2:42

Тўғри сўзлик

MP3

Ассалому алайкум. Психологлар бола қачон ва қандай пайтда ёлғон сўзлашини ва болакай ёлғон гапираётганини тезда билиб олишади. Шунингдек, бир неча йиллардан буён ўқитувчилик қилаётган аёллар ёки болалар билан ишлайдиганлар боланинг ёлғон гапираётганини тезда билиб олади. Бу нарса кўпларни ташвишга солади. Болаларда тўғри сўзликни тарбиялаш оиладан бошланади. Бу ишни бажариш кўпроқ онанинг зиммасига тушади. Қай ҳолларда болалар ёлғон гапиради-ю, улардаги бу иллатни олиб ташлаш учун яъни болаларда тўғри сўзликни ривожлантириш учун нималар қилмоқ лозимлиги ҳақида суҳбатимиз давомида билиб оласиз. Одатда болалар ишончга ишонч билан жавоб беришади. Агар улар баъзи ҳолларда ёлғон гапиришса, улар буни англамасликлари мумкин.

Болага ишонинг. Болага ишонишингизни у билсин ва ҳис қилсин. Масалан, агар фарзандингиз урушқоқ бўлаётганини сезсангиз ва кўчага чиқишдан олдин унга ҳар сафар «Бугун ҳам шутлашиб кўр-чи!», «Бугун ҳам устингдан шикоят қилиб келишса борми!», деб такрорлайверсангиз, бу унда ҳатти-ҳаракат стереотипини шакллантиради. Сиз уни гўёки шу жанжалларга ўзингиз билмаган ҳолда ундаган бўласиз. Бундай вазиятларда яхшиси «Ўзингни тинчроқ ва вазминроқ тутгин», деган маъқул. Муҳими бола ҳам сизга ишонсин. Берган сўзингизнинг устидан чиқинг. Бироқ агар ваъдани бажаришнинг уддасидан чиқа олмасангиз, унда бунинг сабабини тушунтириб, фарзандингиздан кечирим сўранг. Дунёдаги барча нарсанинг асосида ҳақиқат ётишини тушунтиринг. Бу болалар тилида «ҳақиқат — фойдали» демакдир.

Одамлар бир-бирларига ишонсаларгина келишиб яшашади. Биргаликда барча бир-бирини алдайдиган жамиятни тасаввур қилинг. Алдов ва ёлғончи одамлар билан боғлиқ вазиятларни гапириб беринг. Масалан, қалбаки пул ясовчилар, қаллоблар ва ҳоказо. Алдоқчи одамлар аксарият ҳолларда ютқазишларини, кейинчалик улар ишончни йўқотишларини, уларни ҳеч ким ҳрумат қилмаслигини тушунтириб беринг. Иложи борича алдайдиган вазиятни вужудга келтирманг. Икки хил маънода тушуниладиган, яъни ҳақиқатдан кўра ёлғон гапириш осон бўлган саволларни берманг. Агар болангиз пиёлани синдирган бўлса ва буни билсангиз «Пиёлани сен синдирдингми?» — деб сўраманг. Яхшиси «Пиёлани сен сидирганингни биламан, қандай қилиб синдириб қўйдинг», — деб сўранг. Бундай аниқлик бола ёлғон гапиришининг олдини олади.

Бунинг устига агар болага хайрихоҳ кайфиятда бўлсангиз, у ёлғон гапириб нима қилади. Уйда болани қаттиққўллик билан жазолаш ота-оналар томонидан қўйиладиган ҳаддан ташқари талаблар ва кучли босим боланинг характерини, унинг ёшга доир ўзига ҳос хусусиятларини ва кризис ҳолатларини тушунмасликдан далолат беради. Бу болада жазоланишдан қўрқиб ёлғон гапиришга олиб келиши мумкин. Баъзида бола онаси ундан талаб қилаётган ишни бажаришга ожизлик қилишини ҳис қилган ҳолда ҳам ёлғон гапиради. Болангиз тўғрисўз бўлишини истасангиз, унинг ҳар бир тўғри сўзини мукофотлаб боринг. Агар фарзандингиз ҳаммасини тан олса, унга қанчалик қувонганингизни намойиш этинг. «Сен тўғри сўз эканингдан хурсандман». Бироқ энди унга қаттиқ жазо берманг. Аммо қилган ишини жазосиз ҳам қолдирманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top