Ассалому алайкум. “Кунни қандай бошласанг, шундай тугаллайсан” деган пурмаъно нақл бор халқимизда. Шу боис, сиҳатимиз ва кайфиятимиз қандай уйғонишимизга бевосита боғлиқ. Айни шу ҳақиқатни билган ота боболаримиз, фарзандларини тиниқиб ухлашга ва имкон қадар эрта туриш кераклигини уқтиришган. Куннинг қайси пайтида ухлаб қачон ухламаслик кераклиги ҳақида ҳам эшитгансиз. Аҳамият берсак, зулмат, қоронғулик ёхуд ҳаттоки булутли кун ҳам кўпчилик кайфиятига салбий таъсир этади. Дарҳақиқат, қоронғу тунда, кескин таъсиротлар остида уйғониш танада мелатонин гормони — ғамбодалик яъни депрессия биофаол моддасининг кўп ишлаб чиқилишига сабаб бўлиши аниқланган. Бундай кайфиятга уйғотувчи мосламалар (будилник, қўл телефони ва ҳ.к.лар)нинг кескин овози ҳамда ёруғлик танқислиги сабаб бўлар экан.
Бундай кайфиятда уйғонган кишиларда уззу-кун тажанглик, одамовилик ёхуд аксинча, серзадалик кузатилади. Натижада, киши ишидаги унумдорлик, оиласидаги тотувлик каби кўплаб жиҳатларга путур етади. Асаблар таранглиги эса ҳасталикни ўзига чорлайди. Аксинча бўлганда, қандай ҳолат рўй беради? Агар киши тўйиниб, уйғотувчи мосламаларнинг оҳиста, аста-секин кўтарилиб борадиган, кескин бўлмаган, ёқимли овози таъсирида уйғонса, теграсида нохуш зулмат эмас, ғира-шира ёруғликни ўзига сингдираётган муҳитни кўриб кўз очса, аксинча, танада бахтиёрлик гормони – серотонин биофаол моддаси ишлаб чиқилиши кескин кучаяр экан. Ундан ташқари ҳар бир кунини яхши ишлар қилиш ва фаол бўлиш учун янги бир имконият деб билиши ва дилида шукроналик билан уйғониши ҳам кун бўйи яхши кайфиятда юришига сабаб бўлади.
Айримларнинг уйғонишлари қийинлиги “ёмонликлар онаси” бўлган заққум бодалар истеъмолига, ухлатувчи дориворлар қабулига ва ўз вақтида уйғонмасликка ёхуд айрим касалликларга боғлиқ бўлиши тиббий жиҳатдан ўз исботини топган. Шу аснода оилани, хонадондаги барчани уйғотувчи бекаларга маслаҳатларимиз: Оила аъзоларининг ўз вақтида барвақтроқ ухлашга ётишларига жиддий эътибор берилиши лозим. “Будилник” овози кескин, ёқимсиз эмас, аста-секин кўтарилиб борадиган, ғашга тегмайдиган бўлиши лозим. Имкон қадар фарзандингиз ёки оила аъзоларингиз ёстиғи олдида, тагида телефон билан ухламасин. Бу ўсиб келаётган мияга жуда зиён келтиради. Иложи борича уни узоқроққа ёки телефон будилниги ўрнига соатли будилник қўйиб қўйинг. Шунингдек, ётоқ каровоти ёнида будилник билан “ҳамнафас” стол лампаси ёқилиши, ёруғлик эса, аста-секин ошадиган, юзга тўғри тушмайдиган бўлиши шарт. Ётоқхона ойналари ва пардалари қия бўлса-да (қўшнилар назари тушмайдиган ҳолда) очилгани маъқул.
Агар ота-боболаримизнинг “юзга сув сепиб, уйғотиш” услубини қўллайман десангиз, ўта ҳушёр бўлинг. Бу услуб ақл билан, илиққина сув ёрдамида, ҳазил-мутойибага йўғрилган ҳолда амалга оширилсагина бўлади. Аксинча бўлса уйғонган кишининг эрталабданоқ тажанг бўлишига ва кунини шу тахлитда чарчаган ва асабийлашган ҳолда тугашига сабаб бўласиз. Охирги услуб, “эркатой – кенжатой”ингизни отасига “уйғотувчи элчи” сифатида юборинг. Бу энг самарадор услубдир. Ишонамизки ҳар бир беканинг оила аъзоларини уйғотиш усули бор. Баъзи зукко бекалар эрталабдан фарзандларига ёқадиган нонуштанинг хушбўй ҳидини уйқучиларга етказиш билан уйғотади. Шунда ҳам уйғонишмаса: “Ким кеч қолса мазали нонуштадан қуруқ қолади”, деб уларга ҳазиллашиб ҳам қўяди. Хуллас, оила аъзоларингизнинг феъл атворига қараб, уйғотиш усулини танланг.