Ассалому алайкум. Дунёда турли хил касалликлар мавжуд. Яна айрим ҳасталиклар ҳам борки, унга йўлиққан инсон бир зум довдираб қолиб, нима қилишга, қандай қилиб даволанишга боши қотиб қолади. Улар шундай пайтда шифокорга эмас, балки ўзига яқин дўстига мурожаат этади. Дўстининг «доно» маслаҳатига амал қилади. Касалликни эса ўтказиб юбориб, кейин пушаймон чекади. Ҳеч ким бундай касалликларга чалинмасин. Ҳозирга қадар вирусли тери касалликларига оддий ва ўраб олувчи учуқ, жинсий аъзолар герпеси, сўгал, жинсий аъзолар ўткир учли кандиломаси ва бошқалар киради. Герпес (юнонча херпес – учуқ) одамнинг энг кенг тарқалган юқумли инфекцияларидан бири ҳисобланади. Учуқ вируслар қўзғатадиган тери касаллиги бўлиб, баданнинг турли қисмида ғуж-ғуж майда пуфакчалар ҳосил бўлиши билан кечади.
Ҳозир ўзининг биологик, физик-кимёвий ва морфологик хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қиладиган 70 дан ортиқ вируслар тури аниқланган. Улар табиатда кенг тарқалган бўлиб, одам, ҳайвон, ўсимлик ва ҳашаротларда учрайди. Вируслар кўпгина юқумли касалликларни қўзғатиши исботланган. Касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи ҳисобланиб, соғлом кишига турли хил йўллар билан юқади: бевосита алоқа орқали, масалан, учуқ тошган одам бировни ўпганда, бемор сочиғидан, идиш-товоғидан фойдаланганда ва яна жинсий йўл билан ўтади. Совқотиш, шамоллаш, организм қаршилик кучининг яъни иммунитетнинг сусайиши, гипивитаминоз, турли инфекцион касалликлар оқибатида ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Оддий ва ўраб олувчи учуқ, жинсий аъзолар герпеси, асаб тизимининг учуқли шикастланиши фарқ қилинади. Олимларнинг таъкидлашича, оддий учуқ вируси бола организмига кўпинча чақалоқлик даврида тушади. Лекин касаллик аломатлари онадан ўтган иммунитет ҳисобига юзага чиқмай, кейинчалик иммунитет кучи сусайиб, қулай шароит туғилса, вируслар хуружга келиб, касаллик рўй бериши мумкин. Одам организмига тушган учуқ вируси умр бўйи сақланиб қолиши ва герпесни даволаш ўта қийин кечиши исботланган. Тиббиётда буни хроник вирус ташувчилик, дебаташади.
Оддий учуқлар лабга, бурун учлари, лунж, пешона, қулоқ, думба, сон оралари, билак, панжаларда, оғиз бўшлиғи, кўз ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватига тошиши кузатилади. У тошган соҳада ичида тиниқ суюқлиги бор майда ғуж-ғуж пуфакчалар пайдо бўлиб, улар тезда ёрилиб, сарғимтир юпқа қора қўтир билан қопланади.
У тошганда қичишиш, ачишиш аломатлари кузатилиб, баъзан лоҳаслик, эт увишиши, меъда-ичак фаолиятининг бузилиши рўй бериши таъкидланади. Оғир ҳолларда иситмалаш, асаб тизими ва ички аъзоларда қатор ўзгаришлар юзага келиши кузатилган. Учуқ пуфакчаси одатда 7-10 кунда битиб, ўрнида қизғимтир ёки жигар ранг доғ қолдиради. У тушиб кетган жойда яна янги пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин. Учуқ одатда бадан совуб кетгандан кейин, баъзида узоқ вақт офтобда тургандан сўнг тошиб, кўпинча овқатланиш тартибига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлиб, ўткир юқумли касалликларга олиб келиши мумкин. Учуқли касаллик ҳамма вақт ҳам безарар, деб хотиржам бўлмаслик керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вирусли инфекциялардан ўтиш бўйича учуқ гриппдан кейин иккинчи ўринда турар экан. Бизни тинглашда давом этинг. Янада кўпроқ маълумотларга эга бшлишни истасангиз, бизнинг www.dilkashradio.com сайтимизга албатта ташриф буюринг ва у ердан ўзингизга керакли маълумотларни топишингизга ишонамиз.