Рақс қоматни кўркамлаштиради, озиш учун эса фитнес ёки аэробика билан шуғулланиш керак. Бу каби маслаҳатларни аксарият аёлларимиз дугонасидан кўп бора эшитган бўлса, ажаб эмас. Тўғри, кўпчилик рақс, йога, аэробика, даволовчи гимнастика ва шу каби муолажаларга қоматини сақлаш ёки шунчаки қизиқиш туфайли қатнашишади. Аммо булар ҳам жиддий муолажа тури бўлиб, баъзан мураббийнинг махсус билимга эга бўлмаганлиги туфайли уларнинг фойдаси сезилмаслиги ёки энг ачинарлиси, акс таъсир этиши мумкин. Реабилитолог-шифокорларнинг фикрича, барча жисмоний машқлар мутахассис-мураббий ёрдамида бажарилиши лозим. Гап махсус даволовчи машғулотлар ҳақида эмас, балки ҳозирда урфга айланган фитнес, пилатес, рақс тўгараклари ҳақида бормоқда.
Сиз шунчаки, қўшнингиздан эшитиб ёки дугонангиз тавсияси билан рақсга ёки фитнесга боришингиз яхши эмас. Авваламбор, саломатликни тиклаш учун гимнастиканинг у ёки бу турини танлашдан аввал шифокор кўригидан ўтишингиз лозимлигини унутманг. Албатта, қон ва пешоб таҳлили муҳим ўринни эгаллайди. Масалан, камқонлик билан турли ҳаракатлар ва машқларни бажаришга тананинг кучи етмайди. Унда пешоб тахлили нимага керак, дерсиз? Пешобни текширишдан маъно шуки, у орқали буйракнинг фаолияти ва имкониятлари ўрганилади. Одатда, спорт зал ёки рақс студиясида малакали мутахассислар тиббий маълумотга эга бўлишади. Негаки даволовчи гимнастика ва массаж тиббий муолажа бўлиб, уни фақатгина тиббиёт ходими олиб бориши лозим. Мураббий машқларни белгилашда беморнинг касаллиги ҳамда жисмоний иш қобилиятини инобатга олиши керак.
Биринчи бор соғломлаштириш марказига келганингизда, сиздан саломатлигингиз ҳақида суриштиришлари лозимлигини унутманг. Сиз мақсадингиз хоҳ рақсни ўрганиш, хоҳ озиш ёки умурт-қангизни тузатиш бўлсин, авваламбор, мутахассис жисмоний аҳволингиз билан қизиқиши керак. Сиздаги муаммодан келиб чиқиб, мутахассис машқлар босими ва вақтини белгилаб беради. Яна шунга аҳамият берингки, машғулотлар бошланишидан олдин мураббий сизнинг юрак уришингизни текшириб кўриши керак. Агар бундай текширишлар ва сўровлар бўлмаса, демак, сиз мурожаат этган марказ талабларга жавоб бермайди. Нима қилиш керак? Агар болани жисмоний машғулотларга олиб бормоқчи бўлсангиз: 1. Авваламбор, болага бу машғулотлар нима учун кераклигини аниқлаб олинг: қизиқиши ёки профессионал ўсиш учун. Шундан келиб чиқиб, машғулот тури ва қанча вақт шуғулланиши мумкинлигини аниқлаб олинг.
2. Машғулот тури нафақат сизга, балки боланинг ўзи учун ҳам қизиқарли бўлиши керак. 3. Болада жиддий касалликлар бўлмаса, уни 6-7 ёшидан спорт тўгаракларига беришингиз мумкин. Лекин спортнинг оғир турлари билан жиддий шуғулланишга ҳали эрта. Масалан, 10 ёшдан кураш билан шуғулланиши, 16 ёшдан эса штангалар кўтариши мумкин. 4. Машғулотларни бошлашдан олдин мураббий ота-оналардан боланинг соғломлиги ҳақида маълумотнома ёки даволаш гимнастикасига берилган шифокор тавсиясини сўрайди. Агар жисмоний машғулотлар билан ўзингиз шуғулланмоқчи бўлсангиз: 1. Машғулот пайтида аҳволингиздаги ўзгаришларга аҳамият беринг. Ҳар қандай ўзгаришларни мураббийга маълум қилинг. 2. Агар сизни юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, қон босимининг ошиши безовта қиладиган бўлса, фитнес билан шуғулланиш сизга мумкин эмас. Сизга йога машқлари кўпроқ мос келади.