3:26

Бола иммун тизими

MP3

Ассалому алайкум. Кўпчилигимиз ўзаро мулоқотда «иммунитет» деган сўзни кўп ишлатамиз. Аммо унинг замирида қандай маъно ётганини ҳамма ҳам англайвермайди. «Иммунитет» лотинчадан ўзбек тилига кириб келган сўз бўлиб, бирор хавфдан озод бўлиш, ҳимояланиш деган маънони англатади. Оилада фарзанд дунёга келган илк дамларданоқ уни ўстириш тадбирлари кўрилар экан, бу жараён унинг иммун тизимини шакллантириш билан боғлиқ ҳолда кечишини шифокорлар яхши билишади. Она қорнидан ташқи муҳитга чиққан гўдак меҳр ва ҳимояга муҳтож бўлиши билан бир вақтда унинг яшаш учун кураш даври ҳам бошланади. Ниҳоятда нозик бўлган бола вужудини ташқи таъсирга мослаштиришнинг илк даврида нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз? Ҳар бир мамлакатда аҳолининг яшаш тарзи, менталитети, урф-одатлари ўзига хос маромда кечади.

Ҳаттоки замонавий тиббиёт ҳудудий жиҳатдан одамларнинг касалланишида ҳам фарқ борлигини эътироф этмоқда. Демак, шунга яраша ҳар бир географик ҳудудда одамларнинг иммун тизими ҳам шаклланганки, буни изчил равишда иммунология фани тадқиқ этади ва ўрганади. Иммун тизими одам организмидаги юрак қон-томир, ўпка, ошқозон-ичак ва бошқа аъзолар фаолияти билан боғлиқ бўлиб, асосий вазифаси одам ёки ҳайвон танасига тушган микроб, ҳужайра, оқсил ва бошқа зарарли моддаларга қарши курашиш, организм мувозанатини сақлаб қолишдан иборатдир. Иммунология фанида ой-куни етилиб туғилган чақалоқ ҳаётининг илк кунларидан бошлаб унда кузатиладиган ҳолатлар умумлаштирилиб, бу унинг иммун тизимида қандай роль ўйнаши тадқиқ этилган. Бу асосан, бешта даврга бўлинади. Биринчиси, бола 29 кунликкача бўлган муддатдир. Бола бу кунлар ичида она сути орқали ўзига зарур бўлган антителаларни қабул қилса-да, салгина таъсир туфайли касалликка чалинади.

Иккинчиси, боланинг 4-6 ойлик даврига тўғри келади. Бу пайтда гўдак она сути орқали олган антителаларни йўқотиб, унинг ўз антителалари ҳам синтез қилинади. Илмий тилда бу жараён иммуноглобулин дейилади. Ўткир юқумли касалликлар болага айнан шу даврда кўпроқ «ҳужум» қилади. Кейингиси 2 ёшгача бўлган даврда кузатилади. Бунда ҳам кўпинча юқумли касалликларга чалиниш ҳолати кузатилиб, маҳаллий иммунитет ҳали тўлиқ етилмаган бўлади. Иммуноглобулин А секреторлик функцияси пастлиги учун бола бу даврда ўткир юқумли касалликларга кўп чалинади.  Тўртинчи давр 6-7 ёшга тўғри келиб, бу пайтда болада лимфицитларнинг нисбий ва мутлақ миқдори камайиб кетиши билан тавсифланади. Иммуноглобулин М ва G болалар қонида худди катталарникидай бўлади ёки ўша нарсага яқинлашади, лекин иммуноглобулин А паст, иммуноглобулин Е эса баланд бўлади.

Бу пайтда бола организмида турли гижжа касалликлари пайдо бўлиб, уни безовта қилади. Айни пайтда аллергик реакцияларга мойиллик кузатилади. Бешинчи – охирги давр ўсмирлик ёши билан боғлиқ бўлиб, қизларда 12-13, ўғил болаларда 14-15 ёшга тўғри келади. Ўсмир ёшида кечадиган турли физиологик ўзгаришлар болани ўткир юқумли касалликларга чалинувчан қилиб қўяди, агар унда чақалоқлик давридан иммун тизими мустаҳкам ривожланган бўлса, у касаллик билан курашиш қобилиятини намоён қилади. Кўриниб турибдики, иммун тизимини шакллантириш билан боғлиқ барча даврларда бола организмида кечадиган ва кузатиладиган ўзгаришлар бўлиб, кўп йиллик тажрибаларимиз ҳам шуни тасдиқлайди. Бизни тинглашда давом этинг ва албатта www.dilkashradio.com сайтимизга ҳам ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top