3:10

Уйга чақириш

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Биз уйимизга меҳмон чақиришни яхши кўрамиз. Меҳмон кутиш ва уларни мамнун ҳолда кўриш бизни ҳам хурсанд қилади. Бугун меҳмон чақириш ҳақида эмас, уйимизнинг энг табаррук меҳмони ҳақида гаплашмоқчимиз. Келинг унинг кимлиги ва оиламиздаги вазифаси бизга бўлган муносабати ҳақида билишдан олдин Муқаддас Каломдан ўқиб кўрамиз: «Исо ибодатхонадан чиқиб Симоннинг уйига кирди. Симоннинг қайнонаси иситмада қийналиб ётган эди. Исога касални кўриб қўйишни илтимос қилишди. Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмани койиб қўйди. Иситма эса ўша заҳоти аёлни тарк этди. У турибоқ, уларга хизмат қилишга тутинди » (Лука 4:38-39).

Биз имонлилар Худо ҳақида ўйлар эканмиз, Уни кўпроқ жамоат билан боғлаган ҳолда тасаввур қиламиз. Аммо Худо фақат у ерда эмас, оиламизда ҳам яшайди. Худди шогирди Симоннинг уйига келганидай, бизнинг уйимизга ҳам келади. Фақат уйимизда эмас, Унга ишонганларнинг юрагида яшайди. Баъзан Исони уйимизга чақириб безовта қилгимиз келмайди. Ҳамма муаммоларни ўзимиз ҳал қилишга тиришамиз. То ўзимиз эплай олмай, қийналгандан сўнггина Унга мурожаат қиламиз.

Аёл киши сифатида оилада бир киши шамолласа у бошқаларга ҳам юқишини яхши биласиз. Бир киши қийиналса, бу нарса бошқаларга ҳам таъсир қилади. Юқоридаги парчада айтилганидай, Симон Петрнинг қайнонаси иситмадан қийналиб ётарди. Унинг ўзи Исо Масиҳни ёрдамга чақирмаганига қараганда, аҳволи ёмон бўлган. Шунинг учун ҳам бошқалар унинг учун Исони ёрдамга чақиришди. Бугунги кунда бизнинг оилаларимиз ҳам турли хил қийинчиликлар, кечирим бермаслик, имонсизлик ва дунёвий муаммолар иситмасида ёнаяпти. Одатда бу ҳолни ўткинчи деб ҳисоблаб, Раббимизни чақиришни лозим кўрмаймиз. Бир кун келиб бу ўткинчи деб ҳисоблаган ҳолатимиз еб ютадиган оташга айланишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Агар бугун оилангизда бирор бир муаммони кўрсангиз, масалан ўғлингиз ёки қизингизнинг ҳаддан ташқари кекчи экани ёки бирор бир нарсага ҳаддан ташқари берилиб кетаётганини кўрсангиз, ҳозироқ Исога мурожаат қилинг. Уни оилангизга чақиринг.

Исо Масиҳ биз учун қайғуради. Сиз-у бизнинг энг кичик деб ҳисоблаган муаммомиз ҳам Унинг учун фарқсиз эмас. У бизнинг муаммоларимизни катта-кичиклигига қарамай ҳал қилади. Бир кун турмуш ўртоғингиз ёки фарзандингизнинг имонсизлигини кўрсангиз, чин дилдан Исо Масиҳни оилангизга чақиринг. Уларга ёрдам беришини сўранг. Бунга қанча вақт кетса ҳам шу ишни қилинг. Бир кун келиб улар имонсизликларидан шифо топсалар, худди Симоннинг қайнонаси каби Унинг хизматига тушади.

Кўпчилик аёллар турмуш қургачгина унинг осон эмаслигини тушуниб етишади. Бу чиндан ҳам шундай. Турмуш қургач, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимиз учун уларнинг руҳий ўсиши, муаммолари учун масъул бўламиз. Турмуш ўртоғини руҳий қўллаб қувватлаш, фарзандларини Худо йўлида тарбиялаш ва уларнинг ҳар бир муаммоларидан огоҳ бўлиш аёлнинг Худо учун қиладиган энг биринчи ва масъулиятли хизмати ҳисобланади. Азиз тингловчи сизни аёлнинг оилада, жамиятда ва Худо йўлидаги ўрни ҳақида билмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top