмаслик оқибатида уларнинг юрагида аччиқ алам пайдо бўлади ва ана шу алам сабаб ҳасадчилар омадсиз одамга айланиб қолади. Руҳшунoслaрнинг таъкидлашичa, ҳaсaд — ўз-ўзини ҳимoя қилиш, яхши кўриш, тaбиий xудбинлик билaн қoришиб кeтгaн сaлбий инстинктдир. Худбинлик илмий тилда турлича тавсифланади, аммо Худованд Ўз амрида “Бировнинг мулкига кўз олайтирманг, бошқаларнинг нарсасини истаманг” деб буюрган.
Тиб илмининг бир гуруҳ билимдонлари ҳасад яъни, бировларга нисбатан ғараз мақсад ва ёвуз ниятда бўлган одамларнинг организмида ҳам салбий ўзгаришлар кузатилишини, қонида давоси мушкул хасталиклар пайдо бўлишига замин яратишини уқтиришади.
Шунингдек, ҳасадгўйнинг руҳий ҳолати ишига, юриш-туришига таъсир ўтказиб, омад ундан юз буриши, арзимаган ишида ишкалга ўралиб қолишига ҳам сабаб бўлар экан.
Майли, биз олим ва руҳшуносларни қўяверайлик, оддий ўзимиз гувоҳи бўлган, ҳаётимизда ҳар қадамда юз берадиган, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳасадгўйнинг вужуди ва руҳини мутлақо эгаллаб олган ҳасад туфайли забун ҳолатга тушиб қолишини кўрамиз. Аксарият ҳолларда ҳасадгўйнинг аччиқ қисматидан ибрат олмаймиз. Ҳасадга доялик қиладиган иллатлардан бири — ғийбат, ғийбатчилик яъни, ғайирлик.
Кўча-кўйда, маҳалла-гузарлар, кўп қаватли уйлар олдидаги ўриндиқларни уззукун эгаллаб, ўтган-кетганни, ишга шошган, юмушига ошиққанларни ғийбатини қилиб, кунни кеч қиладиган, кечки пайт ғийбатчиларга нишон бўлган одамлар ишдан чиқиб, бозору дўкон айланиб рўзғор халталарини тўлатиб қайтганларида, «Тавба-ей, булар бунақанги қиммат егуликларни қаердан олишади, а?! Биз биргина дадасининг топганини учма-уч аранг рўзғорга етказамиз. Булар бўлса, кунда гўшт, колбасаю пишлоқ, қаймоғу сарёғларни килолаб олиб келишади. Шунча пулни қаердан топади, демак, бир гапи бор-да», деб иддаоли ғудраниб қўядиганларни кўпчилигимиз деярли ҳар кун кўрамиз. Гапларимиз сизга қўшнингизни ё қариндошингиз ёки… ўзингизни тасвирлаб кўрсатяптими?
Эрталабдан кечгача ишдан ортолмай, чарчаб-ҳориб уйига шошаётганларнинг ғийбатини қилиб, ҳасадга тўлаётганлар ҳам уззукун вақтларини «ўлик биродарларининг гўштини ғажиб», бировларнинг гуноҳини камайтиришга сарфламай фойдали меҳнат билан шуғуллансалар, ундан келадиган даромад билан яхши яшаш имконига эга бўлармидилар. «Қаердан топади?! Қандай топади?! Нега биз шунча қилсак ҳам, ҳеч нимага эришмаймизу булар ўтирган жойида бойиб кетяпти?!» деган хитоблар ҳасаднинг асл моҳиятини ташкил этади. Мулоҳазаларни ўқиб туриб, сизда ҳасад фақат аёлларда бўлади, эркаклар бу иллатдан мустаснодирлар, деган фикр пайдо бўлган бўлиши ёки бизнинг қарашларимиздан шундай маъно чиқариб, эътирозга шошилаётган бўлишингиз мумкин. Бу ҳақидаги мавзуни кейинги суҳбатларимиздан ёки www.najot.com сайтимиздан билиб олишингиз мумкин.