Ассалому алайкум. Ҳаммамиз ҳам ишлаган жойимизда томир отиб, ўсишни истаймиз. Бироқ ишхона бу рақиблар майдонига ўхшайди. Ҳамма бир-биридан яхшироқ эканини кўз-кўз қилишни ҳоҳлайди. Агар хўжайинингиз расво одам бўлмаса, унинг ҳайрихоҳлигига эришишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Ёқимли одам бўлинг. Биз сизнинг жуда яхши одамлигингизга, ҳамма ҳамкасбларингиз сизни яхши кўришига шубҳа қилмаймиз. Бироқ атрофингиздагилар, жумладан, хўжайинингиз учун янада ёқимли бўлишингизнинг қатор усуллари бор. Ҳунук сўзлардан, қўпол ҳаракатлардан ва бошқа хатолардан халос бўлинг. Лаганбардорга айланишга ҳожат йўқ. Уларни ҳеч ким ёқтирмайди. Шунчаки салбийдан кўра кўпроқ ижобий ишоралар беринг. Сизнинг ўрнингизни ҳеч ким босолмасин. Бундай гапни кўп эшитгандирсиз: агар сизсиз иш тўхтаб қолса, демак, сиз бошқалардан кўра мансаб пиллапоясидан кўтарилиш, мукофот ва бошқа катта ютуқларга яқинроқдасиз.
Ўйлаб кўринг: сиз ўрнини ҳеч ким босолмайдиган ходиммисиз? Агар ундай бўлмасангиз, шу томонга ҳаракат қилишнинг айни пайти. Энг муҳим лойиҳалар устида ишланг, сизни бошқалардан ажратиб турадиган ишларни ўрганинг. Қўшимча малака ҳеч кимга зарар қилмайди. Хўжайин учун муҳим нарса сиз учун ҳам муҳим. Раҳбарингиз учун муҳим ҳамма нарсани ўзингиз учун ҳам муҳим, деб билинг. У билан иш ҳақида суҳбатлашинг, фикрини билинг, иш билан боғлиқ қизиқишларингиз мослигини билдиринг. Улар бир хил бўлиши керак эмас, бироқ раҳбарият учун муҳим ишларни ва уларни қандай амалга оширишни билишингизга ишонч ҳосил қилинг. Уни хабардор қилиб туринг. Раҳбарингизга гоҳ-гоҳида кўриниб, бўлаётган ишлардан бохабар қилиб турмаслигингиз ёқмаслиги турган гап. Балки, унга қилинган ишлар ҳақида мунтазам равишда ҳисобот ҳам тақдим этиш керакдир. Бу қанчалик самарадорлигингизни кўрсатиш учун ҳам муҳим.
Муаммони раҳбар ҳал қилмасидан аввал ҳал қилинг. Ҳеч ким мукаммал эмас, раҳбариятингиз ҳам буни тушунса керак. Аммо муаммони хўжайинингиз ҳал қилмагунча ҳал қилолсангиз, унинг кўзига анча яхшироқ кўринасиз. Бунга эришишнинг энг яхши йўли — иш журнали тутиб, ҳамма ишларингизни ёзиб бориш. Шундан сўнг ўзингизни раҳбарият назари билан баҳоланг. Салгина омад бўлса, муаммони юқоридагилардан аввалроқ кўриб, ҳал қилишингиз мумкин. Хатоларингиз учун узр сўрашга тайёр туринг. Ҳамма адашади, сиз ҳам истисно эмассиз. Агар шундай бўлган бўлса, узр сўрашга тайёр туринг. “Мен ноҳақ эдим.” “Айбдорман.” Буларнинг бари нотўғри узр сўрашга мисолдир. Бундай вазиятда сиз ўзингизни биринчи ўринга қўясиз. Эътиборни хатоингиз туфайли зарар кўрган суҳбатдошга қаратиш тўғрироқ бўлади. Ўзингизга “Ким билан гаплашяпман, у мендан нимани эшитмоқчи?” деб савол беринг.
Шу саволга жавоб бериб, узрни қандай сўраш кераклигини тушунасиз. Ҳурмат қозонинг. Агар сиз ўзингизни ҳурмат қилиб, ранжитишларига йўл қўймасангиз, раҳбарият ҳам худди шундай қилади. Ўзингизни банд кўрсатиш санъатини эгалланг. Баъзан олдинда бўлиш учун озгина айёрлик ишлатишга ҳам тўғри келади. Шу боис ўзингизни банд қилиб кўрсатишни билишингиз керак. Тўғри муносабатда бўлинг. Агар хўжайинингиз расво одам бўлмаса, тўғри гапдан хурсанд бўлади. Аммо сиздан камчиликларни сўраганда, ҳамма шикоятларингизни тўкиб солишга уринманг. Хўжайинга айнан нима кераклигини аниқланг. Ишни 100% бажаринг. Хўжайинингизни ёмон кўрсангиз ҳам. Энг асосийси, шахсий ҳаётингизга суқилишига йўл қўйманг! Ишни уйга олиб келманг, атрофдаги одамлардан ишдаги аламингизни олманг. Яхшиси, вазиятни қандай яхшилаш мумкинлигини ўйланг.