3:10

Соғлом ёз

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар оиланинг қўриқчиси, ҳамшираси бўлишимиз керак. Фарзандларнинг соғлом бўлиши кўп жиҳатдан оналарга боғлиқ. Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша касалликлари бўлади. Ëз ойларида эса ювилмаган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, гигиена қоидаларига риоя қилмаслик одамда ошқозон-ичак муаммоларини келтириб чиқаради. Агар ҳар бир аёлнинг уйида микроскоп бўлганида эда, меваларнинг пўчоғини микроскоп остида томоша қилиб, уларда юқумли касалликларни юзага чиқарувчи кўплаб микробларни кўриш мумкин бўлган бўларди.

Худди шундай тасвирни болангизнинг қўли ва тирноқлари остида ҳам томоша қилишингиз аниқ. Ҳатто столдан пастга тушиб кетган ёки яхши ювилмаган қошиқ ҳам дастурхонингизга зарарли микробларни олиб келиши мумкин. Шунинг учун уйдаги барча анжомларни тоза тутиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш даркор. Фарзандингизда кўчадан киргандан кейин ва дастурхонга ўтиришдан олдин қўлларини совунлаб ювиш кўникмаси ҳосил бўлиши керак. Бундан ташқари ювилмаган қўллар қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида болангизга тушунтиринг. Албатта кўп оналар болаларини қўл ювишга ўргата олмаётганидан шикоят қилишади. Бундай пайтда сиз бошқа бир йўлни қўллаб кўришингиз мумкин. Мумкин бўлса, бирор жойдан яхши микроскоп топинг. Бунинг иложи бўлмаса, қоғоз қалам олиб, расмлар билан тушунтириб беринг. Кўчадан қум ўйнаб кирган болакайнинг қўлларини чизиб, қўллари устига микробларни кичик, даҳшатли махлуқчалар сифатида чизинг. Қўлини совунлаб ювгандан сўнг эса, махлуқчаларнинг сув билан бирга тушиб кетаётганини чизиб кўрсатинг. Бу ҳаракат самара бериши мумкин. Қандай расм чизиш ўзингизга ҳавола.

Бозорга борганингизда сотувчининг қўлидан ўзингиз ҳам, болангизга ҳам мевани ювмасдан еб кўришга рухсат берманг. Унутманг, сотувчи қўллари билан нафақат ювилмаган меваларни, балки том маънодаги ифлос ҳисобланган пулларни ҳам ушлайди. Уларда эса зарарли микробларнинг кўп миқдорда бўлиши ҳаммага маълум. Сотиб олинган меваларни уйга олиб келганингизда дарҳол сувни оқизиб, яхшилаб ювинг. Ëз фаслида тоққа дам олишга чиққанингизда маҳаллий сотувчилардан сут, қатиқ ёки қаймоқ каби маҳсулотларни сотиб олишга шошилманг. Улар қандай шароитда тайёрланганини умуман, санитар-гигиена қоидаларига риоя этган-этмаганлигини билмайсиз-ку. Йўлга чиқишдан олдин яхшиси, ўзингиз сут сотиб олиб, яхшилаб пишириб, қатиқ ивитинг. Ëки бўлмаса дўкондан муддати ўтиб кетмаган сут маҳсулотларини сотиб олинг. Фарзандингиз билан ўзингиз юқумли касалликлар шифоҳонасига тушиб қолишни истамасангиз, саёҳат даврида албатта шаҳсий гигиена қоидаларига риоя қилинг.

Мевалар, сабзавотлар ва полиз маҳсулотларини аввал совуқ сувда кейин эса қайнатилган сувда чайиш лозим. Тухум сотиб олганингизда эса, уни совунлаб ювишингиз ва камида ўн дақиқа қайнатишингиз керак. Шунда пўстлоғидаги учраши мумкин бўлган баъзи зарарли микроблар нобуд бўлади. Агар боланинг сўрғичи ерга тушиб кетса уни албатта, қайноқ сувда ёки ҳеч бўлмаса совунлаб ювиш кераклигини шифокорлар уқтиришдан чарчамайдилар. Бироқ баъзи оналар, унинг чангини артиб, оғзига солиб, тозалаб, кейин боласига беришга одатланган. Ëдингизда бўлсин, катта одамнинг оғзида ҳам етарлича микроблар бор. Хуллас, болангизнинг соғлиғи сизнинг қўлингизда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top