3:21

Ҳомила тушириш ҳақида

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Фарзанд, Худованд тақдиб этадиган энг катта барака ва марҳаматдир. Аммо афсуски, баъзиларимиз абортнинг гуноҳ эканини англаган ҳолда қўрқмай шу ишга қўл урамиз. Мозийга назар ташласак, ҳомилани сунъий олдириш, яъни аборт қотилликка менгзалган ва шу боис Гиппократ қасамёдидаги “…Мен ҳеч қандай аёлга ҳомила туширувчи ва унга салбий таъсир этувчи иш қилмайман”, — деган сатрлар бугунги кунгача етиб келган. Исломда ҳам, насронийликда ҳам, буддизмда ҳам аборт кескин қораланади. Тарихга назар ташлагудек бўлсак, 1524 йилда Англияда, 1533 йилда Олмонияда, 1562 йилда Фарангистонда ва XVII асрнинг иккинчи ярмида Ўрусияда ҳомилани сунъий туширган аёллар шафқатсиз ўлимга ҳукм қилинарди. Аборт пайдо бўлиш тарзига қараб икки турга бўлинади. Ўз ҳолича вужудга келадиган ва сунъий амалга ошириладиган аборт.

Қуйида ўта хатарли бўлган ва тушунмовчиликлар боис кенг тарқалаётган сунъий аборт ҳақида фикр юритиш ниятидамиз. Аборт вужуднинг биологик шикастланиши ҳисобланиб, одатда аёл организмининг нейроэндокрин бошқарув тизими ҳамда бош миядаги гипоталамо-гипофиз ва бошқа ички секреция безлари фаолиятининг бузилишига олиб келиши билан хатарлидир. Айниқса, ҳали тўлиқ расида бўлиб улгурмаган қизларнинг жинсий ҳаётни барвақт бошлашлари ва ҳомиладор бўлиб қолиб, уни сунъий олдиришлари кейинчалик катта нохушликларни вужудга келтиради. Замонавий табобат болани сунъий олдириш оғир асоратларга олиб келишини кўзда тутган ҳолда, уни қуйидаги тиббий кўрсатмалар асосида, ҳар жиҳатдан мукаммал текширишлар ўтказилгандан сўнггина амалга оширади.

Масалан, туғиш ҳомиладор аёл соғлиғига ўта ёмон таъсир кўрсатса, аёлнинг бошқа бирор касаллиги туфайли оғир асоратлар юз бериш хавфи бўлса, ота-оналарнинг руҳий ва ирсий касалликлари болада акс этиши аниқланган ҳолда, туғма нуқсонли ҳомила мавжудлиги шифокор томонидан аниқланган ҳолатларда ҳомиладорлик тўхтатилади. Аммо кейинги пайтларда бу усулдан ўта енгилтак тарзда, майда сабабларга кўра, туғишни хоҳламаган аёллар томонидан амалга оширилиши оммавий тус олди. Ҳомилани сунъий олдириш организмга ўта салбий таъсир кўрсатиб, оғир асоратларга сабаб бўлишини тушунтириш ўрнига айрим “тирикчилик қули” бўлиб қолган кимсалар бу услубнинг қулайлигини ташвиқ этаётирлар ва таъма билан ҳаром луқма комига илинаётирлар. Биринчи ҳомилани сунъий олдириш кўпинча бефарзандликка сабаб бўлади. Айрим аёллар, ўта малакали шифокорга аборт қилдирсам, асорат қолмайди, дея хато ўйлашади.

Унутмаслик лозимки, ҳар қандай тажрибали шифокор бу ишни амалга оширганда ҳам операция тусмолланиб, кўз билан кўрмасдан амалга оширилиши боис кутилмаган асоратлар юзага келади. Аборт жараёнида бачадоннинг тешилиши, ҳомиладан қолдиқ қолиши ва қон кетиши ҳаёт учун ҳам хатарлидир. Шифохонадан ташқарида қилинган аборт ҳалокатга олиб борган вазиятлар ҳам бот-бот  учраб туради. Оилани режалаштиришни нотўғри тушуниш оқибатида ҳомилани олдириш, яъни аборт қилдириш учраб турибди. Ахир оилани режалаштириш учун албатта абортдан фойдаланиш шарт эмас-ку?! Бу амални шифохонадан ташқарида, мутахассис бўлмаган кишилар амалга оширгудек бўлса, гоҳо ҳомиланинг парчалари ичкарида ёпишиб қолиб кетади. Бу эса бачадон мускуллари қисқармаслиги натижасида қон кетишига ва бўлғуси онанинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top